Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:55

Рауф Парфи: “Инсон ҳуқуқи – шеърият ҳуқуқи”


Ўзбек шоири Рауф Парфи "Сайланма"сининг муқоваси.
Ўзбек шоири Рауф Парфи "Сайланма"сининг муқоваси.
Тошкентдаги “Академнашр” нашриётида туркий оламнинг атоқли шоири Рауф Парфининг янги сайланмаси чоп этилди. Бу жорий йилда 70 ёшни қаршилаган марҳум шоирнинг мухлислари қўлига етиб борган учинчи китобидир. Бир неча ой аввал “Шарқ” ва “Муҳаррир” нашриётлари ҳам шоир сайланмаларини тайёрлаб эълон қилганди.

Нашриёт изоҳига кўра, китобни жамлаш, тузиш ва нашрга тайёрлаш анча йиллар аввал бошланган ва бу жараёнда Рауф Парфининг ўзи ҳам қатнашган, уни чоп этишни орзу қилган.

Замонавий ноширликнинг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган салмоқли, кўркам китобга шоирнинг турли йиллардаги фотосуратлари, қўлёзмалари – шеър қоралама ва тарҳлари ҳам киритилган.

“ХХ аср туркий адабиётда, хусусан, ўзбек адабиётида соҳир шеърият соҳиби Рауф Парфининг ҳеч ким дахл қилолмайдиган ўз ўрни бор. Ҳақиқий шоирнинг абадий шеърияти ХХ асрнинг 70-йилларидан бугунгача адабий жараённинг қоқ марказида бўлиб келди ва шундай бўлиб қолиши муқаррар”, деб ёзади Абдулкарим Баҳриддин китоб сўзбошисида.

Рауф Парфи 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. “Карвон йўли” (1968), “Акс садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1974), “Кўзлар” (1976), “Қайтиш” (1981), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1991), “Тавба” (2001), “Сўнгги видо” (2006) каби шеърий тўпламлари, учта сайланмаси (2013) нашр этилган.

“Шоир ҳақиқатни гапирмай туролмайди... Шоир ёлғондан, юзаки, сохта қўшиқ айтишдан қўрқади. Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истеъдод қўрқади ёлғондан. Чунки ёлғон – истеъдоднинг кушандаси”, деб ёзганди Рауф Парфи.

“Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан – Инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон ҳуқуқи – шеърият ҳуқуқи”, дея бонг урганди шоир яна бир ўринда.

Туркий дунёнинг атоқли ижодкори 2005 йили Тошкентда вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Рауф Парфининг 70 йиллик таваллуди муносабати билан жорий йил 25, 26, 27 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказилиши лозим бўлган барча тадбирлар бекор қилинган, бунга “юқорининг буйруғи” сабаб бўлгани айтилганди.
XS
SM
MD
LG