Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:26

Косонлик кончилар ойликлари берилмаётганидан арз қилди


Қашқадарё вилоятидаги "Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" шўъба корхонаси ишчилари ойлик маошлари берилмаётганидан арз қилди. Ойлик маошларни беролмаётганини тасдиқлаган корхона раҳбарияти бунинг сабабини давлатдан олган кредитдан қарздорлиги билан изоҳлади.



"Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" шўъба корхонасининг Озодликка боғланган ишчилари 3 ойдан буён ойликлари берилмаётганидан арз қилди.

Ушбу корхона қошидаги газ ва газ конденсати қазиб олинадиган конлардан бири ишчилари номидан боғланган манба шахсан унинг 2 миллион сўм атрофидаги маоши ҳануз берилмаганини айтди.

- Уч ойдан бери беришмаяптида ойликни. Менинг ўзимнинг 2 миллион сўм атрофидаги ойлигимни беришгани йўқ. Менга ўхшаган ишчилари 500 тадан ортиқ. Ана берамиз, мана берамиз, билан юрибмизда ҳалиям,- деди исмини сир сақлашимизни сўраган кончи.

Бурғуловчи муҳандис бўлиб ишлайдиган бу ходимнинг сўзларига кўра, ойлик берилмаётгани сабаби корхонанинг қарздорлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

- Ўтган йили Миришкордаги конда катта портлаш бўлган эдику, ўшандан кейин бу конни яна очамиз, деб катта пул сарфлашди. Шунгадир балки, биз билмасак энди, бизнинг ишимиз яхши, шароитимиз ҳаммаси яхши, бизга ойлик беришса бўлди эди,- деди кончи.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, у каби ойлик ололмаган 500 дан ортиқ ишчининг аксарияти сўнгги уч ой ичидаги 2-3 миллион сўмдан ойлик маошини ололмаяпти.

Бу маълумотни тасдиқлаган "Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" шўъба корхонасининг исмини ошкор қилмаётганимиз кассири ойлик берилмаётганини корхона олган кредиторлик қарзларини узиш сабаби билан изоҳлади.

"Опа, ҳозир ҳисобда пул йўқку, пул бўлмаса ойликни қаёқдан берамиз. Ҳозир ҳамма ёқда аҳвол шуку?! Кредит олганмиз, шуни 3-4 кун ичида ёпамиз, кейин ойлик бўлиб қолади", деди корхонанинг исмини ошкор қилмаётганимиз кассири.

Айни пайтда кассачи корхона ходимларининг ойликлари кечикишига сабаб бўлаётган кредит қарздорлиги масаласига ойдинлик киритмади.

Шунингдек, Косон шаҳрида жойлашган "Нефт ва газ қудуқларини синаш" очиқ акциядорлик жамиятининг исми-фамилиясини ошкор қилмаётганимиз ходими ҳам сўнгги икки ойдан буён ойлик берилмаётганини айтди.

- Икки ойча бўлди, ойлигимизни ололмадик. Сабабини билмасак,- деди корхона ходими.

Ушбу корхонанинг яна бир ходими Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда кредит қарздорлиги - шу йил май ойида Ўзбекистон ҳукумати эътибор қаратган "Чўлқувар" газ конидаги портлаш оқибатларини бартараф этиш учун олинган қарз, деб айтиб ўтди.

Аммо, Озодлик бу маълумотни бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқлашга ҳозирча муваффақ бўлгани йўқ.

Косондаги ҳар икки ташкилот — "Нефт ва газ қудуқларини синаш" очиқ акциядорлик жамияти ва "Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" шўъба корхонаси "Ўзгеобурнефтегаз" акциядорлик компаниясига қарашлидир.

Бу компания қошида номи тилга олинган икки ташкилотдан ташқари яна 21 та корхона бор ва уларнинг аксарияти Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган.

Хусусан, 1965 йилдан буён ишлаб келаётган "Нефт ва газ қудуқларини синаш" очиқ акциядорлик жамияти 2007 йилда тендерга қўйилган эди.

Бу тендер натижалари Озодликка маълум эмас.
XS
SM
MD
LG