Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:13

Тошкент мактаб ва боғчаларида ўқитувчилар тунги навбатчиликка қолмоқда


Тошкент шаҳридаги барча мактаб ва болалар боғчаларида кузги-қишки мавсумни "беталафот ўтказиш учун" махсус штаблар ташкил қилинди. Ҳар куни қоровулдан ташқари уч ёки тўрт ходим туни билан штабда қолиб, иситиш қувурларини назорат қилмоқда.



1 ноябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча таълим масканларида махсус штаблар ташкил қилинди. Штабларда ҳар куни камида уч киши туни билан навбатчилик қилаяпти.

Озодлик мухбири боғланган Тошкентдаги ўнга яқин мактабнинг ҳаммасидан ташкил қилинган "штабларда мунтазам тунги навбатчилик давом этаяпти", деган жавоб бўлди.

“Бизда қоровулдан ташқари яна 2 ёки 3 киши кечаси қолаяпти. Навбатчилар кечаси билан штабда бўлишади. Уларнинг қўлига барча экстренний телефон қилиш шарт бўлган ташкилотларнинг телефон рақамлари берилган. Навбатчилик қилаётган ходимларимиз кечаси билан синф хоналарини айланиб, отопление трубаларни назорат қилишади. Отопление отилиб кетган тақдирда улар зудлик билан керакли жойларга қўнғироқ қилиши керак”, деди Тошкентдаги мактаблардан бирининг директори.

Мактаблардан олинган маълумотларга кўра, тунни навбатчиликда ўтказган ходимлар учун эртасига дам олиш берилаяпти.

“Биз асосан методика соатлари бўлган ўқитувчиларни кечаси навбатчиликка қўяпмиз. Эртасига улар методикани уйида қилишади яъни ўз устида уйда ишлашади”, деди суҳбатлашганимиз мактаб директори.

Телефон орқали боғланганимиз пойтахтдаги ўнга яқин болалар боғчасида ҳам худди шу каби вазият - барчасида штаблар ташкил қилиниб, “боғча опалар” тунни боғчада ўтказаётгани маълум бўлди.

“Мен ўзим ҳам бир ойда икки кун навбатчилик қилдим. Кечаси қолганимизда трубаларни бирма-бир ушлаб чиқардик. Ишлаяптими, ёрилиб кетмадими деб. Штабимизда ҳамма нарса бор. Чой қайнатишга "Тефал" чойнак беришган. Чойнак-пиёла ҳам етарли деди”, Тошкент боғчаларидан бирининг ходимаси.



Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бу каби тунги навбатчиликлар илк бор ташкил қилинаяпти.

“Бу кузги-қишки мавсумни талафотларсиз ўтказиш мақсадида ташкил қилинган. Ҳар йили отопление отилиб, синф хоналарида авария ҳолатлари юзага келарди. Отопление ўчиб, қайта ёнса шу каби ҳолатлар юзага келган. Шуларнинг олдини олиш мақсадида ҳокимиятдан бизга ёзма буйруқ келган. Ушбу буйруқ асосида шаҳардаги барча мактаблар ва боғчаларда штаблар ташкил қилинди”, деди Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасининг тунги навбатчиликлар учун масъул мутахасиси.

Бир ойдан буён давом этаётган навбатчилик тадбирлари қачонгача давом этиши номаълум. Шаҳар бошқармасидаги мутахасисга кўра, баҳор келгунча тунги штаблар ишлаши тахмин қилинмоқда. “Бироқ бу борада аниқ маълумот айтилмади ҳали”, деди бошқарма мутахасиси.

Озодлик мухбирининг ўрганишича, пойтахтда шифохоналарнинг барчасида ҳам худди шу каби штаблар ташкил қилиниб, кечаси навбатчиликка қолган шифокорлар ёнига сантехниклар ҳам бириктириб берилаяпти.
XS
SM
MD
LG