Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:58

Янги очилган “Наво” телеканали эфирини фирибгарлар сота бошлади


Ўтган ойда ёпилган телеканаллар ўрнига очилган давлатга тегишли “Наво” ва “Кинотеатр” каналлари атрофида урчиган фирибгарларнинг "эфир савдоси" ҳақида Озодлик радиосининг бир-биридан мустақил икки манбаси маълум қилди.


"Наво" ва "Кинотеатр" каналлари ўтган ҳафта охиридан эфирга чиқа бошлади. Орадан бир неча кун ўтиб, Озодлик манбаларининг билдиришича, янги каналлар фаолияти атрофида фирибгарлар пул ишлашга ўтган.

Бу ҳақда тошкентлик 32 яшар мусиқа продюссери маълум қилди. Исми айтилмаслик шарти билан Озодликка гапирган продюссернинг айтишича¸ "Тошкент" канали қошида очилган “Наво” мусиқий каналида клип айлантириш учун қўшиқчилардан пул олаëтган фирибгарлар кўпаймоқда.

- Телеканал очилганига 3 кун бўлмасдан туриб, қўшиқчилар олдига турли одамлар келиб¸ "мен янги очилган телеканал вакилиман¸ клипингизни эфирга узатишга ëрдам бераман" деганлар кўпайди. Улар артистларни чув тушириб, пулларини олишмоқда. Ҳолбуки, “Наво” мусиқий канали бир ой мобайнида клипларни бепул айлантириш борасида қарор қабул қилган¸ - дейди суҳбатдош.

Тошкентлик мусиқа продюссери Озодлик билан суҳбатда фирибгарларнинг ишлаш схемасини ҳам гапириб берди:

- Бу фирибгарлар ўз норасмий каналлари орқали “Наво” мусиқий каналида бир ой давомида текин айлантириладиган клиплар рўйхатини қўлига олишган. Ҳали клип намойиш қилинмасдан туриб, улар қўшиқчининг олдига бориб, "келаси ҳафта сенинг клипингни намойиш қилдириб бераман", деб пул олишмоқда. Ҳолбуки, бу клиплар “Ўзбекнаво” тавсиясига кўра шундоқ ҳам бир ой давомида текин намойиш қилинади, - дея таъкидлади суҳбатдош.

Ўзбек шоу-бизнес олами вакиллари янги каналлар ўтган ойда фаолияти тўхтатилган телеканаллар ўрнига очилаётганини айтмоқда.

Октябрь ойида Ўзбекистонда қатор телеканаллар, жумладан, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлили экани айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари тўсатдан эфирдан олингани қўшиқчилар ва реклама берувчилар саросимасига сабаб бўлган эди.

Ўз санъатини клиплар орқали тарғиб қиладиган қўшиқчилар TV-Markaz ва Forum TV каналларининг ëпилишини касбий мусибат каби кутиб олишгани айтилади.

Озодлик радиосига гапирган мусиқа продюссерига кўра¸ айнан мана шу тоифа қўшиқчилар Гулнора Каримованики дея билинган телеканаллар ўрнига ўтган жумадан бошлаб эфирга узатила бошланган “Наво” мусиқий канали очилишидан хурсанд бўлишган:

- Реклама бизнес мотори дейишади-ку. Шу маънода клипи айланмаган қўшиқчи тўйга чақирилмасдан қолиб кетиши мумкин. Бу улар учун катта фожеа. Шунинг учун ҳам қўшиқчилар фирибгарларга ем бўлмоқда. Сув лойқаланган пайтда кўпчилик нима бўлаëтганини ҳам тушунмаяпти¸ - дейди суҳбатдош.

Эслатиб ўтамиз¸ ўтган жума оқшомидан бошлаб Ўзбекистонда миллий телерадиокомпания “Кинотеатр” ва “Наво” деб номланган икки янги телеканални синов тариқасида эфирга узатишни бошлади.

“Ёшлар” телеканали қошида шакллантирилган “Кинотеатр” телеканали мамлакатимиз ва хорижда яратилган тўлиқ метражли, қисқа метражли, бадиий ва ҳужжатли филмлар ҳамда тарбиявий ва марифий йўналишдаги спектаклларни намойиш этишга мўлжалланган. “Тошкент” телеканали қошида ташкил этилган “Наво” телеканали эса томошабинларни мумтоз, халқ мусиқа асарлари, замонавий ва эстрада, шу жумладан, хорижий мусиқалар билан таништиради”, дея хабар қилади Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси сайти.

Бундан ташқари, "Ўзбекистон” телеканали базасида "Оилавий”, "Маданият ва Маърифат” телеканали қошида "Ҳудудлар” телеканалларини ишга тушириш мўлжалланмоқда.

Октябрь ойида Ўзбекистонда қатор телеканаллар, жумладан, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари тўсатдан эфирдан олинган эди.

Тошкентда битта бино ичида жам бўлган ва 21 октябрь куни эрталаб соат 10да эфирдан тўсатдан ғойиб бўлган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS каналлари раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмаганлиги ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилган.
XS
SM
MD
LG