Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:56

Тошкент меҳмонхоналарини исловотга тенглаштирган видео тарқалди


Эфирга узатилмаган ҳолда ижтимоий тармоқларда тарқалаëтган фильмда “Парк Турон” ва "Дедеман Силк Роад" ходимлари мижозлар учун пул эвазига жинсий хизмат ташкил қилишда айбланади. Бу фильм билан танишган ҳуқуқшунослар эса кўрсатув моҳияти инсонларни камситишдан иборат эканини айтишди.



Тошкентдаги учта нуфузли меҳмонхонанинг амалда фоҳишахона тарзида фаолият олиб бораëтгани “фош қилинган” видеофильм "WhatsApp" ва бошқа Интернет тармоқларида тарқалмоқда.

Ўзбекистоннинг марказий телеканалларидан бирида бундан бир неча ой олдин тайëрланиб, эфирга узатилмаган кўрсатув ўтган ҳафта охирида Интернет тармоқларига сизиб чиқиб, қўлма-қўл бўлди.

Видеофильм Тошкент марказидаги “Парк Турон”¸ "Дедеман Силк Роад" ва “Ле Гранд плаза” меҳмонхоналарида Ўзбекистон куч ишлатар тизими ходимлари тарафидан ўтказилган рейд мобайнида суратга олинган тезкор тасвирлардан ташкил топган.

Меҳмонхона мижозлари ëтган хоналарга бостириб кирган тасвирчилар улардан изн олмасдан суратга олишади.

Фильмда Ўзбекистон телевидениесининг суҳандони тарафидан “фоҳиша” ва “зинокор” дея таснифланган меҳмонхона мижозлари деярли қип яланғоч тарзда кўрсатилади.

Меҳмонхона маъмурлари ва мижозларнинг исми-шарифлари ва бошқа маълумотлар очиқланади.

Ўзбекистон телевидениесининг исмини айтмаган ходими Озодлик билан суҳбатда бу видеофильмнинг таҳрир ва монтаж қилинган якуний варианти юқоридан берилган кўрсатма боис эфирга узатилмаганини айтди.

Суҳбатдошга кўра, рейд пайтида Ўзбекистон телевидениеси ходимлари қатнашмаган:

- Бизга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва прокуратура ходимлари ўтказган қўшма рейд пайтида суратга олинган тезкор тасвирларни беришди. Шу тасвирлар асосида матн ëзилди. Суҳандонлар ўқиди. Лекин охирги минутда кўрсатув эфирга бермаслиги ҳақида буюрилди. Мен хайрон бўлдим¸ чунки шу мазмундаги Сурхондарëда суратга олинган кўрсатув эфирга узатилган эди¸- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон телевидениесининг исмини айтмаган ходими¸ қандай қилиб эфирга узатилмаган кўрсатувнинг Интернетга сизиб чиққанини тушунтириб бера олмади.

Эфирга узатилмаган ҳолда ижтимоий тармоқларда тарқалаëтган фильмда “Парк Турон”ва "Дедеман Силк Роад" ходимлари мижозлар учун пул эвазига жинсий хизмат ташкил қилишда айбланади. Кўрсатувда “Парк Турон” меҳмонхонаси бошқарувчиси Ҳиндистон фуқароси Арора Роҳитнинг тасвири ва у киши шахсига оид тафсилотлар эълон қилинади.

ЎзТВ суҳандони ҳали устидан маҳкама ҳукми бўлмаган шахсни “зинокорлик”¸ “қўшмачилик”, “меҳмонхонани исловотга айлантириш” каби “гуноҳ”ларда айблайди.

Озодлик мухбири “Парк Турон” ва "Дедеман Силк Роад" меҳмонхоналари ходимлари билан микрофонсиз суҳбатлашганида бу тасвирларнинг бир неча ой олдин суратга олингани ойдинлашди.

“Парк Турон” меҳмонхонаси мулозимининг айтишича¸ эфирга узатилмаган кўрсатувнинг ижтимоий тармоқларда тарқалаëтгани рақобатчилар ишидир:

- Бизга ҳасад қилганлар тарқатяпти бу видеони. Бу тасвирлар анча олдин суратга олинган эди. Биз бундан хулоса қилиб, фоҳишабозлик масаласини анча чекладик. Айбдорлар ишдан бўшатилди. Меҳмонхонанинг эгаси ҳам алмашди,- дейди суҳбатдош.

Шахс ҳуқуқларининг камситилиши

Тошкент меҳмонхоналарини исловотхонага тенглаштирган видеони томоша қилган тошкентлик 47 яшар ҳуқуқшунос Мурод Ҳакимов бу кўрсатув инсонларнинг шахсий ҳаëтига оид ҳуқуқларини камситади, деган фикрни айтади.

- Одамларнинг шахсий ҳаëтига бу қадар аралашиш Ўзбекистон қонунларига кўра ҳам мумкин эмас. Оддий одамлардан изн олмасдан тасвирга тушириш¸ уларнинг исми шарифи ва бошқа маълумотларини айтиб, изза қилиш мумкин эмас. Бу шахс ҳуқуқларининг камситилишидир. Буни ҳатто зулм десак ҳам бўлади. Телевидение бундан кўра бошқа долзарб муаммоларни танқид қилса, яхши бўлар эди. Масалан, кўрсатувда кореялик банкир изза қилинган. Ана шундан кейин бизга ким ҳам сармоя олиб келади¸ туристлар ҳам келишга қўрқиб қолади¸- дейди ҳуқуқшунос Мурод Ҳакимов Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG