Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

“71 яшар Чориевнинг “ишқ иқрори” унга қарши найранг бўлиши мумкин”


АҚШ ҳудудида ташкил этилган “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг отаси, 71 яшар Ҳасан Чориев суд ҳукмига кўра жабрланувчи, деб тан олинган 19 яшар Матлуба Абдураҳмонова билан ўзаро ишончга асосланган ишқий муносабатлари бўлганини тан олгани тўғрисидаги хабар куни кеча пайдо бўлди ва унга Чориев ишини яқиндан кузатиб келаётганларнинг баъзилари ишонмаяпти.

Чориевнинг айбсиз эканлигини исботлашга уриниб келаётган ва мамлакат президентига бу масалага оид сўнгги шикоятини Интернетда 21 сентябр куни эълон қилган ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовнинг фикрича эса, Ҳасан Чориевнинг иқрори унинг устидан ўтказилган судловнинг уюштирилган эканлигига яна бир далилдир.

Шуҳрат Рустамовнинг Озодликка билдиришича, Чориевлар оиласининг бир ишончли вакили 19 яшар Матлуба Абдураҳмоновани зўрлаганликда айбдор, деб топилиб, жорий йилнинг августида Қарши шаҳар суди томонидан 5 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда Тошкент шаҳридаги 1- тергов изоляторида сақланаётган 71 яшар Ҳасан Чориев билан учрашган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Рустамов маҳбус билан учрашиб чиққан шахснинг исмини сир тутган ҳолда, унинг айтганларига таяниб, Ҳасан Чориев “бир йилча аввал 19 яшар Матлуба Абдураҳмоновани севиб қолганига иқрор бўлганини, муҳаббати жавобсиз қолмаганини ва у билан ҳуфёна учрашиб юрганини тан олганини” айтди.

Шуҳрат Рустамовнинг фикрича, Ҳасан Чориевнинг бу иқрори унга қарши жиноят ишининг уюштирилиш механизмини тушуниш учун муҳим маълумотдир.

- Менинг тахминимча, аввал улар Матлубанинг бирор йигит билан тирикчилик мақсадида бўлган учрашувини видеога олишган. Кейин у видео ëрдамида бу қизни мажбур қилишган яна бир марта Ҳасан ака билан учрашувга чиқишга. Учрашув 12 июнга тайинланган. Унинг устига 12 июндан бир кун олдин участковой уйларига келиб, Ҳасан акага “Эртага сизни вилоят прокуратурасига чақиришаяпти. Бораркансиз” деб айтиб кетган. Бу киши 12 июн куни аҳволлари яхши бўлмаса ҳам, ҳурмат юзасидан инқиллаб-синқиллаб борганлар у прокуратурага. Борганларидан кейин қабулга кирганлар, прокурор ўринбосарининг қабулига. 150 километр масофадан чақиртирган одам арзимаган сафсата саволларни берганда “кетаверинг” деган. Мана шундан билиб олсак бўлади, демак бу кишини алдаб чақиришган бу ëққа. Қаршига келишини таъминлаш прокуратурага юклатилган. Прокуратура чақиртираяпти, деган баҳона билан бу киши Қаршига келганлар. Кейин Матлубага команда беришган. Матлуба кейин Чориевга телефон қилиб, ҳозирги ўтирган квартирасини, воқеа содир бўлган жойнинг хабарини берган, кейин Ҳасан ака бориб, у билан ҳол-аҳвол сўрашга, бир-икки пиëла чой ичишга кирган. Матлубани мажбур қилишдан олдин худди шу квартирага махсус хизматчилар видеокамера қўйган. Бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаммасини булар видеога олган, дейди Шуҳрат Рустамов.

Унинг айтишича, суд жараёнида ўша видеотасвир намойиш этилган эмас, “чунки у ерда зўрлаш аломатлари содир этилмаган. Ихтиëрий равишда алоқа қилинган”.

Шуҳрат Рустамовнинг фикрича, “Ҳасан Чориевнинг Матлуба Абдураҳмонова билан бир йил давомида ўзаро ишончга асосланган ишқий муносабатларда бўлгани тўғрисидаги иқроридан сўнг суднинг айблов ҳукми учун гўёки ашёвий далил бўлган видеотасвирни кўриб чиқиш, унда зўрлаш аломатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилиш ҳамда бу видеофитнани уюштирганларни жазолаш зарурдир”.

Ва унинг куни кеча мамлакат Президентига ёзган шикоятномаси шу талаб билан якунланади.

Мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова Ҳасан Чориев ишини яқиндан ўрганиб келмоқда. Озодлик билан суҳбатда Чориевга оид сўнгги янгиликка ишонмаслигини айтар экан, жумладан бундай деди:

- Мен қачон ишонаман? Қачонки суд материалларидан нусха олиб, Ҳасан Чориевнинг кўргазмаларига кўзим тушса, қачонки Ҳасан Чориев билан энг яқин қариндош-уруғлари ëки ўзим шахсан учрашсам, яккама-якка суҳбатда бўлсам, ўз оғизларидан бўлиб ўтган воқеалар жараëнини эшитсам, шундагина мен бу гапларга амин бўлган бўлардим, деди Малоҳат Эшонқулова. Унинг айтишича, маҳаллий маъмурлар ҳанузгача Ҳасан Чориевга қарши ишлатиш учун “фактлар” йиғиш билан овора.

- Гарчи Ҳасан Чориевни қамашган бўлсалар-да, унинг ортидан ҳали ҳам унга қарши хуфëна тарзда иш олиб боришни тўхтатмаëтганликларининг гувоҳи бўлдим, деди мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова.

АҚШ ҳудудида ташкил этилган “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев ўз отаси, 71 яшар Ҳасан Чориевга оид сўнгги янгиликни шарҳлашни истамади. Айни пайтда тилга олинган ҳаракатнинг расмий сайти шу мавзудаги материалларни эълон қилган.

Ҳасан Чориевнинг турмуш ўртоғи Норой момо Озодлик саволларига жавоб бериб, эри билан боғлиқ гап-сўзларга ишонмаслигини таъкидлаб айтар экан, бундай деди:

- 47 йил бўлди мана яшаганимизга. Турмушимиз яхши эди, Худога шукур. 10 та фарзандимиз бор. Бари фарзандларимизни ўқитдик, ҳаммасини жой-жойига қўйдик. Ҳаммасини уйли-жойли, бола-чақали қилдик. Бу гапни эшитиб, юрагим орқага тортиб кетади. Худодан топсин ким қилган бўлса ҳам. Болаларига, хоналарига эга бўлмасин, деди Норой момо.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди жорий йилнинг 6 августида 71 яшар Ҳасан Чориевни 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг номусига тажовуз қилганликда айбдор, деб топиб 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган эди.

Қашқадарë вилоят Адлия бошқармасидан ўша кунларда олинган маълумотга кўра, Матлуба Абдураҳмонованинг номусига текканликда айбланиб яна бир фуқаро - қаршилик бой тадбиркорнинг ўғли ҳибсга олинган.

Бу ҳолат 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг исталмаган шахсларга қарши қўйилган тузоқ экани борасидаги иддаолар урчишига асос бўлган эди.
XS
SM
MD
LG