Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:41

“Бирдамлик”нинг Зоминдаги аъзоси уч йилга шартли кесилди


"Бирдамлик" аъзоси, фермер Алиқул Саримсоқов.
"Бирдамлик" аъзоси, фермер Алиқул Саримсоқов.
“Бирдамлик” халқ ҳаракатининг Жиззах вилояти етакчиси, фермер Алиқул Саримсоқов уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Алиқул Саримсоқовни туҳмат ва ҳақорат қилишда айблаб, Жиззах вилоятининг Зомин тумани ҳокими судга берган. Туман ҳокимининг ғайриқонуний ишлари ҳақида юқори идораларга шикоятлар ёзган ва уларни Интернетда эълон қилган Алиқул Саримсоқов айбни бўйнига олмаган.


Жиззахнинг Зомин тумани Жиноят ишлари суди 14 октябр куни “Бирдамлик” ҳаракати фаоли ва фермер, 51 яшар Алиқул Саримсоқовни 3 йиллик шартли жазога ҳукм қилди.

Зомин тумани ҳокимлиги даъвоси билан судга тортилган Алиқул Саримсоқов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-, 140-, 159-моддаларига асосан туҳмат, ҳақорат ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланди.

Бироқ, Озодликка интервю берган Алиқул Саримсоқов унга қўйилган айбловларни сохта, деб билишини айтади.

Фермерга кўра, “Зомин золимининг зулмидан дод!” мақоласи Интернетда эълон қилингандан сўнг унга нисбатан жиноят иши очилган.

- Ҳоким мени 2009 йилдан буён таъқиб қилиб келади. Ғаллачиликка мослашган 110 гектар фермерлигим бор. Тўрт йилдан бери ишлагани қўймайди. На менга бор, на давлатга бор, шунча ер шундайлигича музлаб турибди. Мен туман ҳокимининг ноқонуний ишлари ҳақида юқорига ёзиб келганман. Интернетдаги мақоламдан сўнг 30-майда менга нисбатан жиноят иши очилди, - дейди Алиқул Саримсоқов.

Фермерга кўра, маҳкама давомида унга нисбатан қўйилган айблар исботини топмаган бўлса ҳам, суд уни уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

- Суд менга 159-моддага асосан "Конституциявий тузумга тажовуз қилиш" айбини ҳам қўйиб юборди. Мен ҳақсизлик ҳақида шикоят қилган бўлсамда, яна тузумнинг тажовузкори бўлиб чиқяпман, - дейди Алиқул Саримсоқов.

Маҳкамани кузатиб борган инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Рустамов, суд ҳукмида хатога йўл қўйилганини айтар экан, 159-моддада шартли жазо кўзда тутилмаганини таъкидлайди.

- Мен бешта суд жараёнида иштирок этдим. Жиноят-процессуал кодекси қоидалари қўпол равишда бузилганига гувоҳ бўлдим. Саримсоқовга нисбатан 159-моддани ҳам қўллашибди, азаматлар. Энди ҳукмни қаранг: Бу модда бўйича айбланган одамга энг кам иш ҳақининг 600 баравари даражасида жарима солиниши ёки камида беш йилга озодликдан маҳрум этилиши лозим. Бу моддада "шартли жазо" деган нарсанинг ўзи йўқ. Бу судянинг хатоси, - деди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Алиқул Саримсоқов қўлида маҳаллий раҳбарлар жиноятини фош этувчи фактлар кўп бўлгани учун ҳам таъқибга учраган.

- Бу одамнинг қўлида ҳокимиятдагиларга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорлари амалдорларига қарши компроматлар жудаям кўп, ҳаммаси ҳужжатлаштирилган. Шунинг учун ҳам унга нисбатан жиноят ишини қўзғатиб қўйиб, таъқиб бошлашган. Қамалиб кетасан, яхшиси Ўзбекистондан чиқиб кет деб, роса огоҳлантиришган, - деди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов бу ҳукм устидан юқорида турувчи инстанцияга шикоят аризаси киритишни режалаганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
XS
SM
MD
LG