Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:44

Гулистонда 10 нафар ўқувчини пахтага олиб кетаётган “Дамас” ағдарилди


Милиция ходимининг ҳайдовчига босими билан Гулистон Тиббиёт коллежида ўқийдиган 10 нафар қизни пахтага олиб кетаётган “Дамас” русумидаги автомобиль аварияга учраб, ағанади.

Милиция ходимининг ҳайдовчига босими билан Гулистон Тиббиёт коллежида ўқийдиган 10 нафар қизни пахтага олиб кетаётган “Дамас” русумидаги автомобиль аварияга учраб, ағанади. 8 ноябрь куни шу ҳақда баёнот тарқатган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакилларига кўра, воқеада жароҳат олган ўқувчи қизлар ва ҳайдовчига тиббий ёрдам кўрсатиш учун вилоят касалхонасига олиб борилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти баёнотига кўра, шу йилнинг 4 ноябрь куни “Озодбек-Асадбек” маъсулияти чекланган жамиятига қарашли “Дамас” русумли автомобиль Сирдарё вилояти ИИБ Йўл патрул хизмати ходими Санжар Маматов томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчи Ўроқ Суюнов Гулистон Тиббиёт коллежида ўқийдиган 10 нафар қизини пахта даласига олиб боришга мажбур қилган.

Суюнов Озодлик билан суҳбатда Йўл патрул хизмати ходими Санжар Маматов қизларни пахтага олиб боришдан бош тортгани учун техник талонини олиб қўйганидан сўнг унинг буйруғини бажаришга рози бўлганини айтди.

- Бошида "одамларни пахтага олиб борасан" деб, фақат техпаспортни олди. Правамни олгани йўқ. Одам миндирганидан кейин қайтариб берди. Шу билан кетдим. “Сопровождение” бўлгани йўқ. Олдимда битта Дамас ва мен - икки киши эдик. Олдимдаги Дамасда ўқитувчи бор экан. Менда ҳеч қандай ўқитувчи йўқ эди. Милиция ходимининг фамилияси Санжар Маматов экан. Кўрсатмага ёзиб берганман, - деди Ўроқ Суюнов.

Гулистон - Боёвут ўртасида йўналишли такси фаолиятини амалга оширувчи Суюнов ўзи бошқараётган “Дамас” Гулистон шаҳрининг 4-мавзесида жойлашган академик лицей яқинида “Ваз-2107” русумидаги автомобил билан тўқнашиб кетганини айтди.

Давлат стандарти бўйича 6 йўловчига мўлжалланган “Дамас” авария пайтида 10 нафар қиз ва ҳайдовчи билан бирга ён томонга ағдарилиб кетган.

- Ўша пайтда менга “Авиаскорий” келиб қолди. Қизчаларни ким жўнатганини билмайман, уларни ҳам касалхонага тез олиб боришди. Бу томондан шикоят йўқ. Қизларни 6-7 тасини вилоят шифохонасида тезда рентгенга солишди мен билан бирга. Кейин ҳеч нарса қилмаган, деб жавоб бериб юборишган. Мен қоғозини кўрдим. Лекин батафсил кўра олганим йўқ, - деди Ўроқ Суюнов.

Унга кўра, бир қиз касалхонада 2-3 кун даволанганидан сўнг уйига жавоб беришган.

- Бугун, 9 ноябрда Медколлежга яна бордим "қизларнинг ҳол-аҳволини сўрай" деб. Ўқитувчиси йўқ экан. Қизлар ҳаммаси уйида экан. "Ҳаммасининг саломатлиги яхши", дейишди, - деди Ўроқ Суюнов.

“Эзгулик” жамиятига кўра, Сирдарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиши бевосита пахта кампанияси билан боғлиқ бўлиб, Йўл патрул хизмати ходимларига юқоридан бу борада кўрсатма берилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз баёноти орқали Республика Бош прокуратурасини мазкур иш, уни келтириб чиқарувчи омилларни чуқур ўрганиш, ЙПХ ходимларининг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиши ҳамда пахта терими кампаниясига ўқувчиларнинг мажбур қилиниши билан боғлиқ ҳолатни ўрганишга чақирган.
XS
SM
MD
LG