Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:13

Қирғизистонда хитойлик муҳожир кўпаймоқда


Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг 67,8 фоизини Хитой фуқаролари ташкил этади. Бундан ташқари, Марказий Осиёнинг унча бой бўлмаган бу мамлакатида квота асосида ишлаётган туркиялик, россиялик ва жанубий кореяликлар ҳам кам эмас.

Қирғизистон Меҳнат, миграция ва ёшлар вазирлиги статс-котиби Дўсқул Бекмурзаевга кўра, расмийлар мамлакатга келаётган муҳожирлар ҳисобини олиб боради.

- Вазирлар маҳкамаси ҳар йили тегишли қарор қабул қилиб, хорижлик мигрантлар учун квота тасдиқлайди. Мазкур қарор асосида вазирлигимиз иш ўринларини тақсимлайди. Масалан, 2010 йили 12 минг 990 ўрин ажратилганди. Бу ўринларнинг қарийб 70 фоизи хитойлик фуқароларга берилган. Қолган ўринлар Туркия, Россия Федерацияси ва Жанубий Корея фуқаролари ўртасида тақсимланган, - дейди Дўсқул Бекмурзаев.

Маълум бўлишича, хитойликларнинг кўпчилиги, шу жумладан, шинжонликлар мамлакат шимолидаги “Дўрдўй” ва жанубдаги “Қорасув” улгуржи бозорларида савдо билан шуғулланади. Бундан ташқари, ХХР фуқаролари Бишкек-Норин-Тўруғарт автойўли ва Қораболтадаги нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши каби давлатлараро лойиҳаларни амалга ошириш ишида ҳам иштирок этмоқдалар. Шунингдек, кончилик соҳасида ҳам хитойликлар кам эмас.

Айни пайтда мамлакатда ишсизлик кўлами кенгайиб бораётган бир даврда чет элликларга бир неча минг кишилик квота ажратилиши жамоатчилик орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Масалан, норинлик фаол Урмат Шерғазиев Бишкек-Тўруғарт халқаро автотрассаси қурилишида ишлаётган кишиларнинг 80 фоизи хитойликлар эканини айтади.

- Маҳаллий аҳоли орасида ҳам ишлашни истаганлар талайгина. Бироқ иш берувчилар уларни ишга олишни истамаяпти. Фуқароларимиз Россияга бориб, хор бўлиб, иш излагандан кўра, шу ернинг ўзида ишласа, яхши бўларди. Мен бу масала бўйича тегишли идораларга мурожаат қилганман. Бироқ бундан ҳеч қанақа натижа чиққани йўқ, - дейди Урмат Шерғазиев.

Бунга жавобан Қирғизистон Меҳнат, миграция ва ёшлар вазирлиги масъули Дўсқул Бекмурзаев Бишкек-Тўруғарт автойўли қурилишида маҳаллий аҳоли хизматидан фойдаланиш имконияти борлигини, бироқ кўп ҳолларда қирғизистонликлар иш шароитининг оғирлигига чидай олмаётганини айтади.

- Ёзда Иссиқкўлга дам олиш учун борган одамлар хитойликларнинг саҳарлаб туриб, иш бошлашларини кўришган бўлса керак. У ерда ишлаш осонмас. Шунинг учун бизнинг фуқаролар Россияга кетиб, пул топишни афзал кўришаяпти, - дейди Дўсқул Бекмурзаев.

Унинг фикрига Қирғизистон Транспорт ва алоқа вазирлигининг Халқаро инвестицион лойиҳалар бўлими мудири Султан Сарбағишов ҳам қўшилади. Аммо мазкур лойиҳага маҳаллий аҳоли вакиллари кам жалб қилинганининг бошқа сабаблари ҳам бор.

- Аввал-бошдан мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 70 фоиз иш ўрнига конкрет иш тури учун зарур юқори малакага эга бўлган хитойлик фуқаролар жалб қилиниши келишилган. Қолган 30 фоиз ишчи қирғизистонликлар орасидан жалб қилиниши керак эди. Хитойликлар қурилиш ишлари учун махсус техника олиб келганлар, буни ҳам бошқара билиш керак ахир. Йўлдаги муҳандислик ишлари ҳам мунтазам назорат қилиб борилиши лозим. Махсус билим ва тайёргарлик талаб қилмайдиган ишларга 70 фоиз маҳаллийлар жалб қилиниши, 30 фоизини эса хитойликлар ҳисобидан тўлдиришга қарор қилинган. Аммо бизникилар баҳорда ишга кириб, ёзга борганда “менинг бошқа ишим бор эди, бу ерда иш оғир экан”, деб кетиб қолишяпти. Шунинг учун ширкат маҳаллийларни ишга олишга унча қизиқиш кўрсатмай қўйди. Дарвоқе, ҳозир бу йўл қурилишида 60 фоизга яқин маҳаллийлар ишлаяпти, - дейди Султан Сарбағишов.

Хитой Халқ Республикасининг Қирғизистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, шу кунда Қирғизистонда 20 мингга яқин хитойлик ишлаяпти. Бироқ миграция соҳаси экспертлари чинакам рақам бундан анча кўп, деб ҳисоблайдилар. Собиқ миграция вазири Айгул Рисқулова фикрича, хитойлик муҳожирлар учун Қирғизистонга кириш қонун-қоидаларини ўзгартириш вақти етган.

- Хитойликларнинг кўпчилиги Қирғизистонда савдо-сотиқ билан шуғулланади. Халқаро меъёрларга мувофиқ, бу соҳада ишловчи хорижликлар мигрант бўлиб ҳисобланмайди. Бироқ бизда уларга мигрант қатори квота бериб келинган. Биз аввалроқ “бу соҳада маҳаллий фуқаролар ишлаши керак” деб, икки-уч марта уриниб, қарор чиқарганмиз. Аммо у қарор ўша пайтдаги ҳукумат раҳбарлари томонидан икки ойга қолмай бекор қилинган. Ҳозир ҳам кеч эмас, бугунги кунда ҳам тегишли идоралар бирлашиб, бу масалани назорат остига олишлари мумкин, - дейди Айгул Рисқулова.

Расмий маълумотларга кўра, 2012 йили Қирғизистонда 212 минг ишсиз қайдга олинган. Бошқача айтганда, мамлакатдаги ишга яроқли аҳолининг 10 фоизи шу кунда доимий иш жойига эга эмас.
XS
SM
MD
LG