Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:16

“Жодугар мулла” иши судда кўрилади


Тожикистонда ижтимоий тармоқларда “жодугар мулла” номи билан тарқалган видеоролик қаҳрамони Асадулло Иброҳимов иши бўйича тергов якунига етиб қолди ва у яқин кунларда судга оширилади.


Мазкур иш билан шуғулланаётган терговчи Баҳриддин Эмомовнинг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, Асадулло Иброҳимовга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (жинсий тажовуз) бўйича иш қўзғатилган. Агар Иброҳимов айбдор экани исботланса, беш йилга қамалиши мумкин.

Бир муддат ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган Асадулло Иброҳимов иштирокидаги видеороликда дуохон домла ва хаста жувон тасвирланган. Унда домла Қуръондан оятлар ўқиш баробарида шаҳвоний тарзда жувоннинг бутун баданини ғижимлаб ташлайди.

Тасвирдаги мулла жувоннинг лозимини тушириб жинсий алоқа экани ишонилган ҳаракатни амалга оширади.

Бу ролик тарқалганидан кейин Тожикистон расмийлари уни қоралаб, эътиборли дин арбобларидан бирининг ўғли бўлган “жодугар мулла”ни ҳибсга олганлар.

Терговчи Баҳриддин Эмомовга кўра, гарчи ишга “маҳфий” тамғаси урилмаган бўлса-да, у кишининг жинсий ҳаёти билан боғлиқ бўлгани учун суд ёпиқ эшиклар ортида ўтади.

Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги сайти “1966 йилда туғилган, Душанбе шаҳрида яшовчи фуқаро Иброҳимов Асадулло Халилович шу йилнинг 12 август куни Рудакий туманида яшовчи 1988 йилда туғилган Раҳимова Зилола Дўстиевнанинг ночор аҳволидан фойдаланиб, аёлнинг уйида у билан шаҳвоний хатти-ҳаракатларни амалга оширган”, деб ёзади.

Мазкур видеоролик ким томонидан тасвирга олингани ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилгани аниқ эмас.

Тожикистон ҳукумати қошидаги дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Мавлон Мухторовнинг Озодлик тожик хизматига билдиришича, Асадулло Иброҳимов мулла ҳам, имом-хатиб ҳам эмас, балки оддий диндор бўлиб ҳисобланади. У бу каби хатти-ҳаракатлар учун жазо берилиши лозимлигини, “чунки Қуръондан суралар ўқиб, бундай ҳаракатлар қилиш қабул қилиб бўлмас иш” эканини, мусулмон одам бундай ишларни қилмаслигини айтди. Мавлон Мухторов ўзидаги маълумотларга таянган ҳолда, Асадулло Иброҳимов ҳеч қанақа исломий партия ёки ҳаракатга аъзо эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раис ўринбосари, парламент депутати Сайидумар Ҳусайний бу руҳонийларни обрўсизлантириш йўлидаги фитна бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмайди.

- Биз кўплаб муллалар ҳукумат ва хавфсизлик идоралари назорати остида эканига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу одамлар ўшаларнинг кўрсатмаси билан масжид ва минбарларнинг эгасига айланиб олаяптилар, шунинг учун улар Худо ва пайғамбар иродасига эмас, ҳукмдорлар ва махсус хизматлар буйруқларига итоат қилаяптилар, - дейди Сайидумар Ҳусайний.

Тожикистон парламентининг бошқа депутати Саодат Амиршоева эса Асадулло Иброҳимовга ўхшаган “мулла”лар муқаддас Ислом динига ҳам, мамлакатга ҳам иснод келтираётганини айтади.
XS
SM
MD
LG