Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:07

Ўзбекистонда сиëсатшунослик мутахассислиги тугатилди



Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги қарори билан¸ янги ўқув йилида мамлакат олий ўқув юртларида сиёсатшунослик бўйича мутахсасис етказиб бериш тўхтатилди. Мутахассислиги "сиëсатшунос" деб ëзилган сўнгги дипломлар 2013 йилги битирувчиларга берилди.

Озодлик манбалари¸ йилига ўнлаб сиёсатшунослик соҳаси мутахассисини етказиб бериб келган Тошкентдаги Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети, Шарқшунослик институти ҳамда Миллий Университетда сиёсатшунослик кафедралари ёпилиб, 2013-2014 йилги ўқув йилидан талабаларга жаҳон сиёсати фани ўқитила бошланганини хабар қилди.

- Бизда аввал Халқаро муносабатлар факултетида Сиёсатшунослик кафедраси бор эди, ҳозир у ёпилиб, ўрнига Жаҳон сиёсати ўқитила бошланди, бу факултетни тамомлаганлар энди халқаро муносабатлар соҳаси мутахассиси бўлиб етишишади, деди Тошкентдаги Шарқшунослик институти Илмий-ўқув ишлари бўлимининг ўз исмини айтмаган ходимларидан бири Озодлик мухбирига.

Жаҳон Иқтисоди ва дипломатия университетида ҳам шу аҳвол.

- Сиёсатшунослик ўрнига Жаҳон сиёсати бўлган ҳозир. Бундай ўзгариш сабабини билмаймиз, буни Олий таълим вазирлигидан сўранг, деди ЖИДУнинг илмий ишлар бўлими ходими.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийлари мамлакат олийгоҳларида сиёсатшунослик факултетлари ёпилиши сабабини изоҳлашмаяпти. Озодлик мухбири боғланган вазирлик мутасаддилари¸ юқори номи келтирилган ўқув юртларида сиëсатшунослик кафедраларининг ëпилганини тасдиқлади. Айни пайтда¸ сиëсатшунослик деган фандан сабоқ бериш давом этмоқда¸ дея қўшимча қилди вазирликнинг ўзини таништирмаган расмийси.

Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетининг Сиёсатшунослик кафедрасида узоқ йил ишлаган мустақил таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда "Сиëсатшунос ўзи ким? деган саволнинг мавҳум қолаëтгани бундай ўзгаришга асос бўлган:

- Ҳозир Ўзбекистонда илмий-касбий йўналиш, диплом олиб, диссертацияларни ёқлаш маъносида бу йўналиш, яъни политология ёпилган. Буни расман ҳеч ким тушунтирмаяпти. Ҳозир сиёсатшунослик бўйича қанча-қанча фан номзоди, фан доктори чиққан. Қанча-қанча олимлар шу соҳа бўйича диссертациялар ёқлаган. Улар политолог бўлиб етишган. Энди ҳозир уларни билмадим, қанақа деб аташ керак. Чунки политология ўрнига бошқа алтернатива таклиф этилгани йўқ. Шунинг учун Ўзбекистонда политологлар ким энди, деган савол очиқ қолмоқда, дейди Толипов.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетининг илк қалдирғочларидан бири, ҳозирда Британияда яшаётган мустақил журналист Шоҳида Ёқуб фикрича, бу Ўзбекистондек авторитар давлатда сиëсатшуносликка эҳтиëж қолмагани белгисидир:

- Ўзбекистонда сиёсатшунослар учун майдон йўқ. Мен билган кўплаб политологлар ҳозир Ғарб мамлакатларида фаолиятини давом эттираяпти. Аслида бу жуда керак мутахассислик. Бу соҳа бўйича мутахассис етиштириш Ўзбекистонда тўхтаганидан мен жуда афсусдаман, дейди Шоҳида Ёқуб.

Сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг айтишича, Ўзбекистондаги ёпиқ тизим сиёсатшуносларни кераксиз касб эгаларига айлантирган:

- Ўзбекистонда сиёсий майдон бор¸ аммо у ёпиқ. Бу ёпиқ сиёсий тизим. Бундай тизимда сиёсий жараён ҳам ўзгача кечади. Бунақа тизимда демократик давлатлардагидан фарқли сиёсий таҳлилчилар, сиёсий маслаҳатчиларга унчалик талаб йўқ. Умид қиламан бу вақтинчалик. Вақти келиб Ўзбекистонда сиёсатшунослик соҳаси яна тикланади, дейди Толипов.

Таъкидлаш жоиз Ўзбекистон президентининг икки қизи ҳам сиёсатшунослик мутахассислиги бўйича ўқиган. Лола Каримова Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар факултетини 1999 йилда тугатган.

Гулнора Каримова эса Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетининг сиёсатшунослик фанлари доктори илмий унвонини олган.
XS
SM
MD
LG