Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:42

Ўзбекистонда UCell очган шахс коррупция айблари ортидан ишдан бўшатилди


Теро Кивисаари¸ TeliaSoneraнинг 2013 йил 3 октябрь куни ишдан бўшатилган ўзбек музокарачиси. Сурат sverigesradio сайтидан олинди.
Теро Кивисаари¸ TeliaSoneraнинг 2013 йил 3 октябрь куни ишдан бўшатилган ўзбек музокарачиси. Сурат sverigesradio сайтидан олинди.
Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун миллионлаб доллар пора берганликда гумонланаëтган Швециянинг TeliaSonera ширкати яна бир расмийсини “қурбон “ қилди. Ширкатни бевосита Ўзбекистонга олиб кириш учун масъул бўлган Мобил алоқалар хизмати президенти Теро Кивисаари 3 октябрь куни ишдан бўшатилди.

TeliaSonera расмий баëноти

“Теро Кивисаарининг танқидга учраган Ўзбекистонга сармоя олиб кириш жараëнидаги роли ва унинг шу иш билан жамоатчилик диққат-марказига тушгани унинг TeliaSoneraнинг энг йирик бизнес ҳудуди президенти сифатида на ширкат ичкариси ва на ташқарида рисоладагидай фаолият юритишини имконсиз қилиб қўйди. Шу боис биз унинг бу лавозимдан кетиши юзасидан келишувга эришдик”¸ дейилади TeliaSonera ширкати президенти ва бош ижроия директори Йоҳан Деннелинд номидан эълон қилинган баëнотда.

“Ўзбекистонга сармоя киритиш жараëни TeliaSonera амал қилиб келадиган бизнес қоидаларига мувофиқ бўлмаган ҳолда ўтказилган. Бу хатоликларнинг каттагина қисми эса ноадекват тартиб ва қоидалар оқибатида юзага чиққан. Mannheimer Swartling ҳозирлаган ҳисоботда ҳам шундай хулосага келинди. Ширкатимизнинг шу каби муаммолардаги бошқарувини кучайтириш олдимиздаги устивор вазифамиздир”¸ деб давом этади Йоҳан Деннелинд.

“Биз Швеция прокуратураси билан Ўзбекистонга сармоя олиб кириш жараëни юзасидан бораëтган терговда ҳамкорлик қилишни давом эттирамиз ва бу жараëннинг ниҳоясига етишини кутиб қоламиз”¸ деб хулоса қилади акцияларининг 37 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera президенти ўз баëнотида.

3 октябрь куни ишдан бўшатилган Теро Кивисаари 2007 йилда TeliaSonera ширкатининг Евроосиë бўлими раҳбари сифатида Ўзбекистон расмийлари билан ширкатни ўзбек мобил алоқа бозорига олиб кириш юзасидан музокараларга бошчилик қилган шахсдир.

Расмий баëнотга расмий изоҳ

Теро Кивисаарининг ишдан бўшатилиши эълон қилиниши ортидан Озодлик саволларига жавоб берган TeliaSonera матбуот котиби Irene Krohn Кивисаарининг Швеция прокуратураси очган жиноий ишдаги асосий гумонланувчилардан бири эканини тан олишга мажбур бўлди:

- Ҳа¸ у жиноий ишда гумонланаëтганлардан бири. Тергов жараëни давом этар экан¸ жаноб Кивисаари на ширкат ичкариси ва на ташқарисида лозим бўлган даражадаги ишларни бажара олмай қолди. Шу боис¸ у Мобил хизматлар президенти лавозимидан бўшатилди. Аммо у TeliaSonera гуруҳи ичида қолади¸ деган Irene Krohn, Кивисаарининг янги вазифасига ойдинлик киритишни истамади.

Озодлик мухбирининг Кивисаарининг ишдан бўшатилиши у бошчилигидаги TeliaSonera ширкатини Ўзбекистонга олиб кириш жараëнида улкан миқдорда пора аралашганига оид айбловларни билвосита тан олишми? деган саволига ширкат матбуот ходими:

- Йўқ¸ йўқ. Бу Ўзбекистонга кириш жараëнида TeliaSonera амал қиладиган қоидаларнинг бузилганига оид танқидларга жавобдир¸ дер экан ширкат "амал қиладиган қоидалар"га изоҳ беришни истамади.

TeliaSonera ва "ўзбеклар иши"

Швеция жамоатчилик телевидениеси 2012 йил сентябрида намойиш қилган “Вазифа: текшириш” журналистик суриштирув рукни доирасида тайёрланган “TeliaSonera – Ўзбек иши” ҳужжатли филмида 37 фоиз акцияси Швеция¸ 11 фоизи Финляндия ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкати воситачи Takilant фирмаси орқали Гулнора Каримовага йирик миқдорда пора берганига оид иддаолар илгари сурилган эди.

Бу пуллар аслида¸ журналистлар тахминича¸ TeliaSoneraни UCell бренди остида Ўзбекистонга олиб кириш учун Каримовага берилган откатдир.

2012 йил декабрида Швеция жамоатчилик телевидениеси журналистлари филмнинг иккинчи қисми - “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли ҳужжатли филмни эфирга берди.

Иккинчи филмда ҳам TeliaSonera ширкати Takilant воситачи фирмаси орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинди.

Журналистик суриштирувнинг май ойида эълон қилинган ҳозирча сўнгги 3-қисми - "Москвадан келган чопар" филмида эса¸ TeliaSoneraнинг Ўзбекистонга киришини ҳам¸ унинг ўзбек бозоридаги кейинги фаолиятини ҳам асосан бир шахс - президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова назорат қилгани ва пора ҳамда откатни ҳам асосан Каримова олгани оид янги далил ва иддаолар илгари сурилди.

Ҳужжатли филмларда илгари сурилган айбловлар Швеция прокуратурасининг TeliaSonera ширкати устидан тергов бошлашига, ҳамда ширкат президенти Ларс Нюбергнинг истеъфоси ва бошқарув ҳайъати таркибининг тўла алмаштирилишига сабаб бўлди.

Теро Кивисаарининг 2013 йил 3 октябрида TeliaSonera ширкатидаги лавозимидан бўшатилиши¸ кузатувчилар фикрича¸ тергов давомида у олиб борган музокараларнинг қонун доирасидан чиққанини билвосита тасдиқлайди. Зотан¸ Кивисаари¸ Ўзбекистонга кириш учун TeliaSonera номидан пора берганликда гумонланаëтганлардан биридир.

"Ўзбеклар иши"нинг ўзбек фигурантлари

Швецияда “ўзбек иши” деб ном олган бу тергов жараëнида катта миқдорда пора олганлик ва пул ювиш амалиëтларини уюштирганликда гумонланаëтганлар орасида уч Ўзбекистон фуқароси – Гаяне Авакян¸ Беҳзод Аҳмедов ва Алишер Собировлар бор.

Расман очиқланмаган маълумотга кўра¸ швед прокурорлари томонидан олиб борилаëтган тергов жараëн давомида Гулнора Каримова ҳам гумонланувчилар рўйхатига киритилган.

Озодлик манбаларига кўра¸ ҳозирда Гаяне Авакян ва Алишер Собиров Тошкентда¸ Беҳзод Аҳмедовнинг қаерда экани эса¸ номаълумлигича қолмоқда.

“Швейцария¸ Швеция¸ Франция ва Латвияда миллионлаб доллар миқдорда пул ювиш ва коррупция айблари билан терговга тортилган Ўзбекистон фуқаролари Шоҳруҳ Собиров¸ Алишер Эргашев ва уларга кўмаклашганлар Тошкентда Гулнора Каримова кўрсатмаси билан асоратда сақланмоқда"¸ деб хабар қилди Озодликка бу шахсларга яқин манба.

Бу шахсларни хориждаги “ўзбек иши”ни ўзига қарши уюштирганликда айблаëтган Гулнора Каримова¸ Шоҳруҳ Собиров ва Алишер Эргашевни Швейцария ҳибсхонасидан чиқариш учун тўланган гаров пулини ҳам уларнинг бўйнига илиб қўйди. Оқибатда бу йигитлар оиласини боқа олмайдиган ҳолга тушиб қолди”¸ деб хабар қилди бу шахсларга яқин манба ўзини таништирмаслик шарти билан.

“Гулнора Каримова Шоҳруҳ Собиров ва Алишер Эргашевни ўзини “подстава” қилганликда айбламоқда. Январ ойида Собиров. Эргашев ва уларга ëрдам берганлар бир ярим ойча қамоққа ташланди¸ ҳозирда уларнинг паспортлари олиб қўйилган¸ номига ишда қолдирилган бўлса-да¸ ойлик тўланмайди. Доимий назорат остида сақланмоқда¸ уйидаги телефонларигача ўчириб қўйилган. Улар Каримовага гаров пулини тўлаш учун машиналаригача сотди¸ ҳозирда болаларини боқа олмайдиган бўлиб қолди”.

Озодликка боғланиб¸ ўзини “ўзбек иши” фигурантларидан бирининг яқини деб таништирган манба Гулнора Каримова¸ ўз ибораси билан эса¸ “опа”нинг ғазабидан қўрқиб¸ овози эшиттирилмаслигини сўради.

Гулнора Каримовага қарашли экани иддао қилинадиган Coca Cola Uzbekistan ширкатининг топ-менежерлари бўлган 37 ёшли Алишер Эргашев ва 34 ёшли Шоҳруҳ Собировлар 2012 йилнинг 29 июл куни Женевадаги Lombard Odier банкининг Швейцария терговчилари назоратида бўлган шубҳали ҳисоб рақамларидан катта миқдорда пул чиқаришга уринган пайтда ҳибсга олинган эди.

Швейцария прокуратураси икки ярим ойдан ортиқ қамоқда сақлаган Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров билан яна икки Ўзбекистон фуқароси Беҳзод Аҳмедов ва Гаянэ Авакянга расман пул ювиш ва бошқа молиявий айбловлар қўйилган.

2012 йилнинг 15 октябрь куни Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар миқдори эълон қилинмаган гаров пули эвазига озод қилинган бўлса-да¸ уларга Швейцарияда очилган жиноий иш ҳали давом этмоқда. Тахминларга кўра¸ Гулнора Каримова Швейцария терговчиларига сирни гуллаб қўйишидан чўчиган Собиров ва Эргашевларни камида 1 миллион АҚШ доллари эвазига “қутқариб олиб¸ Тошкентга келтирган.

Айни пайтда¸ Гибралтарда рўйхатга олинган ва Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова назорат қилиши тахмин этилаëтган Авакян номига расмийлаштирилган Takilant Ltd. фирмасининг Швециядаги Nordea банкидаги 30 миллион долларга тенг активлари 2012 йил октябрида Швеция прокуратураси томонидан пора олиш ва пул ювишга оид жиноий иш дорасида музлатиб қўйилган.

Алишер Эргашев ва Гаяне Авакян Швеция тергов идоралари томонидан ҳам TeliaSonera ва Takilant Ltd. билан боғлиқ иш юзасидан пул ювиш ва молиявий жиноятларда айбланмоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ ўтган ой Швеция суди бораëтган тергов муносабати билан бу пулларни музлатиш қарорини 2014 йил январига қадар узайтирган.

Озодлик ҳозирча Шоҳруҳ Собиров¸ Алишер Эргашев ва Гулнора Каримова билан боғлиқ халқаро тергов жараëнига алоқадор бошқа Ўзбекистон фуқароларининг Каримова томонидан тазйиққа олинганига оид маълумотни мустақил манбалар томонидан тасдиқлай олмади.

Coca Colaнинг Озодлик боғланган ходими уларнинг расман ҳамон ширкат хизматчилари рўйхатида эканини айтишдан бошқа маълумот беришни истамади.

Озодлик таҳририяти ҳозирча на Шоҳруҳ Собиров ва на Алишер Эргашевнинг ўзлари ва на уларнинг бевосита оила аъзоларини топиб¸ гаплашишга муваффақ бўла олди.

Озодликнинг бу вазиятга ойдинлик киритиш учун Гулнора Каримовага қилган мурожаатлари¸ хусусан унинг Twitter аккаунтига юборилган сўрови жавобсиз қолдирилди - Каримова хоним бундай мурожаат йўллаган Озодлик мухбирларини дарҳол ўз фолловерлари рўйхатидан чиқариб ташлади.

Прокурор шарҳи

Озодлик мухбири TeliaSonera ширкатини жиноий ишга асос бўлган музокара ва молиявий схемалар орқали Ўзбекистонга олиб кирган Теро Кивисаарининг ишдан бўшатилишига муносабат билдиришни сўраб¸ Швеция Бош прокуратурасининг Коррупция ва молиявий жиноятларга қарши кураш бўлими раҳбари¸ "ўзбек иши"ни олиб бораëтган Гуннар Стетлерга мурожаат қилди.

Тергов манфаатлари юзасидан давом этаëтган жараëн тафсилотларини очиқлай олмаслигини билдирган Стетлер¸ "ўзбек иши" деб ном олган тергов кўламининг кенгайиб бораëтганини таъкидлади.

"Терговга тортилган шахслар айбини исбот қилиш ва бу ишни муваффақиятли якунлаш истиқболини қандай баҳолайсиз?" деган саволга прокурор Стетлер:

- Агар бу терговнинг муваффақият билан якунланишига заррача шубҳа қилганимда эди¸ уни аллақачон ëпиб қўйган бўлардим. Ҳозирда бу терговга ҳам TeliaSonera ширкатида ишлаганлар¸ ҳам хориж фуқаролари тортилган. Хориждаги ҳамкасбларимиз билан муттасил ҳамкорлик қилмоқдамиз. Швецияда гумонланувчиларнинг 30 миллион доллар пули музлатилган бўлса¸ Швейцарияда уларнинг юзлаб миллион доллари музлатилганича қолмоқда. Тергов давом этмоқда ва бу яқин келажакда унинг муваффақият билан якун топажагини англатади. Фақат унинг қачон¸ қандай тугаши ҳақида сизга тафсилотларни очиқлай олмайман¸ деди Швециянинг машҳур прокурори Стетлер.

Швецияда "комиссар Катани" тахаллуси билан танилган Гуннар Стетлер мамлакат тарихидаги энг жиддий¸ энг шов-шувли ишларни тергов қилиш масъулиятини ўз зиммасига олиб келади.

Швед матбуотининг таъкидича¸ ҳозирга қадар швед "Катани"си томонидан жиноятда гумонланганларнинг деярли барчасининг жиноий қилмишлари маҳкамада ўз исботини топган ва улар қонуний жазосини олган.
XS
SM
MD
LG