Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Бирюлёвода ўзбек муҳожири ўлдириб кетилди


Москванинг Шарқий Бирюлёво мавзеида танасига кўплаб маротаба пичоқ урилган ўзбекистонлик фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда Интерфакс ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Агентлик манбасига кўра, жасад кеча Курск йўналиши бўйлаб кетадиган темир йўлдан унча узоқ бўлмаган 6-радиалная кўчасидан топилган. Кейинроқ мақтулнинг Ўзбекистон фуқароси бўлгани аниқланган. Ўлдирилган ўзбек муҳожирининг исм-шарифи ҳозирча очиқлангани йўқ.

Бу қотиллик ким томонидан ва қандай шароитда амалга оширилган, воқеанинг 13 октябр куни Ғарбий Бирюлёвода миллатчилар томонидан уюштирилган тартибсизликлар билан алоқаси борми-йўқми – булар ҳозирча номаълум.

Бироқ ўзбекистонлик муҳожир жасади тартибсизликлардан икки кун ўтгач, мусулмонларнинг муборак байрами - Қурбон ҳайити куни топилгани аниқ ва бу икки воқеа ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлмаслиги мумкин эмаслиги тахмин қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 13 октябр куни Москванинг Ғарбий Бирюлёво мавзеида маҳаллий фуқаро Егор Шчербаковнинг ўлдирилишидан норози бўлган оломон тартибсизликларни келтириб чиқарганди.

15 октябр куни Россия куч ишлатар тизимлари Егор Шчербаков ўлимида гумонланган 30 ёшли озарбайжонлик Ўрхан Зейналов Москва яқинидаги Коломна шаҳрида қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди.

Мазкур қотиллик ва ундан кейин тартибсизликлар юзасидан қўзғатилган жиноий ишлар тергови давом этмоқда.

13 октябр кунги тартибсизликлар чоғида 23 одам, жумладан, полициянинг 8 ходими жароҳат олгани айтилмоқда. Мазкур зўравонликлардан кейин Россия полицияси 1200 дан ортиқ меҳнат муҳожирини ҳибсга олган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, якшанба куни Бирюлёвода содир этилган тартибсизликлардан кейин 267 киши қўлга олинган, уларнинг 72 нафарига нисбатан маъмурий қонунбузарлик бўйича баённомалар тузилган. 32 киши суд томонидан безорилик учун 500 рублдан 3000 рублгача жаримага тортилган.

Тартибсизликлардан кейин Бирюлёво туман ички ишлар бўлими бошлиғи Геннадий Каверин ишга совуққонлик билан ёндошгани учун ишдан олинган. Яқин орада Москва Жанубий округ ИИБ раҳбари Александр Подолнийнинг ҳам истеъфога кетиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG