Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:13

Ўзбек қизи “Дунё гўзали” танловида қатнашаётганидан Тошкент бехабар


Uzbekistan -- Rahima Ganieva, undated
Uzbekistan -- Rahima Ganieva, undated

Индонезиянинг Бали оролида 8 сентябр куни бошланиб, 28 сентябр куни финал тантанаси ўтказиладиган “Дунё гўзали” конкурсида илк бора Ўзбекистон вакиласи иштирок этмоқда. Дунëнинг 135 мамлакати иштирок этадиган халқаро гўзаллик мусобақасида “Miss World” тожини қўлга киритиш учун курашаëтган Тошкент туризм коллежини тамомлаган 18 яшар Раҳима Ғаниеванинг “Дунё гўзали” конкурсида қатнашганидан расмий Тошкент хабарсиз.


“Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси расмий сайтида билдирилишича¸Раҳима Ғаниева жорий йилнинг 20 июлида Ўзбекистон босқичида ғолиб бўлиб “Дунё гўзали” конкурсида Ўзбекистонни тамсил қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Дунёнинг энг гўзал қизи мақомига даъвогар ўзбекистонлик Раҳима Ғаниеванинг қандай танлаб олингани ҳақида Озодлик суҳбатлашган маҳаллий расмийлар бирор маълумотга эга эмасликларини билдирдилар.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мулозимларининг Озодликка айтишича¸ мамлакатда расман гўзаллик конкурслари ўтказилмайди. Айни пайтда, улар хусусий ширкатларнинг кўздан панада бундай конкурсни ўткзаганлиги эҳтимолини ҳам назардан соқит қилишмади.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси мулозимлари ҳам Раҳима Ғаниева деган қизнинг “Дунё гўзали” конкурсида қатнашганидан хабарсиз эканини таъкидлашди.

"Ëлғончи соҳибжамол"

Ўзбекистон номидан “Miss World” халқаро гўзаллик танловида қатнашадиган Раҳима Ғаниева Тошкентдаги “Pro Models” моделлар агентлигининг вакиласи экани ҳақидаги маълумотлар ортидан Озодлик мухбири мазкур идора билан боғланди.

“Pro Models” мансуб бўлган Тошкентдаги ProArtCenterofPerformingArts ширкати Бош директори Жавлон Камолов Озодлик билан суҳбатда Раҳима Ғаниеванинг "Қинғир йўл ва ëлғон яшиқ" йўли билан "Pro Models" ширкатининг “номини сотиб” “Miss World” халқаро гўзаллик танловида қатнашаëтганини таъкидлади.

- Мен Раҳима Ғаниеванинг ҳеч бир шаклда Ўзбекистондаги миллий танловдан ўтмаганини таъкидлайман. Раҳима Ғаниева “Pro Models” ширкатининг ҳеч бир лойиҳасида қатнашмаган. Ғаниева уч йил олдин бор йўғи “Pro Models” моделлар агентлиги курсларида талаба ўлароқ, бир оз иштирок қилган. Агар биз танлов ўтказганимизда бу қиздан минг чандон гўзал моделларни тақдим қилган бўлар эдик.

"Мен Раҳима Ғаниеванинг ўз каръерасини ëлғон устига қурганидан таассуф билдираман"¸ деди Жавлон Камолов Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, Қирғизистондаги қандайдир модел фирмаси “Қинғир ëлғон яшиқ “ тарзда Ўзбекистонда “Дунё гўзали” миллий танловини ўтказиб Раҳима Ғаниевани “ғолиб” қилган.

- Бу ëлғон билан Раҳима Ғаниеванинг узоққа бориши қийин. Мен яна бир бор айтаман бу қизнинг Ўзбекистонни тамсил қилишга ҳаққи йўқ, деди Тошкентдаги ProAr ширкати Бош директори Жавлон Камолов Озодлик билан суҳбатда.


Гулнора Каримованинг истеҳзоси

18 яшар Раҳима Ғаниеванинг Ўзбекистон номидан “Miss World” халқаро гўзаллик танловида илк бора қатнашиши ҳақидаги овозаларга Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова Твиттерда фикр зикр қилди.

"Қандай қилиб 50 даражали иссиқда миллий конкурс бўлиб ўтиши мумкин ва Англия ёки борингки Россия учун "маҳаллий" бўлган тожик қиёфали қиз пайдо бўлиб қолгани қизиқ?"- деган Гулнора Каримованинг истеҳзоли фикрига Твиттерда жўр бўлганлар Ўзбекистонда ягона малика турганида қандайдир коллеж талабасига йўл бўлсин, дея ëзувлар қолдиришди.

Каримованинг бу твитидан кейин Ўзбекистондаги "Мезон.уз" сайти бу борада журналистик тадқиқот ўтказиб, жаҳонга Ўзбекистонни тақдим этадиган Раҳима Ғаниева ким ўзи, қаерда яшайди, нима иш қилади, деган савол жавобини қидирди.

"Мезон.уз" мухбирлари Раҳима Ғаниева ўзини "Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети талабаси" дея таништирган видеолавҳасини кўргач, ушбу ўқув юрти деканига мурожаат қилишади.

Деканнинг сўзларига кўра, Раҳима Ғаниева ўқишга энди кирмаган бўлса, у ҳақда олдин эшитмаган.

Youtubeга жойлаштирилган видеолавҳа 15 август санасини кўрсатади. Унда Раҳима Ғаниева ўзининг бу йил университетга киргани ва қизиқишлари ҳақида гапириб, Ўзбекистон номидан гўзаллик конкурсида қатнашаётганидан бахтиёрлигини айтади.

"Қандай қилиб тест натижалари 16 августда эълон қилинган бўлса, Раҳима ўзининг талаба бўлганини олдиндан била қолди?", - деб таъкидланади мақола давомида.

Раҳима Ғаниеванинг заковати

“Дунё гўзали” конкурсида номзодларнинг ташқи гўзаллиги билан бирга билим савиясига ҳам этибор берилади.

“Дунё гўзали” конкурси ташкилотчилари 1980 йилдан бошлаб шоу қатнашчиларининг ақл заковат борасидаги қобилиятларини текширадиган тест жорий қилишган эди.

“Дунё гўзали” расмий сайтида Раҳима Ғаниевага оид тўрт жумла ўзбекча матн илиб қўйилган.

Раҳима Ғаниевага оид бу матннинг тўққизта жумласида еттита ҳато борлиги аниқланди.

Раҳима Ғаниева ўзи тамсил қилган давлатни “дўвлат” деб ëзган.

Айни сайтга илинган видеомурожаатда “Miss World”га даъвогар Раҳима Ғаниева Чехов, Достоевский ва Толстой асарларини ўқишни яхши кўришини писанда қилади.

Дунё гўзали” конкурсида Раҳима Ғаниевадан ташқари Камерун, Гвинея, Гвинея-Бисау ва Косово ҳам бу йил дебютант сифатида қатнашади.

“Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси бўлиб, 1951 йили Буюк Британияда ташкил топган. Анъанага кўра, “дунё гўзали” тожини киядиган қиз бир йил давомида Лондонда яшайди ва турли хайрия тадбирларида қатнашади.

2012 йилда хитойлик Юй Вэнься “Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси ғолиби бўлган.
XS
SM
MD
LG