Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:38

Лола Каримова Швейцария бойлари рўйхатида


Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Швейцария бойлари рўйхатида 12-ўринни эгаллади. "Билан" журнали эълон қилган бойлар рўйхатида Ўзбекистон президентининг кенжаси Қозоғистон президенти қизи Динара Қулибоевадан тўрт поғона пастдадир. Қулибоева ушбу рўйхатда 8 -ўринни эгаллади.

“Билан” журнали чоп этган ҳисоботда Каримова-Тиллаеванинг бойлиги 100-200 миллион швейцария франки атрофида экани айтилади.

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўтган йили Лос Анжелеснинг энг ҳашаматли Бел Эйр маҳалласидан рекорд нарх – 58 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олгани хабар қилинган эди.

Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат қасрнинг янги эгаси Лола Каримова-Тиллаеванинг Женевада ҳам ҳашаматли ҳовлиси бор.

2010 йилда Женева кўли соҳилида у 41 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олган. Лола Каримова-Тиллаева Швейцариянинг бойлар рўйхатига илк бор киритилмоқда.

Ҳозирда Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси раҳбари ҳисобланади.

Унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев Ўзбекистонга хориждан келтириладиган истеъмол моллари импортини назорат қилиши айтилади.

Икки ой аввал Би-Би-Си Ўзбек ҳизмати саволларига жавоб берган Лола-Каримова Тиллаева “Билан” журналини бойликлари ҳақида бўрттирилган маълумот беришда айблаган эди.

- Бизнинг бойлигимиз қандай ҳисоб-китобларга асосланиб баҳоланганини мен билмайман. Айни масалада бизнинг Женевадаги адвокатимиз "Билан" нашрига мактуб йўллаб, бу кўрсаткичлар ҳақиқатдан йироқ эканини айтган. Биз ўзимиз ҳам бизни Швейцариядаги бойларнинг қайси қаторига қўшишаётганларини кўриб ҳайрон қолганмиз”, - деб айтган Каримова.

Бундан аввал Швейцариянинг бойлари рўйхатида Лоланинг опаси Гулнора Каримова юқори поғоналарда бўлиб келган.

Бу йилги рўйхатда Гулнора Каримованинг номи келтирилмаган.

2008-2013 йиллар оралиғида Ўзбекистонинг Женевадаги БМТ ваколатхонаси раҳбари лавозимида бўлган Гулнора Каримова Швейцарияда истиқомат қилувчи бадавлат аёллар орасида 600 миллион америка долларига тенг бойлиги билан саккизинчи ўринда бўлиб келган.

Швейцарияда ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида олиб борилаётган терговлар ортидан Каримова хоним Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги ваколатини тугатди.

Айни пайтда “Билан” журнали эълон қилган бу йилги Швейцария бойлари рўйхатида Қозоғистон президентининг қизи Динара Қулибаева 8 ўринни эгаллади.

Марказий Осиёнинг энг бой аёли сифатида кўриладиган Динара Қулибаеванинг бойлиги "Билан"журналига кўра, 1 ярим миллиард швейцария франкига яқиндир.
XS
SM
MD
LG