Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Университет ўқитувчиси: 40 кун пахта тердим, тушликни уйдан ташидим


Гулистон Давлат университетининг ўзини Бобур домла, деб таништирган ўқитувчиси “Эркин микрофон” билан боғланиб, университет талабалари пахта теримидан қайтгани тўғрисида хабар берди.


Унинг айтишича, 15 сентябрдан бери пахта терган талабалар учун университетдаги дарслар душанба, 28 октябрда бошланади.

Маълум бўлишича, Гулистон Давлат университети талабаларидан ташқари, мазкур ўқув юрти ўқитувчиларининг бир гуруҳи ҳам пахта терган.

Биз Бобур домладан унинг мавсум давомида қанча пахта терганию неча пул ҳақ олгани тўғрисида сўрадик.

Озодлик: Демак сиз университет ўқитувчиси ўлароқ ўзингиз тердингиз-а пахтани?

- Ўзим тердим.

Озодлик: Неча кун пахтада бўлдингиз?

- 40 кун бўлдимда.

Озодлик: Уйингизда яшаб тердингизми ëки далада ëтиб тердингизми?

- Уйимдан ишхонамга қатнаб тердим. 20 километрдан қатнайман ишхонага.

Озодлик: Неча кунда бир кундан дам олдингиз?

- Бозор кунлари.

Озодлик: Бир кунда неча килодан пахта тердингиз?

- 30-40 килодан тердим ўртача ҳисобда.

Озодлик: Мавсум бўйича неча кило бўлади у?

- Мавсум бўйича энди, мен аниқ ҳисобини олганим йўқ, бир тоннадан ортиқ терибманда.

Озодлик: Келинг 1 тонна 200 кило пахта тердингиз дейлик. Шунга хизмат ҳақи неча пул олдингиз?

- Айтилиши бўйича 180 сўм бир кило пахта. Лекин бизнинг ташкилот терган пахта заводга бориб тушгандан кейин у ерда ...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.



“Ётоқхонам учун икки баравар кўп ҳақ олишмоқда”


Навоий шаҳрилик Зарифа Очилова, айтишича, II гуруҳ ногирони.

У узоқ йиллар давлатдан бошпана сўрай-сўрай, охир-оқибат ўша бошпанани олди ҳам.

Бироқ Очилованинг айтишича, у ўша бир хонали бошпана учун икки баравар ҳақ тўлаб келганини яқинда билиб қолган.

“Ҳақиқат излаб бормаган жойим, мурожаат қилмаган идорам қолмади, охир-оқибат Сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдим”, деди у.

Зарифа Очилованинг шикоятини эшитиш учун “Эркин микрофон”ни ёқдик.

- Мен Навоий шаҳриданман. Муаммо шундан иборатки, мен ўзим болаликдан иккинчи гуруҳ ногирониман. Лекин мана юртбошимиз чиқарган қонунлар бор, қоидалар бор, ўшалар ҳаммаси фақат қоғозда. Ҳеч бир ижрода бўлмайди. Ўша масалада телефон қилгандим. Бошпана сўраб 2004 йилдан бу ëғига мурожаат этиб келганман.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 34да.

Озодлик: Оилалимисиз?

- Йўқ.

Озодлик: Ҳозир ким билан яшаяпсиз?

- Синглим билан яшаяпман. Синглим контрактга ўқишга кирган.

Озодлик: Уй кимники?

- Ëтоқхонада турамиз. Меники.

Озодлик: Неча хонали ëтоқхона?

- ...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.




**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG