Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Босқинчилар гуруҳи Чилонзорда яна икки қария уйини тунади


Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари босқинчиларни "Исковуч" гуруҳи деб атамоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари босқинчиларни "Исковуч" гуруҳи деб атамоқда.

26 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ёлғиз яшовчи 65 яшар аёл уйи тунаб кетилди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, айни босқинчилар гуруҳи бир ой аввал қилган босқин оқибатида Чилонзордаги 89 яшар аёл вафот этган.


“Исковуч” гуруҳига қизалоқ ҳам қўшилди

Ўтган пайшанба куни пойтахтнинг Чилонзор тумани 19-кварталида ёлғиз яшайдиган 65 яшар аёлнинг уйига бир эркак ва бир аёл ҳамда бир қизалоқдан иборат талончилар гуруҳи ўғирликка тушди.

Бу ҳақда Озодликка Тошкент шаҳар ИИБда ишловчи манба маълум қилди.

“Кампир тирик қолган. Ўғирлик охирига етмасдан маҳалладан бириктирилган фаол уйга келиб қолгани натижасида кампир ўлмай қолган. Биз кампирларникига кираётган гуруҳни “Исковуч” деб атаяпмиз. Ҳозир “Исковуч”нинг фото роботлари ишлаб чиқилган. Бу сафар “Исковуч” гуруҳига 10-11 ёшлардаги бир қизалоқ ҳам қўшилган. Олдин улар эр-хотин кўринишида ҳаракат қиларди. Энди болани ҳам қўшиб олишган”, деди исмини сир сақлашни сўраган Озодлик манбаси.

Манба жабрланувчи аёлнинг исми-шарифини очиқламади.

Чилонзордаги Ал-Хоразмий маҳалла қўмитасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда талончиларнинг фотороботлари барча ёлғиз қарияларга тарқатилган.

“Бизда куни кеча ҳокимиятда мажлис бўлди. Мажлисда айтишди, шу эр-хотин қизи билан келиб, қария кампирни алдаб-сулдаб уйига кирган. Шуларнинг фотороботини қарияларга бердик. Маҳаллада деярли барчага тарқатилган. Ёлғиз қарияларнинг ён қўшнилари ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар олаяпти. Маҳалладан ҳам биттадан одам бириктирилган. Уларни ташлаб қўймаяпмиз”, деди Ал-Хоразмий маҳалласининг ўзини таништирмаган фаоли микрофонсиз суҳбатда.

“Исковуч” босқинидан 89 ёшли момо ўлди

Ўтган ойда Чилонзор туманининг Чилонзор маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи 89 яшар қария аёл уйига босиқинчилар гуруҳи томонидан босқинчилик уюштирилди.

Чилонзор маҳалла қўмитасидан олинган маълумотга кўра, қария ўша куни оламдан ўтган.

“Бу аёл ўзи ёлғиз яшарди. Маҳалладаги кам таъминланган оилалардан бирига уйини нотаруис орқали бириктириб қўйилган эди. Ўша оила унинг овқати, иссиқ-совуғидан хабар олиб турарди. Шу куни улар қарияга овқатини бериб, чиқиб кетиши билан ўғрилар кириб келган. Энди ёши 89да эди. Кўтара олмасдан шу куни ўлган”, дейди маҳалла фаолларидан бири микрофонсиз суҳбатда.

Ҳозирда Чилонзор маҳалласидаги 12 та кўп қаватли уйда жами 8 та ёлғиз қария яшайди. Маҳалла фаолига кўра, уларга учтадан назоратчи бириктирилган.

“Тошкент шаҳар ИИБсидан битта милиция ходими беришган. Кейин маҳалладан битта фаол ва домкомга ҳам қарияларни назорат қилиш юклатилган. Улар тўла назоратга олинган. Кейин қўни-қўшни ҳам қараб турмаяпти. Ўғрилар коммуналчимиз деб кираяпти уйларга. Биз ҳозир маҳалла ҳудудига кирган ҳар бир бегона одамни ўрганаяпмиз”, дейди маҳалла фаоли.

Чилонзор тумани ИИБдан олинган маълумотга кўра, ҳозирда иккита ҳолат бўйича ҳам тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

“Исковуч” деб аталаётган босқинчилар гуруҳи фақат пулга зарурат туғилган пайтда кампирлар уйига тушаяпти. Шунинг учун уларни тутиш сал қийин бўлаяпти. Лекин уларни ушлаш учун бутун имконият ишга солинаяпти. Яқинда албатта тутамиз”, дейди Чилонзор ИИБсидаги ўзини таништирмаган милиция ходими.

Тошкентдаги талончи қотиллар жинояти 30дан ошди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир йил мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони ўттиздан ошган.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган.

Тошкент милицияси маълумотига кўра, ёлғиз қарияларни ўлдиришда жиноятчилар сохта коммуналчилар ниқобидан фойдаланмоқда.

Тошкент шаҳар ИИБдан олинган маълумотга кўра, ҳозирча қидирув эълонларидан бирор натижа чиқмаган, жиноятчилар ҳануз очиқда қолмоқда.

Қотилларни қидириш ишлари МХХ, прокуратура ва милиция ходимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG