Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:25

Бочка тагида қолган теримчи-талаба операция қилинади


Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида пахта тераётган Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг 2- босқич талабаси Мавлуда Мирзақобулова 24 сентябр куни оёғидан операция қилинади. 22 сентябр куни бир неча тонналик сув бочкаси босиб қолгани оқибатида Мавлуданинг оёқ суяги бир неча жойидан мажақланган.

Озодликнинг Сайхунободдаги манбасига кўра, воқеа 22 сентябр куни тушлик овқатдан кейин талабалар махсус сув бочкасидан сув ичаётган пайтда содир бўлган.

Манбанинг айтишича, бочка думалаб кетиб, Мавлуда Мирзақобилованинг оёғини босиб қолган.

“Бочка бир неча тонна келади. У қизлар сув ичаётган пайти думалаб кетиб, студент қизнинг оёғини босиб қолди. Мен шу атрофда эдим. Воқеага ўзим шахсан гувоҳ бўлдим. Кейин қизни Гулистонга больницага олиб кетишди. У ерда қиз оёғидан айрилиши мумкинлиги айтиб, зудлик билан Тошкентга олиб боришни айтишган. Кейин уни Тошкентга олиб кетишган”, деди сайхунободлик манба.

Андижонлик ҳашарчи-талаба Мавлуда Мирзақобилова Тошкент ирригация ва мелиорация институти “Ирригация гидротехника иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш” факултетининг 2-босқичи 9- гуруҳида таҳсил олади.

Мазкур факултет талабаларидан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, оёғини бочка босган талаба қиз билан боғлиқ воқеани ошкор қилмаслик талаб қилинаяпти.

“Воқеа борасида, ҳатто, Мавлуданинг ота-онаси ҳам хабардор қилинмаган. Мавлуда ўзи йиқилиб тушди деб айтинглар, дейишди. Унинг оёғини кесиб ташлаш хавфи борлигини эшитдик. Оёғини операция қилиш учун деканат 1 миллион сўм тўлаяпти экан. Бугун домламиз айтди”, дейди микрофонсиз суҳбатда талаба йигит.

Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Сайхунободдаги пахта штаби масъулларига кўра, Мавлуда Мирзақобиловага зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган.

“Биз зудлик билан машинада Мирзақобиловани туман шифохонасига, у ердан вилоят шифохонасига етказдик. У ерда рентген қилишгач, Тошкентга олиб боришни тавсия қилишди. Ўзимиз ўқитувчилар ҳамроҳлигида уни Тошкентдаги Жуковский больницасига жўнатдик. Ҳозир ўша больницанинг травматалогия бўлимида. Ёнида бир ўқитувчи бор”, деди пахта штаби масъулларидан бири.

Унинг айтишича, Мавлуданинг илтимосига кўра, воқеадан унинг ота-онаси хабардор қилинмаган.

Пахта штабидан олинган маълумотга кўра, Мавлуда Мирзақобилованинг оёқ суяги бир неча жойидан мажақланган бўлиб, у 24 сентябр куни операция қилинади ва операция ҳаражатларини ҳақиқатда ҳам деканат кўтараяпти.

Мавлуда ўқиётган “Ирригация гидротехника иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш” факултети талабалари Сайхунободнинг Гулистон маҳалласидаги 26-мактаб биносига жойлашган.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган ҳашарчилар орасида ўнлаб қурбон қайд этилади. Жорий йилда Озодликка маълум бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони уч нафарни ташкил қилади.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факультети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябрь куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябрь куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG