Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:51

Тошкентда шоир Рауф Парфига бағишланган барча тадбирлар тўхтатилди


Машҳур ўзбек шоири Рауф Парфининг 70 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрида 25, 26, 27 сентябрь кунлари ўтказилиши лозим бўлган барча тадбирлар қолдирилди. Расмийлар бу тадбирлар нима сабабдан қолдирилганини изоҳламаяпти.

Низомий номидаги Тошкент давлат педогогика университети биносида 26 сентябрь куни соат 14 да машҳур ўзбек шоири Рауф Парфининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилиши режаланган “Шоирни куйлатган Ҳазрати Инсон” деб номланган адабий кеча қолдирилди.

Бу учрашувга таклифнома олган шоир ва ёзувчилар университетга боргандан сўнггина тадбир қолдирилганидан хабар топдилар.

Ёзувчи Эркин Аъзам бу тадбирнинг нима сабабдан қолдирилганини билмаслигини айтади:

- Менга ҳам бир йигит таклифнома олиб бориб берганди. Кеча телефон қилди. Ака кеча қолдирилди, деб. Сабабини билолмадик, деди ёзувчи Эркин Аъзам.

Низомий номидаги Тошкент давлат педогогика университети маънавият бўлими мулозими ҳам учрашув номаълум муддатга қолдирилганини айтар экан, бунинг сабабини Озодликка изоҳламади.



Бир кун олдин, 25 сентябрь куни Навоий номли Миллий кутубхонада ўтказилиши лозим бўлган Рауф Парфи ҳаёт ва ижодига бағишланган тадбир ҳам қолдирилган эди.

Навоий кутубхонасининг Маълумотнома, ахборот хизматлари кўрсатиш раҳбари Қундузой Нуримова Озодлик билан суҳбатда тадбирнинг икки сабабга кўра қолдирилганини айтди:

- Биринчи сабаби¸ бизда ҳаво берадиган ускуналаримиз бир-икки кун ишламай қолди. Залимизда ҳаво дим бўлиб икки соатлик тадбир ўтказишга имконият бўлмади. Иккинчи сабаби эса¸ шу куни кутубхона барча раҳбарлари кўргазмага кетган эди. Ҳозирча бу тадбир номаълум муддатга қолдирилди, деди Қундузой Нуримова.

Рауф Парфининг 70 йиллик юбилейига бағишланган тадбирларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил қилган.

Озодлик нима сабабдан бу тадбирлар ўтказилмай қолганига ихзоҳ олиш мақсадида уюшма билан боғланди. Телефон гўшагини кўтарган котиба қиз уюшма раиси Муҳаммад Али йўқлиги боис, бу саволимизга уюшма котиби Уйғун Рўзиевдан жавоб олишимиз мумкинлигини айтди.

Уйғун Рўзиев эса Озодликнинг Рауф Парфи юбилейига бағишланган тадбирлар нима сабабдан бекор қилингани ҳақидаги саволимизни тинглагандан сўнг, бирданига бизни гўё “эшитмай” қолди ва алоқани узди. У билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Рауф Парфининг турмуш ўртоғи бўлган шоира Дилором Исҳоқовага кўра, 27 сентябрь куни Рауф Парфи ҳақига бериладиган ош ҳам, пахта мавсуми баҳонасида бекор қилинган.

Шоира расмийларнинг ўзбек дардини куйлаган шоирига бундай ҳурматсизлигидан қаттиқ хафа бўлганини айтади:

- Буларнинг ҳаммаси жуда қизиқ бўлди. Рауф аканинг 70 йиллигига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси яхши тайёргарлик кўрди. Лекин мана кеча Навоий кутубхонасида бекор қилинди. Бугун Низомийдаги адабий кеча ҳам. Рауф аканинг янги сайланмаси тақдимоти ҳам қолдирилди. Эртага ош бериш ҳам бекор қилинди¸ деб ҳозир хабар беришди. Албатта, бунинг ҳаммаси Рауф ака шеъриятига, ўзбекнинг улуғ шоирига ҳурматсизлик бўлди, деди Дилором Исҳоқова.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган ўзбек шоирларидан бири бу тадбирларни қолдириш ҳақидаги буйруқ президент девонидан тушганини айтади:

- Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Рауф Парфи юбилейини нишонлаш ҳақида тадбирлар, худойи оши ташкил қилганини эшитиб ва ниҳоят шоиримиз қадрланадиган бўлибди¸ деб хурсанд бўлган эдик. Лекин кечадан буён ҳамма ёзувчи ва шоирларнинг ҳафсаласи яна пир бўлди. Мен олган ишончли маълумотга кўра, девондан ҳамма тадбирларингни йиғиштир деган оғзаки кўрсатма бўлган экан. Майли, Рауф Парфи шундай ҳам халқ шоири, ўзбеклар севадиган ҳақпараст шоир. Бу тадбирларсиз ҳам халқ Рауф Парфини яхши кўраверади, деди ўзбекистонлик шоирлардан бири.

Ўтган асрда шоир Рауф Парфи билан бирга ижод қилган шоир Муҳаммад Солиҳ расмий Тошкентнинг шоирни камситишидан ҳайратланмаганини айтади:

- Рауф Парфи ҳеч қачон режим одами бўлмаган¸ ҳатто режим мухолифи бўлган дейиш ҳам мумкин. Режим ҳам бунинг муайян қасосини олаяпти¸ дейди ўтган асрда шоир Рауф Парфи билан ҳамнафас ижод қилган шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбек халқининг исёнкор шоири Рауф Парфи на бир урфга кирган мафкура ва на ҳокимият тепасига келган шахсларга қуллуқ қилмасдан, миллат ва шеърга садоқатда яшаб ўтди.

Рауф Парфи туркий халқларнинг бир иттифоқда ва бир мамлакатда яшашини, ўзбекларнинг зулм ва залолатда эмас, балки эркинликда ва ўзига тўқ яшашини орзу қилган шоир эди.

Рауф Парфига 1999 йилда Ўзбекистон Халқ шоири унвони берилган. Бироқ у унвонни олиш учун таклиф қилинганига қарамай, президент девонига бормаган.

1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилоятининг Шўралисой қишлоғида туғилган
Рауф Парфининг ижоди ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланган. Дастлабки шеърлар тўплами — «Карвон йўли» (1968). «Акс-садо» (1970), «Тасвир» (1973), «Хотирот» (1974), «Кўзлар» (1976), «Қайтиш» (1981), «Сабр дарахти» (1986), «Сукунат» (1991), «Тавба» (2001), «Сўнгги видо» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Байроннинг «Манфред», Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари», Карло Каладзенинг «Денгиз хаёли» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Шоир 2005 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.

Парфининг 70 йиллик юбилейи арафасида Тошкентда унинг сайланма асарлари киритилган китоби нашр этилди.
XS
SM
MD
LG