Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:40

Қашқадарёда 88 минг хонадон табиий газдан узилди


Ўзбекистон ҳукуматининг мутасадди идоралари томонидан жорий йилнинг 23 августида қабул қилинган “Биржа савдоларида суюлтирилган газни сотиш тартиби ҳақида низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори яқинда кучга кирди.

“Мазкур Низомга мувофиқ биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотдан фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади ва уни экспорт қилиш мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилган ҳужжатда.

Бироқ баъзи мутахассисларнинг айтишича, бу – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган суюлтирилган газнинг мутлақ ҳаммаси мамлакатнинг ўзида олиб қолади, дегани эмас.

Айни пайтда, Қашқадарё вилоятида 88 минг хонадон табиий газдан узилиб, суюлтирилган газга мослаштирилди.


Марказий банк, “Ўздавнефтгазинспекция”, “Ўзбекнефтгаз” МХК ва “ЎзРМХБ” ОАЖ биргаликда қабул қилган Низомнинг талаблари суюлтирилган газ (пропан-бутаннинг фракцияларидан иборат углеводород гази)ни ишлаб чиқарувчилар ҳамда уни электрон биржаларда реал вақт режимида сотувчи ва олувчиларга оиддир.

Ҳужжатда суюлтирилган газни сотиб олиш ҳуқуқи лицензияси мавжуд Ўзбекистон резидентларигагина берилган.

Улар газни биржа орқали сотиб олгач, уни Ўзбекистон ҳудудидагина қайта сотиши мумкин, экспорт қилиш эса тақиқлаб қўйилди.

“Ўзбекнефтгаз” МХК матбуот хизмати Озодлик радиосининг Низомни шарҳлаб беришни сўраб қилган мурожаатини жавобсиз қолдирди. Бироқ Қашқадарё вилоят газ таъминоти идораси вакили жавоблари ҳужжатни тушунишга ёрдам берди.

“Жанубгазтаъминот”нинг ўзини таништиришни истамаган вакилига кўра, суюлтирилган газ Қашқадарё вилоятида аҳолига етказиб бериладиган газ умумий ҳажмининг “27 фоизини ташкил қилади”:

- Аҳолига сотиладиган суюлтирилган газнинг, деди у, 1 килосини 258 сўмдан етказиб берамиз.

“Жанубгазтаъминот” вакилининг айтишича, Қашқадарё вилоятига жорий йил, “4-чораги учун 13 минг тонна суюлтирилган газ ажратилган”.

Вакилнинг айтишича, “шу пайтгача аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжининг 80-90 фоизи қоплаб келинган ва аҳолида шу пайтгача газнинг бу тури бўйича норозиликлар бўлмаган”.

Суюлтирилган газ экспортини тақиқлаш тўғрисидаги қарор мантиғини “Жанубгазтаъминот” вакилининг мана бу гапи бироз тушунтириши мумкин:

- Ҳозирда табиий газ етиб борган ҳудудларни суюлтирилган газга мослаштириш юзасидан иш олиб бораяпмиз. Бу иш якунига етай деб қолди. Вилоят бўйича 88 мингта хонадон табиий газдан узилиб суюлтирилган газга мослаштирилди. Булар куз-қиш мавсумида табиий газ босими пастлиги туфайли етиб бормайдиган ҳудудлардаги хонадонлардир, деди “Жанубгазтаъминот” вакили.

“Ўзбекнефтгаз” 2011 йилнинг кузида эълон қилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ҳар йили суюлтирилган газнинг камида 60 фоизини экспорт қилган. Ўзбек газини 2010 йилда сотиб олганлар орасида Россия (умумий экспорт ҳажмининг тақрибан 17 фоизи), Украина (12%), Афғонистон (9%), Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Венгрия, Австрия ва Хитой бор эди.

Қозоғистондаги “Uali Oil” компанияси Ўзбекистон брокерлик компаниясининг МДҲ ҳудудидаги расмий вакилидир.

“Uali Oil” расмий вакили Серик Ахметовнинг айтишича, “Қозоғистон ўзининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжининг 15 фоизини Ўзбекистон ва Туркманистондан газ билан қоплайди”:

“Uali Oil” расмий вакилининг “Биржа савдоларида суюлтирилган газни сотиш тартиби тўғрисидаги Низом”дан хабари бор.

Унинг айтишича, мазкур ҳужжатнинг суюлтирилган газ бозоридаги эски ўйинчиларга алоқаси йўқ. Масалан, “Uali Oil” компаниясининг Ўзбекистондан суюлтирилган газ импорт қилиш бўйича маддати чекланмаган шартномаси мавжуд.

Озодлик: Ўзбекистон суюлтирилган газ экспортини тақиқлаб қўйди...

“Uali Oil” расмий вакили: Бу хабарни мен ҳам ўқидим. Сизга такрор айтаман: Шу Низом қабул қилингунича имзоланган эски шартномалар билан ишлаётганларнинг экспорт қилишга (Ўзбекистондан) ваколати бор. Эндиликда биржада янги шартнома имзолайдиганлар учун экспорт қилиш тақиқланади.
XS
SM
MD
LG