Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:38

Андижон воқеаларида айбланиб қамалган Таваккалнинг ўлиги чиқди


Таваккал Ҳожиев.
Таваккал Ҳожиев.

Андижон воқеаларида фаол иштирок этганликда айбланиб, 17 йилга қамалган 36 яшар Таваккал Ҳожиевнинг жасади 16 ноябрь куни яқинларига топширилди. Қамоқхона маъмурлари Таваккалнинг юрак ҳуружидан ўлганини таъкидлашган. Марҳумнинг яқинлари эса унинг қийноқлар натижасида жон берганини тахмин қилишмоқда.


“Таваккалнинг ўлиги бир соат ичида кўмилди”


36 яшар Таваккал Ҳожиевнинг 15 ноябрь куни оламдан ўтгани ҳақидаги хабар унинг Андижон шаҳри Боғишамол маҳалласида яшовчи оила аъзоларига ўша куни етиб келган.

16 ноябрь куни эрталаб соат 7 да Таваккалнинг жасади оиласига олиб келиниб, МХХ вакиллари назоратида бир соат ичида дафн қилинган.

Бу ҳақда Озодликка Таваккалнинг Швецияда яшаётган акаси Дилшод Ҳожиев маълум қилди.

Таваккал Ҳожиев жасадининг фақат бош қисмини суратга олишга рухсат берилган.
Таваккал Ҳожиев жасадининг фақат бош қисмини суратга олишга рухсат берилган.
- Таваккалбекни олиб келиб, ювинтиришиб, жанозасини ўқиб, қабристонга қўйишга бир соат вақт беришган. Шанба куни эрталаб олиб келишди. Саҳар 7да олиб келиб, саҳар 8да қўйилди. Ўзлари устида турган. Миллий хавфсизлик одамларидан иккитаси ичкарида Таваккалбекни ювинтираëтган жойда бўлишган. Ҳеч кимни киргизмаган. Фақат онамни киргизган. Унда ҳам фақат юзини кўргани, хайрлашиб олгани онамни қўйишган. 70 кун олдин уйдагилар бориб кўриб келган. Онам, аëли бориб кўришиб келганда соппа-соғ, ҳамма ëғи бутун бўлган. 70 кундан кейин шу аҳволда олиб келиб ташлаб кетишди. Ўлимига ҳамма чиқаëтган маҳбусларга қўйилаëтган "юраги приступ бериб ўлиб қолди" деган ҳаммага айтилаëтган гапни айтиб кетишган,- дейди Д. Ҳожиев.


“Таваккал қийноқлар ҳақида қамоқдан хат чиқарганди”


42 яшар Дилшод Ҳожиев укасининг қийноқлар натижасида ўлганига унинг қамоқдан 70 кун аввал чиқарган хатини исбот сифатида келтиради.

- Бу хатда Таваккалбек зонада бўлаëтган ишларнинг ҳаммасини ëзган. Капитан, лейтенант, буларнинг қилаëтган ишларининг ҳаммасини, нима қилаяпти, одамларни қанақа қилиб азоблаяпти, қанақа қилиб ўлдираяпти уларни, қанақа қилиб улардан пул олаяпти – ҳаммаси тўғрисида ëзган Таваккалбек. Бу икки ой олдин, 70 кун олдин чиққан хат эди. Уни Озодликка беришга биз қўрқаëтганимиз, мана шу оқибатдан қўрқаëтган эдик. Агарда хат чиқиб кетадиган бўлса, Таваккалбекка нисбатан шу нарса бўлади деб қўрқардик биз. Шунинг учун мен бу хатни ушлаб тургандим ҳеч қаерга бермасдан, чиқармасдан. Қаттиқ тазйиқлар, мана шу 8 йилу 6 ой ичида бу болага нисбатан тазйиқлар жуда қаттиқ бўлган. Қаттиқ тазйиқлар остида у болага ҳар доим “Сенинг фақат ўлигинг чиқади. Сен ўйлама, соғ чиқмайсан бу ердан” деб айтиб келишган. У болани қийнаб охири шу қийноқлар, тазйиқлар остида ўлдиришди,- дейди Д. Ҳожиев.

Озодликка Таваккал Ҳожиев ёзган дея тақдим қилинган 4 варақдан иборат мактубдан бир парча.
Озодликка Таваккал Ҳожиев ёзган дея тақдим қилинган 4 варақдан иборат мактубдан бир парча.
Озодликка тақдим қилинган мактуб, Дилшод Ҳожиевга кўра, укаси Таваккалнинг ўз қўли билан ёзилган.

Хатда Навоийдаги 64/47- сонли қамоқхона маъмурларининг бир қанчасининг исми-шарифи келтирилган бўлиб, улар маҳкумларни қийноқ ва тазйиқлар остида ушлаши ёзилган:

“Улар этап бўлиб келган маҳкумлардан пул ундириш ёки бирор маълумот олиш учун хоҳласа ўлдиради, хоҳласа ички тартибни рўкач қилиб, ички қамоқ сизога қамаб оёғи остидан яъни товонидан резинка таёқлар билан калтаклашади. Энг қизиғи булар қилаётган жиноятларни бирор давлат амалдорлари назорат этмайди”, дейилади Озодликка Таваккал Ҳожиев ёзган дея тақдим қилинган мактубда.



“Таваккал Андижон воқеаларида фаол иштирок этган”


Ўзбекистон Олий судининг 2005 йилнинг 14 ноябрь кунги ҳукмига кўра, Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланиб, 14 йилдан 20 йилгача қамалган 15 фуқаро орасида Таваккал Ҳожиев ҳам бор.

Таваккалнинг яқинларига кўра, у ҳақиқатдан ҳам ўша пайтда Андижоннинг Бобур майдонида фаол иштирок этган.

- Андижон воқеаларида ҳақиқатдан иштирок этган. Фаол иштирок этган. Одамларни тарқалманглар деб ҳокимиятни олдида бўлган митингда ушлаб турган. Қирғизистон лагерида қочоқларга раислик қилган. Қочоқларни ўша ерда бошқариб турган,- дейди Дилшод Ҳожиев.

“Таваккал Олий суддаги спектаклга акасини қутқариш учун рози бўлган”

Дилшод Ҳожиевнинг айтишича, "Қирғизистон томонининг Ўзбекистонга топширган тўрт қочқин орасида у ва укаси Таваккал ҳам бўлган".

Таваккал Ҳожиев Олий суд мажлисида (сурат 2005 йил олинган)
Таваккал Ҳожиев Олий суд мажлисида (сурат 2005 йил олинган)
“Кейинчалик у мени қутқариш учун Олий судда томоша кўрсатишга рози бўлди”, дея эслайди Таваккалнинг акаси, ҳозирда оиласи билан Швецияда яшаётган Дилшод Ҳожиев.

- 2005 йил спектакл бошланди. 15 та киши Олий судга олиб чиққан театр бошланди. Шу пайтда Миллий хавфсизлик, терроризм, прокуратура ҳаммасининг замлари, шу пайтда прокуратуранинг зами Мусаев деган одам эди, терроризмнинг бошлиғи Бобожонов деган одамлар, булар ҳозир билмайман, Оллоҳу аълам қаерда, нима қилаяпти, шулар ҳаммаси бирга бўлиб туриб, театр қилдида, театрни ўйнайсан деганда укам шарт қўйди. “Битта шартим бор. Менинг акам, мени айтаяпти, акамни чиқариб юборасан" деган. Мен яна Ибрагимов Содиқжон дегани бор маҳалламизда, у чиқиб кетган¸ Ортиқали дегани бор, фамилиясини билмайман, Қосимов бўлса керак, ҳозир Америка қабул қилди у болани, йўғон бола бор мелисани ушлаб келаëтган, учта-тўртта одам чиқиб кетилган. Судда ўйин билан чиқариб юборилган, дейди Д. Ҳожиев.

“Таваккалнинг яна икки акаси қамоқда қийноққа тутилаяпти”


Ўзбекистон Олий суди ҳукмига кўра, Таваккал Ҳожиев Жиноят кодексининг бир қанча сиёсий моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Укаси билан бирга судланган Илҳом Ҳожиев эса 20 йилга қамалди. Яна бир акаси Икром Ҳожиев эса 19 йиллик қамоқ жазосини ўтаяпти.

Дилшод Ҳожиевга кўра, ҳозирда Олмалиқ қамоқхонасида сақланаётган укаси, 40 яшар Икром ва Қарши қамоқхонасидаги 38 яшар укаси Илҳомнинг ҳам аҳволи яхши эмас.

- Бошқа укаларимга ҳам тазйиқ тўхтаган эмас. Бир ҳафта аввал онам Икромбекни кўргани борганида, у 70 кундан буён Сизода, изоляторда ётган экан. Онам йиғлагач, уни Сизодан чиқариб, учраштирган. Уларга нисбатан ҳам ҳар доим шунақа изоляторлар, тазйиқлар кучли бўлаяпти, дейди Дилшод Ҳожиев.
XS
SM
MD
LG