Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:58

"Каримовнинг қайинсинглиси Туркияда камида $3000000 га уй сотиб олди"


Истанбулда янги қурилаётган элит уйлар
Истанбулда янги қурилаётган элит уйлар
Ислом Каримовнинг қайинсинглиси Тамара Сабирова Истамбулнинг Қадикўй мавзеидан майдони 496 квадрат метрли элит квартира сотиб олганига далил бўлиши мумкин ҳужжат Инсон ҳуқуқлари “Ўтюраклар клуби” томонидан эълон қилинди.

Ташкилот раҳбари Озодлик билан суҳбатда эълон қилинган ҳужжатнинг мутлақо ишончли эканлигини иддао қилди.

Тамара Собированинг Истамбулдан уй сотиб олгани тўғрисидаги хабар унинг ўғли Акбарали Абдуллаевнинг молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарлар фонида пайдо бўлди.


“Ўтюраклар клуби” эълон қилган ҳужжатда келтирилган маълумотларга қараганда, Тамара Собирова Истамбулнинг Қадикўй мавзеси, Жаъфароға (Caferag’a) маҳалласидаги уйлардан биридаги 496 квадрат метрли, алоҳида омбори бор элит квартирани жорий йилнинг 20 августида сотиб олган.

Ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодликнинг эълон қилинган ҳужжатнинг нақадар ишончли эканлигига оид саволига жавоб берар экан, кейинги пайтларда Тамара Собированинг бошқа давлатлардан сотиб олган мулклари тўғрисида маълумотларни қўлга киритгани, бироқ уларга ўз вақтида шубҳа билан ёндошганини таъкидлар экан, бундай деди:

- Бизни ёлғончига чиқариш учун қилинаётган кампания бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин 5-6 кун аввал ишончли манбамиз айнан Тамара Собирова Туркиядан шахсий мулк сотиб олганини исботловчи ҳужжатни

тақдим этиб, бу ҳужжатнинг ишончли эканлигига кафолат берганидан кейин биз бу муҳим ҳужжатни эълон қилишга қарор қилдик, деди қатъий ишонч билан Мўътабар Тожибоева. У ҳужжатни жўнатган “ишончли манба”нинг ким эканлигини ошкор қилмади.

Озодлик “Ўтюраклар клуби” раҳбарига яна бир савол берди.

- Тамара Собирова ҳар қандай бошқа пули бор эркин фуқаро сингари дунёнинг истаган мамлакатидан кўчмас мулк сотиб олишга ҳақли. Бунинг нимаси ёмон? Нима учун Собированинг уй сотиб олиши Сиз учун воқеага айланди?

- Биласизми, Сиз биз эълон қилган ҳужжатга эътибор беринг. Сотиб олган мулки учун давлатга тўлаган бадалининг ўзи 150 минг лирадир. Яъни Ўзбекистонда оддий ўзбек халқи хор бўлиб, миллионлаб ўзбеклар бошқа мамлакатларда қул бўлиб юрган бир пайтда каримовлар оиласининг ҳали у, ҳали бу мамлакатдан кошоналар сотиб олаётгани тўғрисида ҳар бир ўзбек фуқароси маълумот олишга ҳақлидир, деб ҳисоблайман, деди Мўътабар Тожибоева.

Маълумотларга қараганда, Тамара Собирова сотиб олгани айтилаётганга ўхшаш элит квартиралар нархи 3 миллион доллардан бошланади.

Баъзи маълумотларга қараганда, Ислом Каримовнинг қайинсинглиси Тамара Собирова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаевлар Фарғона водийсида қудратли шахслар (бўлган?). Она-бола Ўзбекистон бўйлаб “Осиё” меҳмонхоналар тармоғини, Қувасой цемент заводини, “Фарғонатекстиль” акциядорлик жамиятини, Silver Silk фабрикасини, “Кварц” акциядорлик жамиятини, ўнлаб савдо мажмуаларини назорат қилган.

Тамара Собированинг Истамбулдан уй сотиб олгани тўғрисидаги хабар унинг ўғли Акбарали Абдуллаевнинг молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарлар фонида пайдо бўлди.

Қайинсингилнинг Истамбулдан элит квартира сотиб олгани тўғрисидаги хабар “каримовлар оиласи ва ҳорижий кўчмас мулк” мавзуидаги биринчи хабар эмас.
Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, Президентнинг тўнғичи - Гулнора Каримованинг Москвада, Париж ва Франция жанубидаги машҳур Сен Тропе курорт шаҳрида бир нечта кўчмас мулки бор. Шунингдек, бу ҳужжатларга кўра, Гулнора Каримованинг жазмани, баъзи манбаларга кўра, эри экани айтиладиган собиқ поп-қўшиқчи Рустам Мадумаров номига Париж яқинидаги Версаль шаҳарчасида қаср расмийлаштирилган.

Ўзбекистон Президентининг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева 32 миллион 750 минг АҚШ долларига Беверли Ҳиллзда (АҚШ, Калифорния) "Le Palais” қасрини сотиб олгани жорий йил ёзида маълум бўлган эди.
XS
SM
MD
LG