Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Фаоллар Мурод Жўраев озодлиги учун петиция бошлади


Франциядаги Мараказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти 10 декабр - Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан узоқ йиллардан буён тутқунликда қолаётган ўзбекистонлик сиёсий маҳбус Мурод Жўраев озодлиги учун петиция бошлади.


“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти сизларни узоқ йиллардан буён тутқунликда қолаётган, қийноқларга солиниб, яқинларидан жудо қилинган Мурод Жўраевнинг озодлиги учун овоз беришга чақиради”, дейилади 10 декабр куни ёйинланган мурожаатномада.

61 ёшли собиқ парламент депутати Мурод Жўраев 20 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида қолмоқда. 1994 йилда у ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб ҳибсга олинган ва мол-мулки мусодара этилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Мурод Жўраев озодликка чиқишига оз қолганида унинг жазо муддати уч марта турли баҳоналар билан узайтирилди.

Ҳозирда Жўраев Чирчиқ шаҳридаги 64/6 жазони ўташ муассасасида сақланмоқда. Унинг рафиқаси Холбека Жўраеванинг айтишича, маҳбус турмуш ўртоғининг аҳволи ёмонлашганига қарамай, ғишт заводида кунига саккиз соатлаб ишлашга мажбурланмоқда.

Ўзбекистон йиллардан бери халқаро ташкилотлар ҳисоботларида "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмон бўлган" давлатлар қаторида тилга олиниб келинади.

Бу мамлакатда қийноқлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тарафидан таҳқирланиши, уларнинг адолатли маҳкамалардан мосуво қолаётгани, сўз ва эътиқод эркинлиги ва фуқаровий жамиятлар фаолияти чекланганини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг катта муаммолар сифатида қайд этилади.

Ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида камида ўн нафар ҳуқуқ фаоли ва журналист бор.

Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидан.

Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқиши керак бўлган 60 ёшли сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати икки йил аввал 4 йил 8 ойга узайтирилди.

Журналист Юсуф Рўзимуродов ҳам соғлиғи ёмонлашганига қарамай, 15 йилдан буён қамоқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG