Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:25

Яккабоғлик мактаб болаларини МХХ пахтадан қайтарди


Ўтган йили ҳам Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани 70-мактаб ўқувчилари пахта теримига олиб чиқилган эди.
Ўтган йили ҳам Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани 70-мактаб ўқувчилари пахта теримига олиб чиқилган эди.

Яккабоғнинг пахта даласига қувилган 12-мактаб ўқувчилари вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари босими остида яна мактабга қайтарилди. 22 октябрь куни туманнинг Маданият қишлоғидаги далада пахта тераётган мактаб ўқувчиси Озодликка теримга мажбуран чиқарилганини сўзлаб берган эди. Орадан бир кун ўтиб, ўқувчилар ошиғич тарзда дарсхоналарга қайтарилган.



Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Тошпўлат Бойқулов номли 12-сонли мактаб ўқувчилари 7-синфда ўқийдиган мактабдоши Озодликка берган интервьюдан сўнг зудликда мактабга қайтарилди.

Бу ҳақда Озодликка ушбу туманда истиқомат қилувчи Жамолиддин Ортиқов хабар берди.

22 октябрь куни бу мактаб ўқувчиси пахта даласидан туриб Озодликка интервью берган ва пахтага мажбуран чиқарилганини айтган эди.

- Ўша сизга интервью берган куннинг эртасига мактабга МХХ ходимлари келиб, ҳаммасини мактабга қайтарган. Кейин домлалари синфма-синф юриб, биз пахтага чиқмадик, доим дарсда бўлганмиз, деб айтинглар биров сўраса, деб айтиб чиқишибди. Ҳозир бу ўқувчилар мактабга қайтган,- деди Озодлик манбаси.

Унинг сўзларига кўра, 12-сонли мактаб ўқувчилари Маданият қишлоғи теграсидаги пахтазорларга уйидан туриб, тушгача қатнаётган эди.

Бу ўқувчилардан бирининг Озодликка берган интервьюсидан сўнг пахта теримига чиқарилаётган ўқувчилар дарсга қайтарилган.

- Лекин, коллежлар даштга олиб кетилган. Улар ҳали қайтгани йўқ. Менинг ишхонам ёнида Яккабоғ иқтисодиёт коллежи бор. Бу коллежда ҳали ўқиш бошлангани йўқ,- деди Ортиқов.

22 октябрь куни Яккабоғнинг Маданият қишлоғидаги Жамшид Рўзиев фермер хўжалиги ҳудуди пахта даласидан туриб, Озодликка интервью берган 7-синф ўқувчиси теримга мажбуран сафар қилинганини сўзлаб берган эди.

Озодлик: Ҳорма қалайсан? Нечанчи синфда ўқийсан?

- 7-синфда ўқийман.

Озодлик: Неча кундан бери пахтадасан?

- Пахта бошлангандан бери.

Озодлик: Эрталабдан кечгача пахта тераяпсизларми?

- Обедгача.

Озодлик: Неча кило тераяпсан? Норма борми?

- Норма йўқ.

Озодлик: Неча кило тераяпсан кунига?

- 5-10 кило.

Озодлик: Далага пиëда келаяпсизларми ëки автобусда олиб келишаяптими?

- Ўзимиз.

Озодлик: Пахтага чиқмасанг нима бўлади?

- Домлалар қўймайди, уришади.

Озодлик: Неча кило пахта теришингизнинг фарқи йўқ, фақат далада юрсангизлар бўлди-а?

- Ҳа.

Озодлик: Обедни қаерда қилаяпсизлар?

- Уйдан олиб келамиз.

Озодлик: Яна нечанчи синф болалари пахтада?

- Шу бешинчи...

Озодлик: Тўртинчи синфлар пахтадами ëки мактабда?

- Тўртинчи синф мактабда.

Озодлик: Қолганлар пахтада-а?

- Ҳа.

Озодлик: Сенинг пахта тергинг келадими келмайдими?

- Келмайди пахта тергим.

Озодлик: Унда ўқитувчингга пахтадан қоламан, десанг бўлмайдими?

- Чиқасан, дейди.

Озодлик: Ота-онанг нима дейди? Бор пахта тер, дейдими?

- Энди чиқ, агар қўймаëтган бўлса, дейдида, - деган эди Озодлик билан суҳбатда пахта даласида юрган яккабоғлик ўқувчи. (Озодлик ўқувчининг исм-фамилиясини сир сақламоқда.)

Озодлик тумандаги мутасадди идоралардан бирининг ходими томонидан 12-сонли мактаб директори, деб тақдим қилинган Гулшода Тойлоқовага ҳам боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади.

Айни пайтда Яккабоғ тумани Халқ таълими бўлими ходимлари ҳам бу маълумот бўйича изоҳ бермадилар.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу йилги пахта терими мавсумида Яккабоғнинг Уламжи қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 64-сонли мактаб ўқувчилари ҳам пахта теримига олиб чиқилган.

Қуйида яккабоғлик ўқувчи билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:11 0:00
Бевосита линк


Пахта даласида юрган мактаб ўқитувчилари эса Озодликка сўзлашдан бош тортганлар.

22 октябрь куни пахта даласида ўқувчиларни учратган яккабоғлик Жамолиддин Ортиқов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:25 0:00
Бевосита линк


Ўтган йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида шундай ҳолат кузатилган эди. 2012 йилнинг 29 сентябрь куни иштихонлик ўқувчи мактабдошлари пахтага чиқарилгани ҳақида интервью берган, 30 сентябрь куни ўқувчилар зудликда мактабга қайтарилган эди.

Шунингдек, 2012 йилнинг 23 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Бешкалтак қишлоғи ҳудудидаги пахтазорларда бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари қишлоқдаги 70-мактабнинг 4-5-6-синф ўқувчиларини далада кўрган эдилар.

2012 йилги пахта терими мавсумида ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев имзолаган кўрсатма Халқ таълими вазирлигига йўллангани расман маълум қилинган эди.

Шундан сўнг мактаб болаларининг оммавий равишда пахта теримига олиб чиқилиши тўхтади. Аммо, бир неча вилоятларда 2012-2013 йилги пахта йиғим-терим мавсумида ўқувчиларнинг дарс вақтида пахтага олиб чиқилгани кузатилди.
XS
SM
MD
LG