Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:51

Турк тадбиркори Ўзбекистон ҳукуматини АҚШ маҳкамасига берди



2004-2011 йиллар давомида Тошкентда фаолият юрғизган “Туркуаз” савдо маркази эгаси, Туркия фуқароси 49 яшар Воҳид Гунаш 2012 йил 25 апрель куни ўзининг қийноққа солингани¸ шунингдек мусодара қилинган мулкини қайтариб олиш бўйича Ўзбекистон расмийларига қарши даъво аризаси билан АҚШ маҳкамасига мурожаат қилди.

Бу ҳақда Воҳид Гунашнинг ўзи Озодликка маълум қилди.

Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро маҳкама душанба куни Ўзбекистонда мол-мулки мусодара қилинган Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltdнинг даъво аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилди.

Озодлик билан суҳбатда Воҳид Гунаш Ўзбекистон ҳукуматидан иқтисодий жабр кўрган бир нечта Европа ширкати ҳомийлигида АҚШ маҳкамасига даъво аризаси билан мурожат қилганини айтди:

- Мен битта ўзим бундай жиддий даъвони АҚШ маҳкамасига олиб чиқишга қодир эмас эдим. Даъво устида бир нечта кучли адвокатлар иш олиб боргани боис молиявий кўмакка муҳтож бўлдим. Қарангки¸ Ўзбекистон ҳукуматидан иқтисодий жабр кўрган ëлғиз мен эмас эканман. Европадаги Ўзбекистон ҳукуматидан иқтисодий жабр кўрган бир нечта ширкат ҳомийлигида ва ўта жиддий тарзда бу маҳкамага киришдик. Европа ширкатларининг мени қўллагани айни муддао бўлди. Чунки Ўзбекистон ҳукумати мени иқтисодий ва руҳий жиҳатдан синдириб ташлаган эди. Мулкнинг тамали адолат эканига ишонганим учун АҚШ маҳкамасига мурожат қилдим¸ дейди Воҳид Гунаш Озодлик билан суҳбатда.

Воҳид Гунаш нега айнан АҚШдаги маҳкамага мурожаат қилганини ҳам тушунтирди:

- Мен Тошкентдаги маҳкаманинг адолатсизлигидан зулм кўрганман. Шу боис ўз ҳаққимни ҳалқаро миқëсда ҳимоя қилишга киришдим. АҚШдаги ICSID маҳкамаси ( ICSID — International Centre for Settlement of Investment Disputes) БМТ таркибига кирадиган ва халқаро сармояларни ҳимоя қиладиган мустақил ташкилот. Бу ташкилот давлатлараро андишалардан холи тарзда бизнес низоларини мустақил муҳокама қилади. Бу маҳкама 1966 йилги сармояларни ҳимоя қилувчи халқаро конвенция асосида ташкил қилинган. Бу конвенцияни имзолаган Ўзбекистон ҳукумати ICSID маҳкамаси қарорларини ижро қилиши лозим¸ дейди суҳбатдош

АҚШдаги халқаро маҳкамага берилган ҳужжатларда Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкатининг Ўзбекистон ҳукумати айби билан 100 миллион долларлик зарар кўргани айтилади.

Озодлик билан суҳбатда Воҳид Гунаш бу рақам қаердан келиб чиққанини тушунтириб берди:

- Ўзбекистон маҳкамаси ўз ҳужжатларида мендан тортиб олинган мол-мулкни 60 миллион доллар¸ дея расман нархлаган. Бу мол-мулклар Чорсудаги савдо маркази ва Олмалиқдаги корхоналарни ўз ичига олади. Бундан ташқари¸ Ўзбекистон мулозимларининг мендан пора сифатида олган маблағлари ва тортиб олинган маблағнинг фоизлари ҳисобланганда¸ умумий зарар 100 миллиондан ошди. Мен бу ҳисобга тўққиз ярим ой давомида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани МХХ тергов изоляторида сақланганимда кўрган қийноқларим юзасидан маънавий зарарни қўшмадим¸ дейди суҳбатдош.

49 ёшли тадбиркор Воҳид Гунаш етти йил мобайнида Ўзбекистонда тадбиркорлик қилганидан кейин 9 ой қамоқда сақланиб¸ 2011 мамлакатдан депортация қилинган эди.

Гунаш билан бирга яна етти нафар туркиялик тадбиркор солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик¸ ҳамда “яширин иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшгани” учун Ўзбекистон суди томонидан айбдор деб топилган эди.

Воҳид Гунашнинг Ўзбекистонда "Туркуаз" номли йирик хорижий савдо тармоғига айланган ширкати иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, 2011 йилда ёпилган эди.

"Туркуаз" ширкати Ўзбекистонга илк бор 2004 йилда Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd номи остида сармоя киритган эди.

Халқаро сармоядорларнинг Ўзбекистонда муаммоларга дуч келиши ва мол мулкидан мосуво бўлиши фавқуллода ҳодиса сифатида кўрилмайди

МТС мобил телефон ширкати¸ “Вимм-Билль-Данн”, “Carlsberg”, Newmont Mining, Spentex Industries, Metal-Tech, Oxus Gold, United Cement Group каби ўнлаб ширкатларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши ортида расмий Тошкент ҳукуматининг талончилик сиëсати тургани айтилади.
XS
SM
MD
LG