Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:09

Қамалишдан қўрққан тўрткўллик фермерлар Ўзбекистондан қочиб кетди



Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги бир неча фермер ҳокимият зўравонлигидан безиб, мамлакатни тарк этган. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, пахта топшириш режасини бажаришга кўзи етмаган фермерлар қамалиб кетишидан қўрқиб, Россия ва Қозоғистонга қочган. Тўрткўл тумани ҳокимлиги фермерлар ишини ташлаб кетганлигини қисман тасдиқлади.

Қорақалпоғистон республикасининг Тўрткўл туманидаги уч фермер айни пахта мавсумида ишини ташлаб, қочиб кетган. Бу ҳақда Озодликнинг Тўрткўлдаги манбаси хабар берди:

- Нуримбетов хўжалигидан “Абдулла Бекимбетов” фермер хўжалиги раиси Мухтор Бекимбетов, “Исмоил оқсоқол” фермер хўжалиги раиси ҳамда МТПнинг бошлиғи Анвар Исмоилов ва “Машризо Машриф” фермер хўжалиги раиси Ҳамиджон Матризаевларнинг далани ташлаб кетиб қолганига бир ҳафта бўлди, деди манба.

Суҳбатдошга кўра, фермерлар туман ҳокими ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг тазйиғига чидолмай, қочиб кетган:

- Бу фермерлар планни энди 30-40 фоиз бажарган эди. Шунга ҳар куни кечки соат 8 дан тунги 2 гача чўзиладиган мажлисларда ҳоким, милиция бошлиғи, прокурор иштирокида разбор бўлади. Кам пахта топшираётган фермерлар хўрланади, ҳақорат қилинади, калтакланади, "қамаласан", деб қўрқитилади. Буларнинг ҳаммаси фермерларнинг жонидан ўтиб кетган ва улар пахтаю ерини ташлаб, Россия билан Қозоғистонга кетган, деди Озодлик манбаси.

Унинг айтишича, ҳокимият фермерлар ташлаб кетган далалардаги пахтани ҳашарчиларга тердиряпти.

Тўрткўл туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг ишда эмаслигини қисман тасдиқлади:

- Мен аниқладим, Мухтор Бегимбетов шу ерда экан. Лекин Анвар билан Матризаев Тошкентда экан. Бугун поездга чиқишибди, қайтиб келишaяпти экан, деди мулозим.

Бироқ ҳокимлик мулозими фермерлар нима сабабдан айни пахта терими вақтида ишни ташлаб кетгани сабабини изоҳламади.

Озодлик манбасига кўра, бу уч фермер ўз ишини ташлаб қочаётган биринчи фермерлар эмас. "Ўтган йили фермер ва МТП бошлиғи Мақсуд Бобожонов ҳам амалдорларнинг калтак ва ҳақоратларига чидай олмай, Россияга қочиб кетган эди", дейди манба.

Унинг айтишича, “Асадбек Сабоҳатдин” фермер хўжалиги раиси Қурбондурди ва “Азизбек-Нодирбек-Отабек” фермер хўжалиги раиси Ҳусанбойлар пахтани кам экиб, унинг ўрнига бошқа зироатлар экканлиги учун уч ойдан бери ҳибсда сақланмоқда.

Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши кўп кузатилади.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл туман ҳокимлигида ўтказилган мажлис чоғида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб, юрак хуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

2012 йилнинг август ойида Жиззах вилояти, Зарбдор туман ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Туроб Жўраев 2011 йилнинг 25 октябр куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини муштлаб урган эди.

2011 йилнинг сентябрида Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 ёшли фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилганди.

Тошкент вилояти Янгийўл туман прокурори Зиёдулла Йўлдошев 2011 йилнинг сентябрида шу туманнинг Убай Муасев қишлоғи маҳалла қўмитаси раисининг муовини Зуҳриддин Зокировни пахта теримига етарли одам йиғмагани учун калтаклаган.

2009 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсунов фермерлардан бирининг ишидан камчилик топиб,унинг ўзига гўр қаздирган, маҳалла имомини чақиртириб келиб, тирик фермерга жаноза ўқиттирган.
XS
SM
MD
LG