Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:41

Хатирчи милициясининг собиқ бошлиғи суд залидан озод қилинди




Озодлик манбаларининг хабар қилишича¸ Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланаëтган артелларга ҳомий бўлганликда айбланиб қўлга олинган Хатирчи туман Ички ишлар бўлимининг собиқ бошлиғи Баҳриддин Тўхтаев суд ҳукми билан қамоқ жазосидан қутулиб қолган.

Навоий вилоят судида бўлиб ўтган маҳкама порахўрлик ва коррупцияда айбланган собиқ миршаб Баҳриддин Тўхтаевнинг жиноий шерикларини 11 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Маҳкама жараëнидан хабардор бўлган адвокатнинг (исмини айтмасликни мақул кўрдик) нинг Озодликка айтишича¸ Баҳриддин Тўхтаевнинг катта миқдорда пора олгани ва ноқонуний олтин қазувчиларга ҳомийлик қилгани суд жараëнида аниқланган.

Жорий йилнинг 17 июлида бўлган судда ҳакам Бобошер Қурбонов судланувчи Баҳриддин Тўхтаевни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 120-моддаси бўйича яъни катта миқдорда пора олганликда айбдор деб топди.

Айни маҳкамада судланувчига иш жойидан ижобий характеристика берилгани ва маҳбуснинг ватан олдидаги улкан хизматларини инобатга олган ҳолда ҳакам Бобошер Қурбонов собиқ милиция бошлиғи Баҳриддин Тўхтаевни озодликдан маҳрум қилмаслик ҳақида қарор берди.

Навоий маҳкамаси ҳукмида Баҳриддин Тўхтаевнинг ўз қилмишига сидқидилдан иқрор бўлгани¸ саккизта фарзанди борлиги ва касаллигини ҳисобга олганлигини ҳам таъкидланади.

Порахўрликда айби исботланган собиқ милиция бошлиғи Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 57-моддасида кўзда тутилган инсонпарварлик боис қамоқ жазосидан озод қилинди.

Маҳкама жараëнидан Хабардор бўлган адвокатнинг Озодликка айтишича¸
Баҳриддин Тўхтаев Хатирчидаги ноқонуний олтин қазувчи артелларнинг ҳар биридан ҳафтасига бир миллион сўмдан олиб турган.

"Тергов пайтида Тўхтаевдан 20 минг доллар нақд пул ва олтин қуми солинган халтача тортиб қолинган. Бу фақат тергов қайд қилган ҳолат.

Аслида Баҳриддин Тўраевнинг жиноятлари кўп. Масалан¸ Тўраев Хатирчидаги яширин фоҳишахоналарга ҳам ҳомийлик қилган"¸ деб таъкидлаган суҳбатдош нега бу жиноятчининг судя “ марҳаматига ноил бўлгани”га ойдинлик киритди:

- Баҳриддин Тўхтаев Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоевнинг қайин иниси бўлади. Яъни Тўхтаев Мустафоевнинг хотинининг акаси. Билишимча¸ Бўритош Мустафоев ўз қайин инисини қутқариб олган. Тўхтаевни Хатирчида суд қилган ҳакам Бобошер Қурбонов ана шундан кейин вилоят судига раис бўлди. Ўзингиз хулоса қилаверинг¸ дейди навоийлик адвокат.

Озодлик билан суҳбатда адвокат маҳкама жараëнида олтин қазувчиларга ҳомийлик қилган милиция бошлиғининг ўзини сурбетларча тутгани ва қилмишларига тазарру қилмаганини айтади:

- Ҳукмда тавбасига таянгани учун суд залидан озод бўлсин¸ дейишди. Бу ëлғон. Тўраев судда безбет бўлиб турди. Биронта айбига иқрор бўлмади. Қайтанга айбсиз одамлар катта муддатга кесилди. Масалан¸ Туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Юсуф Орипов ноҳақ қамалди. У бир сўм ҳам емаган. Қайтангга¸ Ўзбекистондаги қайноқ нуқталарда жонбозлик кўрсатган. Масалан¸ Андижондаги 2005 йилги исëнни бостиришда иштирок этган. Шунақа ҳалол одам қамалиб¸ ҳақиқий жиноятчи Тўхтаевнинг суд залидан озод қилингани адолатсизлик¸ дейди адвокат.
XS
SM
MD
LG