Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:53

Электроника бозори: куппа-кундузи қароқчилик!



Пластик картани жорий қилганнинг отасига раҳмат! Пулингизни хумда обдон сақланган гуржи мусалласидек асраб-авайлаб, тежаб-тергаб юраверасиз. Тушунмадингиз, а? Зарур буюмни пластикка ололмагач, ўзингизни шундай деб овутишдан бошқа чорангиз ҳам йўқ-да...

Тошкентда асосий электротехника бозорларидан бири “Флешка” марказида (халқ орасида “Малика”) савдо қизигандан-қизиган. Чапдаст тужжор йигитларнинг қўли қўлига тегмайди. Жажжи қулоқчиндан тортиб ҳайҳотдек телевизоргача, мўъжазгина батареядан тортиб бўйдор музлатгичгача – анвойи электроника ва маиший техника жиҳозларини шу ердан топасиз. Номдор брендларнинг асл моллари ҳам, ҳожатбарор чинликлар чиқарган чўнтакбоп хитойи маҳсулотлар ҳам шу ерда.

Гапнинг очиғини айтган яхши. Электроника бозорига пластик карточка орқали маҳсулот сотиб оламан, деб бора кўрманг. Бекорга овора бўлганингиз қолади.
Ишонмасангиз, ёнма-ён қалаштириб қурилган ўнлаб дўконларга бош суқиб чиқинг, пластик карточка ўтадиганини кундузи чироқ ёқиб тополмайсиз.

Шаҳарнинг бошқа дўконларида пластик картага хуши йўқ дўкондорлар турфа важ-корсонларни кифтини келтириб тўқиб бичишади. Бу ерда эса баҳона ҳам ўйлаб ўтиришмайди, пластик карточкага савдо қилинмаслигини очиқ-ойдин, дангалига, қўрқмасдан айтишади-қўйишади.

“Uzcard” деган кўзга чўғдек кўринадиган ёзув ёпиштирилган дўконларга умид ва илинж билан кириб, тарвузингиз қўлтиғингиздан тушиб чиқасиз. Маълум бўладики, бу ёзув “қулоқ тинч турсин”га ёпиштирилган.

Ҳа, дарвоқе, айрим дўконлардан пластик карточка орқали маҳсулот сотиб олиш мумкин. Лекин бунга кўп қувонманг. Пластик орқали савдо қилган тужжорлар кўзларини лўқ қилиб маҳсулот нархига 15 фоиз устама қўйишади.

“Чидасангиз шу! Қимматлик қилаётган бўлса, биров сизни мажбурлаётгани йўқ! Тўрт томонингиз қибла!”

“Флешка” марказидаги пул пишқиртирган дўкондорларга қонун бўйича пластик карточка орқали савдо қилиш мажбурий экани, акс ҳолда, жавобгарликка тортилишлари ҳақида гапира кўрманг.

Пластик орқали савдо қилганда, маҳсулот нархига фоиз қўшиш бориб турган жиноят эканини ҳам тушунтиришга уринманг. Акс ҳолда, Сизга худди меровга, ақлдан озган телбага ёки ҳозиргина Марс сайёрасидан тушган келгиндига қарагандек қарашади.

Қизиқ, пластик карточкани жорий қилган Марказий банк, бу борадаги қонунбузарликларни олдини олишга масъул бўлган солиқ идораси “Флешка” марказидаги куппа-кундузги қароқчиликларга нега чора кўрмаяптийкан?..

Cарсон бўлган харидор
XS
SM
MD
LG