Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Тахтакўпирда теримчи-ўқувчи қиз ўзини осиб қўйди


Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган ўқувчи Малика Ембергенова ётоқда ўзини осиб қўйди. Тахтакўпир туманидаги масъул идоралардан олинган маълумотларга кўра, 17 яшар ўқувчи қизнинг ўз жонига қасд қилиши сабаблари ҳозирча номаълум.



Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган Ембергенова Малика Дарёбоевна Тахтакўпир туманидаги ётоқда ўз жонига қасд қилди.

Мутасадди ташкилотлардан йиғилган маълумотларга кўра, ҳодиса 23 сентябр куни Тахтакўпирнинг Атакўл қишлоқчасидаги хонадонда содир бўлган.

"У қиз ўша ёққа пахта тергани борган ва ўша ердаги хонадонлардан бирида ётоқда турган. Ўша ҳовлида бўлган бу иш. Атакўл селсовети, деб қўйишади у жойни. У қиз ўзини осиб қўйган, сабаблари ҳеч кимга маълум эмас", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда Тахтакўпир туманидаги мутасадди идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз вакили.

Расмий марҳуманинг 1996 йилда Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги Казанкеткен қишлоғида туғилгани ҳақида Озодликка тушган маълумотларни тасдиқлади.

Айни дамда Тахтакўпир тумани прокуратураси Малика Ембергенованинг ўлими юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

"Қизнинг жасади ёриб кўрилган, тиббий-экспертиза, как следует, ўтказилган. Лекин ҳаммаси топ-тоза, ҳеч қанақа мотив йўқ. Хат-пат ҳам қолдирмаган", дея қўшимча қилди тахтакўпирлик мутасадди.

Тахтакўпир тумани ҳокимлигининг ҳодисани тасдиқлаган расмийси фожеани пахта теримига боғлаш нотўғри, дея қўшимча қилди.

"Пахтага алоқаси йўқ, у қиз ўзини-ўзи осиб қўйган, хонадонда", дея гапни қисқа қилди туман ҳокимлиги расмийси.

Нукус шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълумот берган раҳбарига кўра, Тахтакўпир туманига теримга олиб чиқилган коллеж ўқувчилари аҳоли уйларига жойлаштирилган.

"Шу одамларнинг уйларига бўлиб берилганда, 3-4 тадан қилиб. Ўша уйлардан туриб, пахтага бориб-келишади. Унақа дала шийпонларда ётоқ, деган нарсалар йўқ у ерда", деди Нукусдаги коллежнинг исмини ошкор қилмаётганимиз раҳбари.

Касб-ҳунар таълим муассасалари ходимларидан олинган маълумотларга кўра, Қорақалпоғистонда ҳам коллеж ўқувчилари ёппасига пахта теримига олиб чиқилган.

Жумладан, Нукус темир йўллари транспорти касб-ҳунар коллежи қабулхонасида телефон гўшагини кўтарган ходим: "Ҳамма пахтада, бирорта ўқувчи қолмаган, ўқитувчилар ҳам пахтада, қандай савол бўлса, пахтадан кейин звонит қилинг!" деб жавоб берди.

Нукусдаги умумий таълим мактабларидан бирининг ўқитувчиси Абдураҳмон Солиевга кўра, бу йилги йиғим-теримга аҳолини оммавий сафарбар қилиш кампанияси ўтган йилгига нисбатан кескинроқ ўтмоқда.

"Етти ёшдан-етмиш ёшгача, ҳаммани пахтага қуваяпти. Бизнинг мактабда ҳам ўқитувчиларни қувган. Мен энди кексаман, лекин мени ҳам чиқасиз, деган. Мактабда эса ўқитувчи йўқ ҳисоби. Лекин, ўқувчилардан жертва бўлибди, деган гапни мен шу вақтгача эшитмаганман", деди нукуслик ўқитувчи.

Бу ҳодисадан хабар топган қорақалпоғистонлик фаоллар Малика Ембергенова ўлимини Қорақалпоғистондаги пахта кампаниясининг илк қурбони, деб баҳоламоқда.

Озодлик тўплаган маълумотларга кўра эса, 17 ёшли бу ўқувчи қиз Ўзбекистондаги бу йилги пахта терими кампаниясининг бешинчи қурбонидир.

Куни кеча Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги фермер Абдуғани Жумабоевнинг 20 яшар келини (исм-фамилияси ҳозирча номаълум - Таҳр.) пахтазорда вафот этгани хабар қилинган эди. Бу аёлнинг ўлими сабаблари ҳам номаълум қолмоқда.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига ташланган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябр куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябр куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2-босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG