Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:34

Тошкентдаги тадбиркорларга пахтакор овқати учун ўлпон солинмоқда


Тадбиркорлардан пул ундираëтган ширкат мана шу бино ертўласида.
Тадбиркорлардан пул ундираëтган ширкат мана шу бино ертўласида.

Тошкент тадбиркорларига “оқ олтин” хирмонига ҳисса қўшишнинг муқобил варианти таклиф қилинди. Пахта теримига одам юбормаган ширкат бунинг ўрнига пахтакорларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун ҳозирча кимга қарашли экани сир қолаëтган Mega Super Food деб номланган гуруҳ ҳисобига 3 миллион сўм ўтказиб беришга мажбурланмоқда.

Тошкент тадбиркорларига “оқ олтин” хирмонига ҳисса қўшишнинг муқобил варианти таклиф қилинди.

Агар Тошкентдаги бирор бир ширкат пахта теримига одам юбормаса¸бунинг ўрнига пахтакорларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун пул ажратиб бериши керак.

Озодликка ўз манбаларининг маълум қилишича¸ пахта мажбурияти юкланган тадбиркорлар Тошкентдаги Mega Super Food ширкатига пул ўтказиб бериши лозим.

Озодлик билан суҳбатда Mega Super Food ширкатининг ўзини таништирмаган ходими тадбиркорлардан олинган пул эвазига пахтакорларни озиқ-овқат билан таъминлаëтганини тасдиқлади.

Тошкентлик 35 яшар Сардорнинг Озодликка айтишича¸ пахтадан озод бўлиш учун тадбиркорлардан ўлпон олаëтган ширкат пойтахтдаги Россия меҳмонхонасига яқин жойдаги бир ертўлада жойлашган.

-Мен борсам биттаси мени бошлаб етўлага туширди. Қўлимга 3 миллион сўм тўлашим керак бўлган шартномани тутқазди. Пул ўтгандан кейин уч томонлама ҳисоб-китоб қилоб берамиз. Ҳокимият ҳам қўл қўяди¸ деди. Пулингиздан ҳавотир олманг бу ширкат катталарга тегишли деб бармоғини осмонга қаратди¸лекин катталарнинг кимлигини айтмади¸дейди Сардорбек исмли тадбиркор.

Суҳбатдошга кўра¸ бу тадбиркорлардан пул ундиришнинг жўн схемасидир:
-Ширкатдагилар менга қараб қуруғини ҳокимиядагиларга узатсангиз ҳам бўлаверади¸бизни овора қилмасдан деган гап қилди. Пахта баҳона мулозимлар пул ишлаб қолмоқчи¸ дейди суҳбатдош

Ўзбекистондаги Uzmetronom нашри Mega Super Food ширкатининг пахтага бормаган тадбиркорлар учун тузилган шартнома фотонусхасини эълон қилди.

Uzmetronom нашри эълон қилган шартнома нусхаси.
Uzmetronom нашри эълон қилган шартнома нусхаси.
​Бу нашрга кўра¸ шартнома Тошкент туман ҳокимлиги мулозими томонидан прокуратура ходими ҳамроҳлигида тадбиркорлар қўлига топширилмоқда.

"Тадбиркор" деган графаси бўш қолдирилган бу шартнома пахтакорлар озиқ-овқати учун 3 миллион сўм тўланишини тақозо қилади.

Бу шартномани олган тадбиркор бўш графани тўлдириб беш кун ичида 3 миллион сўм пулни Mega Super Food ҳисобига ўтказиб бериши керак.

Пахтакорлар есин дея “сотиб олинган” бу озиқ-овқатни пахтага бормаган тадбиркорнинг ўзи пахтадагиларга етказиб бериши лозимлиги ҳам шартномада алоҳида кўрсатилган.

Uzmetronom нашрининг ëзишича¸ аслида тадбиркор ўтказиб берган бу пулга ҳеч қандай озиқ-овқат сотиб олинмайди. Бу тадбиркорлардан пул юлишнинг мавсумий кўриниши сифатида талқин қилинмоқда.

Тошкентдаги ҳар бир тадбиркорни ўз ҳисобига йўқ озиқ-овқат учун миллионлаб ўлпон тўлашга мажбурлаëтган бу ширкатнинг кимга қарашли экани ҳозирча сирлигича қолмоқда. Озодлик билан суҳбатда ширкат вакили¸ унинг "каттаконлардан бири"га қарашли эканини айтиш билан чекланди.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман ҳокимиятига яқин Озодлик манбасининг айтишича¸ “озиқ-овқат сотиб олиш” учун ундирилган пул туман ҳокимияти номидан пахта тердиган мардикорларни ëллашга сарф қилинади.

Озодлик манбаси пул ўтказиладиган аниқ бир ширкат номини келтирмади. Суҳбатдош тахминига кўра¸ бундай ширкатлар бир нечта бўлиши мумкин.

Озодлик манбаси ҳокимият мулозимларининг қариндошлари номига расмийлаштирилган ширкатлар мардикор ëллаш учун пул йиғиладиган “кисса” вазифасини ўтамоқда¸ деган тахминни билдирди.

Ўзбекистондаги Uzmetronom нашри эса бу ҳолатни қишлоқ ҳўжалиги ишларидан қутултириш учун маҳаллий ҳукумат ўйлаб топган янги ўлпон деб ҳисоблайди ва бу ўлпоннинг мулозимлар чўнтагига қўшимча даромад сифатида тушишини тахмин қилади.

Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг турли тадбирлар ва жамғармалар учун ҳомийликка мажбурланиши оддий ҳолга айлангани кузатилади.
XS
SM
MD
LG