Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:40

Юз ўзбекистонлик тушган автобус Оқтўбеда ҳалокатга учради


22 сентябрь, якшанба оқшомида ўзбекистонликлар тушган автобус Қозоғистонда ҳалокатга учради. Натижада ўн нафар йўловчи турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага етказилди. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг айтишича, битта автобусда 100, 110 йўловчининг Россияга қатнаши йиллардан буён кузатилаётган кўринишдир.


Қозоғистондаги ахборот агентликларининг мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, авария 22 сентябрь оқшомида, маҳаллий вақт билан кеч соат 9 дан 25 дақиқа ўтганда Хромтау шаҳридан 15 километр нарида содир бўлган.

“Москва – Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва салонида 100 йўловчи бўлган - барчаси Ўзбекистон фуқаролари - Mercedes автобуси ёнбошига қулаган. Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида турли жароҳатлар олган 10 киши касалхонага етказилган”, дейилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотносида.

Ҳалокатга учраган ўзбекистонликларнинг авариядан кейинги аҳволи тўғрисида Қозоғистон расмийларидан қўшимча маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Автобус Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун асосий транспорт воситаси бўлиб қолмоқда.

Бунга бир томондан авиачипталар қимматлиги сабабдир.

Иркутскда ишлаётган фарғоналик Мансуржоннинг айтишича, “Красноярск – Тошкент йўналиши бўйича авиачипта нархи 19 минг рубл, Красноярск – Наманган 21 минг, Иркутск – Фарғона (Новосибирск орқали) 28 минг 900 рубл туради”.

Иккинчи томондан, авиачипталар арзонлатилган тақдирда ҳам вазият кескин ўзгариши қийинга ўхшайди. Чунки Россияда ишлайдиган ўзбекистонликлар ўта кўпдир. Россия федерал миграция хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, шу кунда (2013 йил, 29 августгача бўлган ҳолат) бу мамлакатда 2 285 774 эркак ва 448 710 аёл, ҳаммаси бўлиб эса, 2 733 484 меҳнат муҳожири бор.

Демак, транспорт хизматига бўлган талаб, бундай хизмат таклифидан бир неча бор каттаки, бундан йўловчи ташувчилар фойдаланмоқда. Йўловчилар эса, одам учун номуносиб бўлган шароитларга чидашга мажбур бўлмоқда.

Фарғоналик Мансур Россияга автобусда қилган сафарларидан бирини эслаб, бундай деди:

- Мен бир марта автобуснинг туалетида 4 сутка ётиб келганман. Ўшанда автобусда 110 йўловчи эдик ҳаммамиз бўлиб.

Санкт Петербургда ишлаётган самарқандлик Шуҳрат битта автобусга қандай қилиб 100, 110 йўловчини сиғдириш мумкинлигини мана бундай тушунтирган бўлди:

- Ҳайдовчилар ўтирғичларни олиб ташлайди. Автобус полига йўловчилар сумкаларини, қопларини териб, устидан кўрпа-тўшак тўшайди. Йўловчилар ўшанинг устида ўтириб, ётиб келади. Бошқа иложи йўқ.

Хўш, йўловчиларни бу тахлитда ташиш хавфсизлик техникаси ва йўл ҳаракати қоидалари талабларига қанчалик мос? Автобуслар ҳаракатланадиган мамлакатлар йўл-ҳаракат хизматлари нима учун бундай ҳолатларнинг олдини олмаяпти?

Бу саволлар жавобини бошқа бир эшиттиришда излаб кўрамиз.

Шуни айтиш керакки, Оқтўбеда якшанба оқшомида содир бўлган автоҳалокат ўзбекистонлик билан боғлиқ биринчи авария эмас.

2012 йилнинг 21 март тунида Ставропольедаги Будённовск-Арзгир автотрассасининг 55-километрида Махачқала - Ростов маршрути бўйича кетаётган СЕТРАS215 рейс автобуси билан ДЭУ НЕКСИЯ автомобили тўқнашиб, оқибатда ўзбекистонлик 4 киши ҳалок бўлган.

Ўтган йилнинг 22 июлида Самара вилоятида регистрациясини янгилаш учун Қозоғистон чегарасига кетаётиб йўлда аварияга учраган Ўзбекистон фуқароларидан беш нафари нобуд бўлган, яна олти киши турли жароҳатлар билан касалхонага ëтқизилган эди.
XS
SM
MD
LG