Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:49

НТТ тармоғидаги яна 5 телеканал фаолияти тўхтатилди


Ўзбекистондаги НТТ - Нодавлат телекомпаниялар телетармоғидаги 5 телеканал фаолияти вақтинча тўхтатилди. Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эфирга узатилган бу каналларнинг эфирдан олиниши сабаби НТТ раҳбариятининг айни дамда прокуратура ва МХХ текшируви остида қолаётганига боғланмоқда.



Ўзбекистондаги НТТ - Нодавлат телекомпаниялар телетармоғига бириктирилган яна 5 ҳудудий телеканал эфирдан олинди.

НТТ тармоғида ишлайдиган ходимлардан бирининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, бу телеканаллар лицензияси вақтинча бекор қилинган.

"Марғилон-ТВ, Мулоқот-ТВ (Қўқон), Қарши-ТВ, Истиқлол-ТВ (Бухоро), Тўрткўл-ТВ телевидениелари лицензияси 1 ноябрдан бошлаб вақтинча тўхтатилди. Чунки бу каналларнинг ҳаммаси ННТ ташкилотининг лицензияси асосида фаолият юритиб келаётган. Ҳозир НТТнинг лицензияси вақтинча тўхтатилгани учун, буларники ҳам тўхтатилган", деди телетармоққа бириктирилган телевидениелардан бирининг ходими Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Айни дамда бу хабарни тасдиқловчи бир мактуб ҳам Озодликка йўлланди.

Нодавлат телеканаллардан бирида раҳбарлик лавозимида ишловчи мактуб эгаси "Ўзбекистонда фақат СТВ эмас, 80 фоиз телестанция эфирга чиқмаяпти", деб ёзди.

Исмини сир тутган муаллифнинг ёзишича, НТТ тармоғига киритилган телеканаллар ўз улушларининг 49 фоизига, НТТ тармоғини ташкил қилган ва унга эгалик қилган НАЭСМИ ташкилоти эса бу нодавлат телевидениелар улушларининг 51 фоизига эгалик қилади.

Шу боис, аввалига маҳаллий телеканалларда бир соатдан кўрсатув берган НТТ телетармоғи таҳририяти кейинчалик маҳаллий телеканаллар эфирининг каттагина қисмини эгаллаб олган ва реклама роликларини айлантириб, пул ишлаганини иддао қилди мактуб муаллифи.

Унинг мактубидан парчани қуйида ўзгартишсиз келтирамиз:

"Дастлаб Тошкентда жойлашган “НТТ” телестанцияси кунига 1 соатлик дастур тайёрлаб, уни кассета, кейинчалик эса компакт дискларда телестанцияларга етказиб бера бошлади. Уша пайтларда барча хусусий телестанциялар уз эфирларини узлари истаган дастурлар билан тулдиришар, факатгина 1 соат “НТТ” дастурлари куйилар эди. Вакт утган сари “НТТ”нинг соатлар ошиб, худудий телестанциялар вактлари камайиб борди. Охирги пайтларда шунгача етдики, бир кунда факат 1 соат узининг эфир вактига эга станция (агар уларни энди мустакил телестанция деб аташ жоиз булса)лар хам бор эди", деб ёзди мактуб муаллифи.

Муаллиф НТТ тармоғи муҳри билан вилоят телевидениелари орқали эфирга узатилган кўрсатувларда "фақат “Даракчи” ва “Сугдиёна” газеталари реклама килинар"ди, деган иддаони ҳам қўшимча қилди.

"Даракчи" газетаси Ўзбекистонда очилган илк нодавлат-нотижорат нашрлардан биридир ва унинг эгаси НТТ ҳамда НАЭСМИ раҳбари бўлган медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқов экани айтилади.

Бундан ташқари, аксар расмий манбаларда НТТ таҳририяти номидан эфирга узатилган кўрсатувларнинг аксарияти Гулнора Каримовага қарашли бўлган Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми қошидаги телестудиялар томонидан ишлангани ҳам таъкидланади.

Ҳатто, ушбу форумга қарашли "Келажак овози" ёшлар телестудияси маҳсулотлари НТТ тармоғидаги барча телеканаллар орқали муттасил равишда эфирга берилгани форум расмий сайтида ҳам қайд этилган.

Хусусан, СТВ телеканалининг эфирдан олиниши сабабларидан яхши хабардор бўлган ўзбекистонлик журналистлардан бирининг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда айтишича: "ФондФорум билан ҳеч қанақа шартнома бўлмагани ҳолида НТТ раҳбарияти бу жамғармага қарашли кўрсатув ва рекламаларни муттасил равишда вилоят телеканалларида эфирга берган".

Озодлик таҳририяти номи тилга олинган вилоят телеканаллари ва НТТ раҳбарияти билан боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади.

Хусусан, НАЭСМИ маъмурияти ҳам бу борадаги саволларни очиқ қолдирди.

Дарвоқе нафақат СТВ, балки НТТ тармоғига раҳбарлик қилаётган медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқов икки ҳафтадирки матбуотчилар кўзидан ғойиб бўлган.

Шу йилнинг 31 октябрида у очган СТВ, 21 октябрда эса у раҳбарлик қиладиган НАЭСМИ таркибидаги Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари тўсатдан эфирдан олинган.

Номи тилга олинган телеканаллар раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмагани ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилгани хабар қилинган.

Озодлик шундан буён бу борада расмий изоҳ олиш истагида Фирдавс Абдуҳолиқов билан боғланишга уринди ва унинг Тошкент, Самарқанддаги идораларига бот-бот мурожаат қилди.

Тошкентдаги идора бошлиғининг Самарқандда экани, Самарқанддагиси эса раҳбарининг Тошкентда эканини маълум қилиш билан чекланди.

Озодлик бу медиамагнатга тегишли бўлган "Даракчи" таҳририяти билан ҳам боғланди. Аммо, Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қаерда эканини унга қарашли газета таҳририяти ҳам ойдинлаштириб бермади.

Медиамагнатга яқин тошкентлик журналистлар уни сўнгги бор Art Week Style.uz санъат ҳафталиги очилиш маросимида кўрганини айтган.

Аслида Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан биридир.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади.

Бундан ташқари, кейинги йилларда у Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми жамғармаси тадбирларида ҳам фаол иштирок этаётган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида қолаётган эди.

Бундан ташқари, икки ҳафта муқаддам Усмон Ҳақназаров исми остида чиқадиган муаллифга нисбат берилиб, Ўзбекистонга оид интернет нашрларида босилган навбатдаги мақола ортидан Абдуҳолиқов фаолиятига нисбатан туғилган қизиқиш телеканаллар эфирдан олиниши билан янада ортган.

Ўзбекистон МХХдаги манбаларига таянишини иддао қиладиган сирли муаллифнинг навбатдаги мақоласида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўртасида низо мавжудлиги, бунинг ортидан эса ҳукумат раҳбари ғазабига гирифтор бўладиган биринчи шахс, гўёки Фирдавс Абдуҳолиқов, деган даъво илгари сурилган эди.
XS
SM
MD
LG