Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:13

Мурод Жўраев оиласи илтимос билан яна президентга мурожаат қилди


Оғир хасталиклардан азият чекаëтган Мурод Жўраев¸ турмуш ўртоғининг айтишича¸ ғишт заводида қулларча меҳнатга мажбурланмоқда.
Оғир хасталиклардан азият чекаëтган Мурод Жўраев¸ турмуш ўртоғининг айтишича¸ ғишт заводида қулларча меҳнатга мажбурланмоқда.
20 йилдан бери қамоқдан чиқарилмаëтган Мурод Жўраев тутқунликда қулларча оғир меҳнатга мажбурланмоқда ва саломатлиги кун сайин оғирлашаëтган бу сиëсий маҳкум ҳаëти жиддий хавф остида. Ўзбекистон парламенти собиқ депутати ва Муборак шаҳар собиқ ҳокими Мурод Жўраев яқинлари ва мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари шундай хавотир билдирмоқда.

Куни-кеча Чирчиқдаги 64/6 жазони ўташ муассасасида сақланаëтган турмуш ўртоғини кўриб келган Холбека Жўраева қарийб 20 йилдан бери қамоқда сақланаëтган эрининг саломатлиги ëмонлашаëтгани ва унга мутлақ тиббий ëрдам кўрсатилмаëтганини билдирди:

- Умуман гўшт деган нарса йўқ баданларида¸ тамом бўлганлар. Давление кўтарилган¸ оғизда тиш йўқ. 61 яшар одамни бир тийин тўламасдан кунига камида 8 соат ғишт заводида ишлатишаяпти. Икки-уч сменада ишлатар экан¸ кечаси 3 даям ишга олиб кетар экан. Бу кетишда узоққа боришларига кўзим етмаяпти¸ дейди Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи 16 октябр куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон парламенти собиқ депутати¸ Муборак шаҳар собиқ ҳокими Мурод Жўраев.
Ўзбекистон парламенти собиқ депутати¸ Муборак шаҳар собиқ ҳокими Мурод Жўраев.
1994 йилда аввалига 12 йилга қамалган Мурод Жўраев 2012 йилнинг 4 декабр куни Олмалиқ суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддасига кўра “жазони ўташ муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўсунмаган”ликда айбдор деб топилган ва жазо муддати тугашига саноқли кун қолганда бу муддат яна 3 йилу 24 кунга узайтирилган эди.

2003, 2006 ва 2009 йилларда ҳам Мурод Жўраев озодликка чиқишига оз қолганида унинг жазо муддати кечқурун газета ўқиди¸ чироқни бемаҳалда ëқди¸ деган турли баҳоналар билан ҳар гал 3 йилга узайтирилган эди.

Мустақил Ўзбекистон қамоғида энг узоқ қолаëтган сиëсий маҳбус саналадиган Мурод Жўраевнинг қарийб 20 йилдан бери қамоқдан чиқарилмаëтгани бу тутқунликнинг энг юқоридан берилган буйруқ асосида узайтиралаëтганига оид тахминларга асос бўлмоқда.

Шоира ва мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова бундай жазонинг фақат биргина изоҳи бор¸ деган ишончда:

- Мурод Жўраевнинг шу даражада узоқ муддат қамоқда қолиб кетиши ва бешинчи марта судланиб¸ яна қўшиб берилиши ва 20 йилдан бери ўтиришининг ягона сабаби президент Ислом Каримовнинг Мурод акага бўлган шахсий муносабати деб ўйлайман¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Ҳуқуқ фаолига кўра¸ Қашқадарë вилоят компартияси раҳбари сифатида Ислом Каримов Мурод Жўраевни яхши билган ва Муборакда яхши ишлари билан танилган Жўраевнинг тўғрисўзлиги¸ ўзига нисбатан мухолифатга қўшилиши уни чўчитмай қолмаган:

- Мурод Жўраев ўша пайтда эндигина оëққа туриб келаëтган Эрк демократик партиясига жуда хайрихоҳ эди. Эркка ҳам¸ Бирликка ҳам қўлидан келган ëрдамини берди. Ўзи табиатан демократ одам эди. Ўзининг тўғрисўзлигиги билан шундай балоларга йўлиқди Мурод ака. Ўйлаганини минбардан туриб айтадиган одам эди. Айнан Каримовнинг хатоларини унинг юзига очиқ гапирар эди¸ деб таърифлайди парламент депутати Мурод Жўраевни унинг сафдоши Дилором Исҳоқова.

Халқаро босимлар остида Мамадали Маҳмудов ва Рашид Бекжон каби Ўзбекистондаги айрим таниқли сиëсий маҳкумларнинг 2012-2013 йилларда ниҳоят озодликка чиқарилиши¸ Мурод Жўраевга берилаëтган тўхтовсиз жазо занжирининг ҳам узилишига нисбатан умид туғдирган эди.

Гарчи Мурод Жўраев номи ҳам мустақил ҳуқуқ ташкилотлари ва айрим Ғарб ҳукуматларининг Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар рўйхатига киритилган ва уни озод этиш талаблари йиллардан бери янграëтган бўлса-да¸ ҳозирча бу сўровлар Тошкент томонидан жавобсиз қолмоқда.

Марказий Осиë инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева Мурод Жўраев тақдирининг дипломатик учрашувлардаги энг оғриқли мавзу бўлиб қолаëтганини айтади:

- Билишимча¸ Ғарб дипломатлари Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашувларда Мурод Жўраевни озод қилиш масаласини ҳам кўтармоқда. Аммо Мурод Жўраев номининг тилга олиниши Ислом Каримовнинг асабини бузади ва шу боис Ғарб дипломатларига бу ҳақда президент билан учрашувда гапирмаслик қаттиқ тавсия қилинади. Шундай экан¸ Мурод Жўраев Каримовнинг нозик жойларидан бири¸ дейишимиз мумкин¸ дейди Отаева.

Унга кўра¸ бошқа сиëсий маҳбуслардан фарқли Мурод Жўраевнинг 20 йилдан бери президентдан кечирим сўрамаëтгани¸ унинг жисмонан ҳолдан тойганига қарамай¸ руҳан синмаëтгани режимни қўрқитмоқда.

Аммо Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбека Жўраева¸ Ислом Каримов ўз эрининг ҳамон қамоқда қолаëтганини унутган¸ деган ишончда. Каримов ëнидагилар Мурод Жўраев тақдири ҳақида Каримовга маълумот беришдан қўрқишлари боис¸ у қамоқдан чиқмаëтир¸ деб билган Холбека Жўраева Озодлик орқали шахсан президентга мурожаат қилди:

- Нима қилай Ислом Абдуғаниевич Каримов? 38 йилдан бери мактабда ўқитувчилик қиламан. Ҳамма дарсларимда ўқувчиларимни ватанни¸ президентни севишга ўргатганман. Ҳар доим туғилган кунингизда очиқ дарслар қилганман. Оиламнинг жам бўлиши¸ эримнинг болалари олдига қайтаришингизни сўрайман. Илтимос сиздан¸ деб йиғлаб мурожаат қилди президент Каримовга 16 октябр куни Холбека Жўраева.

Мурод Жўраев рафиқаси¸ агар ўз мурожаати Каримов қулоғига етиб борса¸ унинг жавобсиз қолмаслигига ишонади. Зотан ўзбек телеканаллари орқали қайта-қайта намойиш қилинадиган чиқишларида Ислом Каримов ўзини адолатли ва гуманист раҳбар¸ меҳрибон ота сифатида тақдим этиб келади:

- Ўлгудай ëмон кўраман бировни қамаб қўйишни. Бу бизларга тўғри келмайди. Бу нима дегани? Одамларга азоб бермаслик керак. Одамлар ҳеч қачон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Биз кечиримли халқ. Имконият берамиз¸ деган эди жумладан Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашида апрелда қилган маърузасида Ислом Каримов.

Ўзбекистон президентининг бу гапларига ишонган Холбека Жўраева ва унинг 20 йилдан бери отасиз яшаëтган фарзандлари Ислом Каримовдан Мурод Жўраев тақдирида бу гапнинг амалий тасдиғини кутмоқдалар.
XS
SM
MD
LG