Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:55

Самарқандда поезд тагида қолган машинада беш киши ҳалок бўлди


Самарқанд вилояти Пахтачи туманида поезд енгил машинани уриб юбориши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Ўзбекистон ички ишлар вазирлигидаги манбамизга кўра, поезд тагида қолган “Москвич” автомашинасида 8 киши бўлган, улар Самарқанддаги Қорақўтан конига ноқонуний тарзда олтин қазигани кетаётган бўлган.


Озодликнинг Ўзбекистон ички ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, ҳалокат 28 ноябрь куни, эрталаб соат 10лар атрофида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидан ўтадиган темир йўл переездида рўй берган. Қурбонлар 20 ёшдан 36 ёшгача бўлган маҳаллий фуқаролардир.

“Машинада саккиз киши бўлган. Беш нафари ҳалок бўлди, қолган уч киши касалхонага ётқизилган. Улардан иккисининг аҳволи оғир. Биттаси ҳозирда терговчиларга кўрсатма бермоқда”, деди Озодлик манбаси.

Озодлик мухбири ҳалок бўлганларнинг исм-шарифларини аниқлашга муваффақ бўлди: 26 ёшли Жўраев Дилшод, унинг укаси 20 ёшли Жўраев Дилмурод ва 31 ёшли Шарапов Нурали воқеа жойида ҳалок бўлган. 21 ёшли Нуримов Элъёр билан машинани бошқарган 36 ёшли Неъматов Шерзодлар касалхонага олиб келингач вафот этган.

Манбамизнинг айтишича, “Москвич” автомашинаси давлат рақамлари бўлмаган, кимга тегишли экани ҳам номаълум. Поезд саккиз кишини олиб кетаётган машинани 300 метргача судраб борган, дея маълум қилди суҳбатдошимиз.

Унинг яна айтишича, дастлабки тергов маълумотларига кўра, давлат рақамаларисиз бўлган “Москвич” йўловчилари Пахтачи туманидаги Қорақўтан олтин конига кетаётган бўлган ва воқеа қурбонлари анчадан ноқонуний тарзда олтин қазиш ишлари билан шуғулланиб келган.

“Улар машинанинг юкхонасида электродвижок ва бошқа асбобларни солиб кетаётган бўлган”, деди Озодлик манбаси.

Озодликнинг Пахтачи туманидаги бошқа бир манбасига кўра, кейинги пайтларда маҳаллий халқ орасида “тиллочилар”, деб ном чиқарган ноқнуний тарзда олтин қазиб олиш билан шуғулланадиган гуруҳлар кўпайиб қолган. “Улар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳам кўпаймоқда. Ўтган ойда Султонобод қишлоғи марказидан ўтадиган 37-магистрал йўлида тиллочилар машинасини катта юк машина мажақлаб кетди. Оқибатда машинадаги 4 киши воқеа жойида ҳалок бўлди”, дейди Пахтачи туманилик манбамиз.

Озодлик радиоси “ўзбек клондайки”га айланган Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Қорақўтан конида ғайриқонуний гуруҳлар олтин қазиётгани ҳақида аввал хабар қилган эди. Озодлик манбаларининг иддаосига кўра, "бу гуруҳларга маҳаллий расмийлар, милиция ва прокуратура раҳбарлари ҳомийлик қилади".
XS
SM
MD
LG