Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:56

Гулистон университети талабалари яна пахтага ҳайдалди


Қирқ кунлик пахта теримидан 25 октябрь куни қайтган Гулистон Давлат университети талабалари ва ўқитувчилар 2 ноябрдан яна пахтага ҳайдалди. Улар ҳар куни шаҳар атрофидаги пахтазорга автобусларда ташилмоқда. Пахта деярли қолмагани боис, талабалар кун давомида терган пахта 5-10 килограммдан ошмаяпти.


Гулистон Давлат университетининг уч мингдан ортиқ талабаси ва қарийб уч юз ўқитувчиси шанба кунидан бошлаб яна пахта теримига чиқарилди.

Талаба ва ўқитувчилар ҳар куни эрталаб соат 8 да университет биносидан қўшни туманлардаги пахтазорларга автобусларда олиб кетилмоқда.

Бу ҳақда хабар берган университет талабаларидан бири Акбарнинг айтишича, улар беш кун аввал 40 кунлик теримдан қайтган эдилар:

- Энди пахта тамом, деб хурсанд бўлгандик. Бошқа вилоятларда яшайдиган курсдошларимиз уйига бориб пахта кийимларини ташлаб ҳам келган эди. 2 ноябрдан яна пахтага ҳайдашди, - деди талаба.

Исми сир қолишини сўраган университет ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, далада деярли пахта қолмаган бўлса ҳам улар далага чиқарилмоқда:

- Бир киши жуда терса, 10 кило теради. Биз домлалар 5 кило терсак ҳам бўлади. Энди ўзимиз ҳисоблаб чиқсак бу теримчиларни ташиётган автобусларга кетаётган ёнилғини ҳам қопламас экан. Бу ёқда эса дарслар қолиб кетяпти. Менимча планни тўлдирдик, деб рапорт бериб юборишдию энди перепискани ўрнини қандай қилиб бўлса ҳам тўлдиришмоқчи, шекилли, - деди университет ўқитувчиси.

2013 йилги пахта режаси 21 октябрь куни бажарилган, 25 октябрь куни эса Ўзбекистон президенти пахтакорларни 3,35 миллион тонналик хирмон билан табриклаган эди.

Бироқ, пахта режаси ортиғи билан бажарилган бўлсада, аксарият вилоятларда пахтадан қайтган олийгоҳлар ва коллежлар талабалари яна далага ҳайдади.

Ўтган ҳафта ëтоқлик пахтадан қайтарилган Жиззахдаги аксар коллежларнинг 2-3-курс талабалари¸ маҳаллий ҳокимият буйруғи билан яна теримга чиқарилди.
XS
SM
MD
LG