Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:05

Россия ФМХ муҳожирлар сонига оид рақамларни эълон қилди


Россия Федерал миграция хизмати мамлакатда истиқомат қилаётган хориж фуқаролари сонига оид статистика маълумотларини очиқлади. Расмий ҳужжатда бу давлатдаги ўзбекистонликлар сони 2 миллион 734 минг 484 нафар, деб келтирилган. Аммо расмий рақамлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва айрим сиёсатчилар овоза қилаётган маълумотлардан кескин фарқ қилади.


Федерал миграция хизматининг расмий сайтида Россияда бугунги кунда яшаётган ва меҳнат қилаётган мигрантларнинг аниқ сонига оид рақамлар эълон қилинди.

“Россия Федерацияси ҳудудида истиқомат қилаётган хориж фуқаролари тўғрисида статистик маълумотлар” деб номланган ҳужжатда муҳожирларнинг жинси ва ёши бўйича алоҳида маълумотлар жадвали чоп этилди.

Шу йилнинг 29 августи ҳолатига ҳисоблаганда, Россияда
2 миллион 734 минг 484 Ўзбекистон Республикаси фуқароси яшаб келмоқда. Уларнинг 2 миллион 285 минг 774 эркак ва 448 минг 710 эса аёл кишидир.

Яъни, Россия Федерациясида яшаб меҳнат қилаётган хорижликлар орасида ўзбекистонликлар сон жиҳатидан илғорлик қилишни давом этмоқда ва бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бормоқда.

Жадвалларда Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг ёши бўйича маълумотлар ҳам акс этган.

Масалан, бу мамлакатга келаётган ўзбекистонлик эркак ва аёлларнинг энг кўпини 18 дан 29 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Уларнинг 1 миллион 100 мингдан ортиқ эркак ва 138 мингдан зиёд аёлдир.

Ўзбекистон ҳукумати вояга етмаганларни мамлакат ташқарисига чиқишига қарши қатор чораларни қўллаётганига қарамасдан, биргина Россиянинг ўзида 17 ёшга етмаган ўзбекистонликлар сони 154 мингни ташкил этишини кўриш мумкин.

Шунингдек, Россия Миграция хизмати ходимлари чегарани кесиб ўтган Тожикистон фуқароларидан 1 миллион 200 мингдан зиёд, Қозоғистон фуқароларидан 600 мингдан зиёд, Қирғизистон фуқароларидан эса 600 мингга яқин одамни қайдга олгани маълум бўлди.

Жадваллардан бирида кўрсатилган муҳожирларнинг умумий сони айрим россиялик сиёсатчи ва миллатчилар келтираётган маълумотлардан кескин фарқ қилишини кузатиш мумкин.

ФМС ҳисоб-китобига кўра, 2013 йилнинг сентябрига келиб Россияда 5 миллиондан зиёд марказий осиёлик муҳожир миграция қайдига олинган. Россияда яшаётган хорижликлар сони эса 13 миллиондан зиёд экани кўрсатилган.

Шунингдек, бу ҳужжатларда Россияда олиб борилаётган “зачистка”лар натижаларини ҳам кузатиш мумкин.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида миграция ва полиция хизмати ходимлари ёрдамида мамлакатдан қарийб 29 минг мигрант чиқариб юборилган, ваҳоланки ўтган йилнинг айни даврида бу кўрсаткич қарийб 19 мингни ташкил этган.

Шу билан бирга, Россия фуқаролигини олган хорижликлар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 30 мингга ошган ва 88 минг кишини ташкил этган.

Россия ФМС бошқармаси эълон қилган рақамларни таҳлил қилган миграция бўйича мутахассис профессор Сергей Абашин, мигрантларни “қайдга олиш тизими шундай тузилганки, келтирилган рақамлар кўрсатилгандан юқори бўла олмайди, аммо кам бўлиши мумкин”, дея таъкидлади.
XS
SM
MD
LG