Самарқанд шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчилари вилоят театрида намойиш этиладиган спектакл чиптасини сотиб олишга мажбурланаяпти. Ўқувчиларнинг айтишларича, пропаганда руҳидаги бу томошанинг уларга мутлақо қизиғи йўқ.
Самарқанд шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиларига ўтган ҳафта Ҳамид Олимжон номидаги давлат драма ва мусиқа театрида намойиш этиладиган “Заҳарли томчи” спектаклига мажбурий равишда чипта сотилди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқувчиларидан бирининг айтишича, домлалар нархи 2000 сўм турадиган чипталарни болаларга мажбурлаб сотган:
- Ўтган жума куни Ғойибов домла бир даста билет олиб келди. Тўғрисини айтсам, худди гадойдан пул сўраётгандай болалардан охирги пулларини суғуриб олди. Пули йўқларга икки киши бўлиб¸ битта билет олинглар ҳам деди, дейди ўқувчи.
Унинг айтишича, бу томоша мафкуравий руҳдаги асар бўлганлиги учун ҳам болаларни қизиқтирмаган:
- “Заҳарли томчи” экан номи. Бошқа коллеждаги ўртоқларимга ҳам мажбурлаб олдиришган экан. Спектаклни кўриб пушаймон бўлиб келишди. Диний оқимларга қўшилмасликни, нашаванд бўлмасликни пропаганда қиладиган спектакл экан, деди ўқувчи.
Самарқанд шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Матназар Ғойибов ҳам спектаклга билетларни ўқувчиларга сотиш юқорининг буйруғи эканлиги айтди:
- Бу хусусда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар ва тарғиботнинг самарадорлигини ошириш бўйича хати бор. Шу асосда ўқувчилар навбатма-навбат спектаклга бориб келишяпти. Билетни пулини йиғиб олиб бориб беряпмиз, деди Матназар Ғойибов.
Самарқанддаги Ҳамид Олимжон номидаги давлат драма ва мусиқа театрининг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири ҳам бу спектакл маънавий-мафкуравий асарлардан бири эканлигини тасдиқлар экан, бу асосан коллеж ва лицейлар ўқувчилари учун мўлжалланганини айтди.