Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Ўзбекистон Қамбарота ГЭСи масаласида ўз позициясини ўзгартирмаяпти


Ўзбекистон Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭСининг қурилиши юзасидан давлатлараро музокараларда иштирок этишдан бош тортиб келмоқда. Бу ҳақда 18 октябр куни Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатди. Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭСи қурилишига 2009 йилдан бери қаршилик кўрсатиб келади.

“Ўзбекистон Қирғизистон томонининг таклифини инобатга олмаган ҳолда Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши юзасидан ўтказилаётган давлатлараро музокараларда иштирок этишдан бош тортмоқда”, Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Асқар Бешимов 18 октябр куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида мана шундай баёнот берди.

Унинг айтишича, бундан уч йил аввал мазкур масалада ташкил этилган давлатлараро муросага келиш комиссияси томонларнинг музокараларга тайёр эмаслиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатган.

Шунга қарамай, 2013 йил давомида Қирғизистон томни минтақадаги бошқа давлатлар билан Қамбарота-1 ГЭСини қуриш юзасидан музокаралар ўтказган ва натижада Қозоғистон томони мазкур гидроиншоот қурилишида иштирок этишдан манфаатдор эканини билдирган.

Ўзбекистон томони эса Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши билан минтақа экологиясига катта зарар етиши, трансчегаравий бўлган сув заҳиралари фақат бир давлат назоратига ўтиб қолиши мумкинлигидан ташвиш билдирган ҳолда, мазкур қурилишга қаршилик билдириб келмоқда.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса ўз мамлакати ГЭС қурилишига Ўзбекистонни ҳам шерик қилишдан манфаатдор эканини, бу масалада Ўзбекистон томони ўз позициясини ўзгартиришига умид қилишини бир неча бор айтиб чиққан эди.

-Биз Россия томонига “ГЭСлар улушининг 50 фоизи сизларга, 50 фоизи эса бизга тегишли. Ўзингизга қарашли 50 фоиз улушдан бир қисмини Қозоғистон ва Ўзбекистонга берсангизлар, ГЭСни иноқлик билан қуриб оламиз”, деб айтаяпмиз. Бу масалада мен Ислом Абдуғаниевич Каримов билан ҳам сўзлашаяпман, -деган эди Алмазбек Атамбаев.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов сентябр ойи охирларида БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида, Қамбарота ГЭСи қурилишида ўз мамлакати позициясини ўзгартирмаганини айтиб, жумладан, мана бундай деган эди:

-Халқаро меъёрларга асосланган ҳолда, сувдан фойдаланишдаги асосий талабларни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.Марказий Осиёдаги чекланган сув заҳиралари биринчи навбатда истеъмол қилиш ва санитария эҳтиёжларига, шундан кейингина озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик эҳтиёжлар, ишлаб чиқариш ва энергетика соҳаси эҳтиёжлари учун фойдаланилиши керак.

Ўзбекистон расмийси шу муносабат билан ўз мамлакати Тожикистондаги ва Қирғизистондаги ГЭСлар қурилишига қарши эканини, Амударё ҳамда Сирдарё муайян бир давлатнинг эмас, балки минтақа давлатларининг умумий ризқу-рўзи эканини таъкидлаган.

Россия 2012 йилнинг сентябр ойида Қамбарота -1 ГЭСини Қирғизистон билан ҳамкорликда қуриш юзасидан шартномани имзолаган эди. Тахминий ҳисоб китобларга қараганда, ГЭСни қуриш учун 2 миллард доллар маблағ талаб қилинади.

Шартномага асосан, жами 5 та ГЭС қурилади. ГЭСлар улушининг 50 фоизи Россияда, 50 фоизи Қирғизистонда бўлади. ГЭСларга сарфланган маблағ ўзини оқлагунига қадар гидроиншоотлардан фойдаланиш Россия ихтиёрида бўлади. Қирғизистонга электр энергиясини Хитой, Покистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш ҳуқуқи берилади.

Сиёсатшунослар Кремл ГЭСларнинг 50 фоиз улушига эга бўлиш билан минтақадаги эгнергетика ва сув сиёсатига таъсир ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади, деб ҳисоблайдилар.

Қамбарота -2 ГЭСининг Қирғизистон кучи билан 200 миллион долларга қурилган илк агрегати эса 2010 йилнинг 30 августида ишга туширилган.
XS
SM
MD
LG