Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:04

Нижний Новгородда ўзбек муҳожири полициячиларни пичоқлади



17 сентябр куни Нижний Новгород шаҳрининг Горкий-Московский темир йўл вокзалида бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаросини ҳужжат текшириш учун тўхтатган икки нафар полициячи пичоқланди.

Полиция ходимлари ўзбекистонликлардан бирининг Россияда муҳлати ўтиб кетган вақтинчалик яшаш қайди билан юрганини аниқлагач, Миграция ходимларини ёрдамга чақирган.

"Шундан сўнг 31 яшар мигрант енгида яширинган чўнтак пичоғини олиб уни тўхтатган пост-патрул хизмати ходимларига ташланган", дейди Озодлик мухбирига ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Волгабўйи Федерал округ бўйича Ички ишлар вазирлигининг Транспортдаги бошқармаси расмий вакиласи Светлана Яписова:

- Ана шу Ўзбекистон фуқароси полиция ходимига пичоқ билан жароҳат етказди. Аниқроғи, полиция ходимларидан бирининг кўкрак қафасига, яна бирининг қўлига жароҳат етказилди. У билан бирга турган ўзбекистонлик бошқа йўловчилар ҳам ушлаб қолинди, дейди Ички ишлар подполковниги Светлана Яписова.



Бошқармада жабрланганлар яраларининг оғир эмаслигини қўшимча қилишди.

Youtube порталида пайдо бўлган видеода қора куртка кийган ва кўринишидан осиёлик бўлган йигитнинг ўтиб кетаётган формадаги полиция ходимига тўсатдан ташланиб, бир неча бор пичоқ билан зарба бергани акс этган.

Светлана Яписова жиноятда айбланаётган ўзбекистонлик муҳожир полиция бўлимида қолаётгани ва ўз ҳатти-ҳаракатларига тушунтириш беришдан бош тортаётганини маълум қилди.



Ҳодиса жойида тергов-оператив гуруҳ иш олиб бормоқда.

Федерал округнинг Транспортдаги тергов қўмитасида Озодлик мухбирига қўлга олинган шахсга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 317-моддаси - “Ҳуқуқ-тартибот идораси ходимининг ҳаётига тажовуз қилиш” асосида жиноий иш очилганини билдиришди.

Қўйилаëтган айблар маҳкамада тасдиғини топса¸ ўзбек муҳожири 10 йилгача муддатга қамалиши мумкин.
XS
SM
MD
LG