Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Ўзбекистонлик аёл 4 фарзанди билан Домодедовода ҳибс қилинди


Андижонлик Зулҳумор Алижонова 4 фарзанди билан Домодедово аэропортининг тўрт томонидан елвизак эсган ҳибсхонасида кунига бир маҳал қайнатилган макарон бериб сақланмоқда.
Андижонлик Зулҳумор Алижонова 4 фарзанди билан Домодедово аэропортининг тўрт томонидан елвизак эсган ҳибсхонасида кунига бир маҳал қайнатилган макарон бериб сақланмоқда.
Бишкекдан Россиянинг Домодедово аэропортига учиб борган андижонлик Зулҳумор Алижонова 4 боласи билан ҳибсхонада қолмоқда. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ноқонуний равишда мамлакатга киришга уринган бу оилани Ўзбекистонга депортация қилишга қарор қилди. Аммо ҳуқуқ фаоллари қаршилиги билан оила транзит зонада қолдирилди.

Россиянинг Домодедово аэропортига 4 октябр куни учиб борган андижонлик Зулҳумор Алижонова 4 нафар вояга етмаган боласи билан ҳибсда сақланмоқда.

Аёлни ноқонуний тарзда келган, деб топган аэропорт полицияси оилани Россия ҳудудига киритмади.

Айни дамда аэропортнинг транзит ҳудудидаги ҳибсхонасида ўта оғир аҳволда сақланаётган оилани Ўзбекистонга депортация қилишга қарор қилинган.

Бу хабарни олиши билан Домодедово аэропортига борган Озодлик мухбирининг аниқлашича, полиция Алижоновани 4 боласига қўшиб Ўзбекистонга қайтариб юборишга уринган.

- Аэропорт полицияси, ҳатто, уларни мажбурлаб учиш йўлагига олиб чиққан. Лекин булар қаршилик кўрсатиб, дод-вой солишганидан сўнг учувчи уларни самолёт бортига олишдан бош тортган ва шундан кейин полиция уларни олиб қолишга мажбур бўлган, - деди андижонлик оила аҳволини суриштириб, аэропорт полицияси билан учрашган мухбир.

Унинг аниқлашича, шу тариқа депортацияси тўхтаб қолган Алижонова 4 боласи билан транзит зонадаги ҳибсхонада қолмоқда.

- У ерда яна 13 киши сақланмоқда. Ҳаммаси битта хонада. Шароити йўқ, ётоқ жойи йўқ, совуқ. Каттаси 15, кичиги 3 яшар бўлган тўрт боласи билан Зулҳумор Алижонова ҳам айни хонада. Унинг айтишича, биринчи кун овқат ҳам берилмаган. Кейин болалар оч қолиб йиғлагач бир маҳал қайнатилган макарон беришган, - дейди Умидбек.

Бунинг устига Алижонованинг юклари аэропорт ходимлари томонидан Ўзбекистонга бериб юборилган ва шу боис, елвизак эсаётган ҳибсхонадаги болаларнинг уст-боши ҳам юпун.

Айни дамда Россияда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир қатор ташкилот бу оила тақдири билан қизиқмоқда.

Аммо, аэропорт полицияси ҳуқуқ фаолларига Алижонова билан учрашиш имконини бермади.

Зулҳумор Алижоновани Россияда кутаётган турмуш ўртоғи эса (Исми сир сақланмоқда. - Таҳр.) оиласининг Ўзбекистонга қайтарилишига мутлақо қарши.

Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда айтишича, Россиядан сиёсий бошпана олган бу шахс Ўзбекистонда қидирувга берилган.

У ўзи ва оиласининг Ўзбекистонга қайтарилишини уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқлари дахлсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид, деб ҳисобламоқда.

Айни дамда Марказий Осиёлик сиёсий қочқинлар ҳимояси билан шуғулланаётган Светлана Ганнушкина оилага ҳуқуқий ёрдам бермоқда.

Айнан шу ташкилот босими остида Зулҳумор Алижонованинг сиёсий бошпана сўраб киритган аризаси қабул қилинди.

Бошқа тафсилотларни мухбиримиз Умидбек билан қуйида келтирилган суҳбатдан топишингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG