Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:58

Суриядаги ўзбек мужоҳиди: Орамизда, негадир, илмлилар йўқ


Сурияда жанг қилаётган қозоғистонликлар
Сурияда жанг қилаётган қозоғистонликлар
Сўнгги 6 – 8 ойдан бери “халифалик қуриш учун” курашиб келаётган йигитнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у шу кунда Сурияда юрган 500 нафар атрофидаги ўзбек(истонлик)нинг биридир.

Фарғона вилоятига қўшни Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳрида туғилиб-ўсган бу мужоҳид билан суҳбатдан унинг ва у билан бирга “жиҳод” қилаётган ўзбек йигитларининг ижтимоий-руҳий портретини тасаввур қилиш мумкин.


Суҳбатдошимиз ўзини мана бундай таништирди:

- Аҳмаджон Хошимовман. Ўшнинг Қизилқиясиданман.
- Ўз исмингизни айтаяпсизми ё тахаллусми?
- Ўз исмим.
- Ёшингиз нечада?
- 47 да.
- Уйланганмисиз?
- Ҳа, иккита хотиним бор.
- Улар қаерда ҳозир?
- Бири Қизилқияда, иккинчиси Россияда.




Иккала хотинидан 5 нафар фарзанди бор Аҳмаджон Хошимов шу кунда

- Сурияда.
- Нима қилаяпсиз у ерда?
- Бу ерда биз, иншааллоҳ, жиҳод қилаяпмиз, амалиётларга чиқаяпмиз.


Сурияда жанг қилаётган Аҳмаджон Хошимовнинг мақсад-орзуси -шаҳид бўлиш.

- Энди, Аллоҳ насиб қилса, Жаннатга кириб оладиган чегараларда турибмиз, деб ўйлайман.

Аҳмаджон Хошимов оддий ишчи оиласида туғилган.

- Отам шахтёр эди. Онам ишлаган эмас. 9 ака-ука бўлганмиз.

Аҳмаджоннинг айтишича, унга болалигида бувиси катта таъсир ўтказган.

- 7-8 яшарлик чоғимда энам раҳматлик шу кунда бўладиган воқеаларни тушунтирарди. “Шундай вақтлар келадики, Ислом оёққа туради, ўшанда сен четда қолма”, деб уқтирарди.

Бувисининг ўгитларига амал қила бошлаганини таъкидлаб ўтган Аҳмаджоннинг мужоҳидга айланишига сўнгги йилларда олгани дарслар сабаб бўлди.

- Сурия тўғрисида дарс олиб турардик.
- Қаерда?
- Россияда, Қирғизистонда.
- Нима учун ўша дарсларда бирданига Сурия масаласи кўтарилди?
- Йўқ, дасрларимиз бошланганида Ироқда, Афғонистонда жиҳод бўлар эди. Лекин у ерларга бориш иложсиз эди.


Аҳмаджон Хошимов бундан 20 йил муқаддам Россияда анча бадавлат бўлиб олган тадбиркорлардан эди.

- Касбим новвойлик. 90 йиллар бошида Сургутда новвойхоналар очганман. Қўлимда 25 киши ишлаган. 93 йили пулим 100 минг долларга етган.

Аҳмаджоннинг айтишича, укаси автоҳалокатга учраб нобуд бўлганидан сўнг унинг бу дунё қувончларидан кўнгли совуган.

Аҳмаджон ўзини илмсиз ҳисоблайди. Ўзининг айтишича, “Алҳамду”ни ҳам тўлиқ ўқий олмайди”.

Фикрини давом эттирар экан, у мана бундай деди:

- Илми мукаммаллар кўп. Лекин Аллоҳ уларга жиҳод майдонини раво кўрмаганига хайрон қоламан.

Мужоҳиднинг айтишича, яқинда улар сафига келиб қўшилган ва уларга амирлик қилаётган бир илмли кишидан ташқари унинг атрофидаги ўзбек жиҳодчиларнинг барчаси ҳам чаласаводдир.

- Яқинда келди бу илмли одам. У келгунича биз калласи олинган қўйдай Суриянинг ичида роса ганггираб юрдик, деди Сурияда “жиҳод қилаётган” қизилқиялик Аҳмаджон Хошимов.

Мужоҳиднинг сўнгги гапи янграганидан сўнг телефон алоқаси узилиб қолди ва сўнг қайта боғланишнинг имкони бўлмади, ундан ўзбек мужоҳидларининг Суриядаги туриш-турмуши тўғрисида сўрай олмадик.

Сурияда Марказий Осиëдан борган жангариларнинг гуруҳлари мавжудлиги тўғрисида, бу мамлакатда ўзбек жангариларнинг камида 50 кишилик гуруҳи “Жабҳат Ан-Нусра” гуруҳи сафида Ассад режимига қарши курашаётгани тўғрисида, бу гуруҳида жанг қилган наманганлик бир йигитнинг Сурияда оëғидан яраланиб Туркиядаги касалхонада даволанаëтгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Жорий йил октябрида эса, Интернетдаги YouTube порталига қўйилган “Суриядаги жиҳодга йўлланган 150 қозоқ” лавҳаси марказий осиёлик интернет муштарийларининг қайноқ мунозарасига сабаб бўлган эди.

Озодликнинг "Суриядаги уруш фитна майдонидир, жиҳод эмас!" деган сарлавҳа остида тайёрланган эшиттиришида ўзбекистонлик диндорлар ва зиёлилар ўзбек мусулмонларини Шом диёрида бораётган жангларда қатнашишдан қайтишга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG