Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Тошкентлик ўқувчилар ясаган "бомба" зарарсизлантирилди


Тошкент Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ясаган кичкинагина қўлбола "бомба" 4 ноябрь куни зарарсизлантирилди. Тошкент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идорасида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, бу воқеа бўйича тўрт ўқувчи сўроқ қилинмоқда.


4 ноябрь куни Тошкент Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи биносида иккита қўлбола "бомба" зарарсизлантирилди.

Озодликнинг Олмазор тумани ички ишлар бўлимида ишлайдиган манбасига кўра, қўлбола “бомба”лар коллеж ҳудудидан топилган.

“Портловчи қўлбола мосламалардан биттаси коллеж биносинининг ташқарисидан, иккинчиси бинога кираверишдаги дарвозанинг олдидан топилган. Бироқ портламай қолган. Мен ўзим кўрмадим, "лимонка" (граната тури - Таҳр.)га ўхшатиб ясашган экан. Скотчга ўралган экан. Уни экспертизага олиб кетишган”, деди манба.

Унинг айтишича, Қўлбола "бомба"ни тайёрлашда гумон қилиниб коллежнинг 4 ўқувчиси қўлга олинган ва улар Олмазор тумани ички ишлар бўлимида сўроқ қилинмоқда.

Сўроқ қилинаётганлар орасида Тошкент Қурилиш коммунал касб-ҳунар коллежининг бир ўқувчиси ҳам бор.

Портловчи ускуналар эса экспертизага юборилган.

"Энди бу болалар "пақ-пуқ" қилиб ўйнамоқчи бўлишган", деб қўшимча қилди бу манба.

Шунингдек, манба дастлабки сўроқ пайтида ўқувчиларнинг ўзи ҳам бу қўлбола портловчи ускунани ўйнаш мақсадида ясаганини айтишган.

Исми сир қолишини сўраган коллеж ўқувчиларидан бири ҳам скотчга ўралган иккита портловчи ускуна коллеж ҳудудидан топилганига гувоҳ бўлганини айтди.

Унга кўра, бу "бомба"лар ўзидан аллақандай товуш чиқаргандан кейин атрофдагилар уни сезиб қолган.

Ўқувчининг айтишича, 5 ноябрь куни милиция ходимлари қўлга олинган болалар билан яқин бўлган бошқа ўқувчиларни ҳам коллежда сўроққа тутган.

Ўзбекистонга олиб кириладиган пиротехник воситаларга сўнгги йилларда тақиқ қўйилгани боис, болалар орасида қўлбола "пақилдоқ"лар ясаш ҳоллари кўпайиб кетди.

Бундай "пақилдоқ"ларни ясаш ва порлатиш оқибатида ўқувчилар орасида тан жароҳати олганлар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG