Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:02

Хоразмда мустақил журналист қўлга олинди


Хоразмлик журналист Сергей Наумов.
Хоразмлик журналист Сергей Наумов.

21 сентябр оқшомида Урганч шаҳрида мустақил журналист Сергей Наумов милиция ходимлари томонидан тутиб кетилди. Бу ҳақда унинг ўзи телефон орқали ҳамкасбларига маълум қилган.


Тошкентлик мустақил журналист Василий Марков Озодлик билан суҳбатда шанба куни соат кечки 6 лар чамаси унга Сергей Наумов нотаниш рақамдан қўнғироқ қилганини, унинг овозида тараддуд сезганини айтди.

- У шоша-пиша милиция билан боғлиқ нохушликларга дуч келганини айтиб, ундан қўнғироқ бўлишини кутишни сўради ва қўнғироқ бўлмаган тақдирда унга ёрдам бериши мумкин бўлган ташкилотларга бу ҳақда хабар қилишимизни илтимос қилди. Тахминан 50 дақиқалардан кейин яна ўша телефондан қўнғироқ бўлди. Лекин бу сафар у индамади. Гўшакдан эса гангир-гунгир суҳбат, кулги ва шовқин эшитилди, холос. Суҳбатлашаётганлар кимлар эди, нима учун бунақа қўнғироқ бўлди – бу хусусда бир нарса деёлмайман. Ўшандан буён Сергейдан дарак бўлмади. На ўзи қўнғироқ қилди, на биз унга қўнғироқ қилолдик - Сергейнинг ўз телефони ҳам, кеча бизга қўнғироқ қилинган телефон ҳам ўчиқ. Худди сувга тушган тошдек дарак йўқ ундан, - дейди Василий Марков.

Сергей Наумовнинг ўзи билан Озодлик ҳам боғланишга муваффақ бўлолмади.

Айни пайтда Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасининг ўзини Собиров деб таништирган навбатчиси мустақил журналист Наумовнинг қўлга олингани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

- Бизга бундай хабар тушмади, ака, - деган милиция навбатчиси Собиров Сергей Наумовнинг Урганч шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам бирор маълумот йўқлигини билдирди.

Наумов бедарак кетиши ортидан Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов ҳам журналистнинг изини топиш учун маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг эшигини қоққан.

- Мен вилоят марказига келиб, вилоят ички ишлар бошқармасига, шаҳар милиция бўлимига, транспорт милицияси бўлимига, кейин туман милиция бўлимларига бориб учрашдим. Улар Сергей Наумов деган одам тўғрисида умуман ҳеч нарса билмасликларини айтишди. Ҳозир ҳеч қандай имконияти бўлмаяпти бу нарсани аниқлашнинг.

Озодлик: Энди фақат милиция эмас-ку одамларни ушлаб кетадиган, масалан, миллий хавфсизлик хизмати ҳам ушлаган бўлиши мумкинми?

- Албатта. Мен у ерга ҳам бордим. Улар мен билан фақат радио селектор орқали гаплашишди ва “у тўғрида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ”, деган нарсани айтишди, - дейди хоразмлик ҳуқуқ фаоли.

Урганчдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳеч қанақа маълумот ололмаганидан кейин Ҳайитбой Ёқубов журналист Сергей Наумов яшаган маҳаллага йўл олган.

- Қўни-қўшниларидан ҳам бирор-бир ижобий нарса билолмадим. Улар бу кишининг бу ерда кўп пайт йўқ бўлишини, уйи доимо ёпиқ туришини айтаяпти. Лекин “Уни олиб кетишдими?” каби саволларга умуман улардан жавоб олиб бўлмади, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

50 ёшли Сергей Наумов Ўзбекистонда истиқомат қилаётган оз сонли мустақил журналистлардан биридир. У Ўзбекистондаги илк мустақил Панорама (Манзара) газетасининг (1990 йил) таъсисчиси бўлган. 1994 йилдан 1999 йилгача Наумов Хоразмдаги илк мустақил ALC телевидениесида ишлаган. Шунингдек, хоразмлик журналист ўтмишда қатор хорижий нашрлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб келган.

Унинг Тошкентдаги ҳамкасблари ижтимоий тармоқларда Сергей Наумов пахта даласидан тутиб кетилган бўлиши мумкинлигига оид тахминларини ёзмоқдалар. Аммо хоразмлик мустақил журналист пахта даласига борганми-йўқми, борган бўлса, қайси хатти-ҳаракати туфайли тартиб посбонларининг назарига тушган – бу ҳақда ҳозирча аниқ бир маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG