Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

Қирғизистонда этник озчилик ҳуқуқлари долзарб муаммолигича қолмоқда


Ўш воқеасида айбланиб қамалганларнинг қийноқларга солингани тўғрисидаги маълумотлар эътиборсиз қолдирилмоқда.
Ўш воқеасида айбланиб қамалганларнинг қийноқларга солингани тўғрисидаги маълумотлар эътиборсиз қолдирилмоқда.

Қирғизистонда этник озчиликлар ҳуқуқлари масаласи долзарблигича қолмоқда, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қўлга олинганларни қийноққа солиш ҳолатлари эса одатий ҳолатга айланиб қолаётир. Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини мана шундай баҳолайдилар.

Қирғизистонда қийноқлар масаласи 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг долзарб мавзуга айланди. Ҳуқуқ фаоллари, Ўш воқеасида айбланиб қўлга олинган этник ўзбеклар ва уларнинг яқинлари тергов жараёнида қийноқ қўллаш ҳолатлари бўлганини, маҳбуслар қийноқ орқали айбларга иқрор қилдирилгани ҳақида бонг урдилар.

- Ўғлимни жуда қаттиқ калтаклашган. Айбни бўйнига олмагунича жуда қаттиқ уришган. Суд милиция батальонида ўтди. Судга бизни киритишмади. Туман судига ҳам киритишмади, вилоят судига ҳам киритишмади. Бизни ва адвокатларимизни уриб-тепиб, ҳайдаб чиқаришди. Суд фақат бир томонлама бўлди. Ўғлимнинг айбдор эканига ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Ҳаттоки ўғлимнинг бармоқ изларини ҳам топиша олмаган. Шунга қарамай, уни бир умрга қамаб юборишди, - деди Ўш воқеасида айбланиб бир умрга қамалган Азизило Тошировнинг онаси Одинахон Тоширова.

Озодлик радиоси суҳбатлашишга муваффақ бўлган бир умрга қамалган маҳбус Мирзоҳид Солиев ҳам тергов жараёнида қийноқлар қўлланилганини айтиб берган эди.

- Аввалига мени укамни “тартибсизликларда қатнашгансан”, деб олиб кетишди. Кейин мени терговга чақиришди. Терговчининг хонасига кирсам, укамни жуда қаттиқ калтаклашибди. Мени олдимда ҳам калтаклашиб, “Агар сен мана бу қотилликни бўйнингга олмасанг, укангин бу ердан ўлиги чиқади”, дейишди. Шундан сўнг мен қилмаган жиноятни бўйнимга олишга мажбур бўлдим. Ўшда ўша кунлари ҳуқуқ-тартибот тузилмалари мана шундай принципда ишлашган. Битта уйдан 2-3 та одамни олиб чиқиб кетади-да, улардан 1-2 тасини қаттиқ калтаклайди, қийноққа солади ва қўлга олинганлардан бири ўз яқинини қутқариб қолиш учун қилмаган жиноятни бўйнига олади, деди Мирзоҳид Солиев.

Amnesty International халқаро ташкилоти эълон қилган йиллик ҳисоботда ҳам Қирғизистон ҳукумати Ўш қирғинини адолатли ва натижали тергов қила олмагани танқид қилинган эди.

Ташкилотнинг билдиришича, Ўш қирғинида айбланиб, қўлга олинганларни тергов қилиш жараёнида қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги аризалар оқими ҳалигача тўхтагани йўқ.Бироқ бу аризалар ҳукумат тузилмалари томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.

- Мана уч йилдан бери ариза ёзмаган жойимиз қолмади, лекин уч йилдан бери ёзган аризаларимизнинг бирортасига ҳам жавоб олганимиз йўқ, - деди Одинахон Тоширова.

Қирғизистон ҳукумати этник ўзбекларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳолатлари содир этилгани юзасидан билдирилаётган иддаоларни тан олган эмас. Шу кунгача Ўш қирғинида айбланиб қамалган этник ўзбекларнинг қийноқларга солингани юзасидан жиноят ишлари очилиб, бирорта ҳуқуқ-тартибот ходими жавобгарликка тортилмаган.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарлари милиция ходимлари томонидан қўлга олинганларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар бўлганини, бироқ бундай кўринишлар бармоқ билан санарли эканини айтадилар.

-Ростини айтганда, куч тузилмаларида ишловчи айрим шахслар Қирғизистон қонунларини яхши билмагани туфайли инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари учраб туради. Кейинги пайтда бу муаммони бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кучатилган, -деди Қирғизистон ички ишлар вазирлиги расмийси, милиция полковниги Турсунбек Чалов.

Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмаилова 2010 йил воқеаларидан сўнг этник озчиликлар ҳуқуқлари бузилиши юзасидан жуда кўп ҳолатлар қайдга олинганини таъкидлар экан, кейинги уч йил ичида бу йўналишда ижобий ўзгаришлар бўлганини айтди. Бироқ ҳуқуқ фаолига кўра, муаммо буткул бартараф этилган эмас. Тўлайкан Исмаилованинг айтишича, этник озчиликлар ҳуқуқлари паймол этилишига барҳам берилиши учун Қирғизистон кадр сиёсатини ўзгартириши керак.

-Халқаро экспертлар 2010 йилдан кейин юзага келган вазиятни жуда яхши биладилар. Қирғиндан кейин очилган элликка яқин жиноят ишлари билан мен танишман. Уларнинг барчаси этник озчилик вакилларига нисбатан очилган эди. Қирғизистондаги кадр тизимида бир томонлама сиёсат олиб борилаяпти. Масалан, милиция, суд ва бошқарув органларида бошқа миллатдан бўлган одамлар сони кескин озайиб кетган. Бундай сиёсат оқибатида барча тизимларда тарафкашлик каби кўриниш илдиз отмоқда, -деди Тўлайкан Исмаилова.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари вазияти Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан яхшироқ эканини ҳам айтадилар.
XS
SM
MD
LG