Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:54

Қирғиз депутатлари ҳизбчилар ва таблиғчилар кўпаяётганидан ташвишда


Қирғизистон парламенти депутатлари турли диний оқимлар урчиб бораётгани туфайли мамлакатда дин билан боғлиқ вазият ўта оғирлашиб бораётганидан хавотир билдирмоқдалар.

Жўғўрқу кенеш депутати Ирина Карамушкинага кўра, қўшни давлатларнинг барчаси ўз ҳудудларида “Ҳизбут-Таҳрир” ва “Таблиғи Жамоат” фаолиятини таъқиқлаб қўйган, шунинг учун ҳам улар бугунги кунда Қирғизистондалар.

- Қирғизистон турли диний ташкилот ва оқимлар учун полигонга айланиб қолди. Мамлакат ҳудудида яшаётган аҳолининг 80 фоизи мусулмон, бироқ биз шариатга мувофиқ эмас, балки Конституцияга асосланган ҳолда яшаймиз, биз дунёвий давлатмиз, - деди Ирина Карамушкина 28 ноябрь куни Қирғизистон парламентида ўтказилган мажлис чоғида.

Депутат Қанибек Ўсмўналиев эса диний масалалар бўйича Мудофаа кенгаши мажлисини ўтказишни таклиф қилди.

- Қўшниларимиз ва ҳамкорларимиз бўлган Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон қаттиқ диний сиёсат олиб бормоқда. Бу сиёсатдан қочганлар, бизга келиб, ўз сиёсатларини олиб бормоқдалар. Бизда тақиқланган диний ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорлик қилаётганлар кўп. Имомлар диний сиёсатни жиҳодчилар билан тил бириктирган ҳолда юритмоқдалар, - деди Қанибек Ўсмўналиев.

Депутат фикрича, динга оид масалалар президент раислигида ўтадиган Мудофаа кенгашида кўрилажак кескин сўзлашув мавзусига айланиб бормоқда.

Айни пайтда АКИpress ахборот агентлигининг ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, Қирғизистонда диний вазият билан боғлиқ масала аллақачон Мудофаа кенгашининг декабрь ойида бўладиган мажлиси кун тартибига киритилган.

Қирғизистонлик эксперт Эсен Усубалиев депутатларнинг хавотирини тушунишини, бироқ бу муаммо кўлами улар айтганчалик кенг эмаслигини айтади.

- Чунки уларнинг бу ерга келиши оммавий характерга эга эканлиги ҳақида ҳеч кимда ишончли маълумот йўқ. Уларнинг Ўзбекистондаги Ислом Каримов режимига қарши фаолияти ҳақида гапирадиган бўлсак, улар доим мамлакат жанубида юриб, ўз фаолиятларини олиб борганлар. Бу ҳеч ким учун янгилик ҳам, сир ҳам эмас. Оммавий келиш тўғрисидаги масала эса, албатта, бошқа масаладир. Агар гап Ҳизбут-Таҳрир ҳақида борадиган бўлса, мен уларнинг Марказий Осиёдаги барча мамлакатларга қарши қўпорувчилик ишларини олиб борадиган маркази Қримда жойлашганини биламан. Бизнинг ҳудудда ҳам улар бор, албатта, бироқ кўриниш бу оммавий характерга эга эмас, - дейди Эсен Усубалиев.

Қирғизистонлик эксперт фикрича, диний тус берилган сиёсий даъволар билан чиқаётган Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти Қирғизистон дунёвий давлатчилиги учун таҳдид бўлиб ҳисобланади. “Таблиғи Жамоат” ташкилотидан яқин келажакда катта хавф бўлмаслиги мумкинлигини тахмин қилган Эсен Усубалиев Покистон истиҳборати (ISI) лойиҳаси бўлган бу ташкилот узоқ истиқболда қандай йўл тутиши мумкинлигини олдиндан билиб бўлмаслигини қўшимча қилади.

Қирғизистонлик экспертга кўра, мамлакат расмийлари учун диний жабҳада тинчлик-осойишталикнинг сақлаб туришнинг энг мақбул йўли анъанавий ҳанафийликни қўллаб-қувватлашдир.

- Мен Қирғизистон расмийлари Ҳанафия мазҳабини, анъанавий руҳонийларни қўллаб-қувватлашлари керак, деб ўйлайман. Бироқ, шундай шарт биланки, улар ўзларини ислоҳ қилишлари лозим. Улар Ҳаж билан боғлиқ жанжалларга ўхшаган манфур ишлардан четланишлари, диний жабҳага имомларнинг янги авлодини жалб қилишлари керак. Чунки улар ривожланишни истамаган имомларнинг эски мактабини тамсил этаяптилар ва мусулмонларнинг ҳозирги замондаги талабларига жавоб беролмаяптилар, - дер экан Эсен Усубалиев жамият тинчлиги йўлида Қирғизистон муфтияти ва расмийлари ўртасидаги ҳамкорликда хайр борлигини урғулайди.
XS
SM
MD
LG