Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:32

Ўзбекистонда “Даракчи” ва “Суғдиëна” газеталари ëпилди


Чоршанба, 11 декабрь куни Ўзбекистондаги кўнгилочар "Даракчи" ва “Суғдиëна” газеталари фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда “Даракчи матбуот уйи” ширкатидаги Озодлик манбаси мана бундай деди:

- “Даракчи” газетасининг 51- ва 52- сонлари бугун чоп қилиниши керак эди, аммо чоп қилинмади. “Суғдиëна” газетаси ҳам чоп қилинмади. Хозир бизнинг фаолиятимиз вақтинча тўхтатиб қўйилган”, деди “Даракчи матбуот уйи”даги Озодлик манбаси.

Манбага кўра¸ Ўзбекистондаги босмахоналарга “Даракчи” ва“Суғдиëна”газеталарини чоп қилмаслик ҳақида махсус кўрсатма берилган.

Манбанинг айтишича¸ “Даракчи матбуот уйи”га оид нашрларнинг тўхтатиб қўйилиши оқибатида 500 киши ишсиз қолади.


Озодлик мухбири билан гаплашган аммо овози эфирга узатилишини истамаган “Даракчи” газетасидаги журналист аëлга кўра¸ газета ходимлари ўз ҳисобидан таътилга чиқарилган.

Газета билан ҳамкорлик қиладиган журналистнинг Озодликка айтишича, “Даракчи матбуот уйи”га ноширлик фаолияти учун берилган лицензия сешанба куни номаълум муддатга тўхтатиб қўйилган.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидаги Озодлик манбаси ҳам “Даракчи” ва “Суғдиëна” газеталарига берилган лицензия “Даракчи матбуот уйи” устидан очилган жиноят иши доирасида вақтинча тўхтатиб қўйилганини тасдиқлади.

Озодликнинг Самарқанддаги манбаларига кўра¸ “Даракчи” чоп қилинадиган Самарқанддаги босмахонада 15 ноябрдан бери прокуратура ва солиқ идораларининг махсус тафтиш гуруҳи жиддий текшириш олиб бормоқда.

Ярим миллиондан ортиқ нусхадаги кўнгилочар нашрларни чоп қилувчи “Даракчи матбуот уйи”га оид Самарқанд, Гулистон, Марғилон ва Тошкент шаҳарларидаги босмахоналари ҳам жиддий текширув остида қолаëтгани ҳақида Озодликда маълумотлар бор.

Газетанинг чоршанба куни чиқиши кутилган сонига реклама берган ва ўзини Азиза деб атаган тадбиркор пулини қайтариб олиш учун “Даракчи матбуот уйи” реклама бўлимига мурожаат қилганида рад жавоби олганини айтади:

- Газета ëпилди¸ пулингизни қайтариб бера олмаймиз. “Даракчи матбуот уйи”да кенг кўламли текширув кетмоқда. Раҳбарлардан идорага оид барча муҳрлар олиб қўйилган деб айтди. “Даракчи” ва “Суғдиëна”да реклама бериш учун катта миқдорда пул ўтказиб қўйган эдим. Бу икки нашр учун умумий бўлган банк ҳисоби прокуратура талаби билан музлатиб қўйилганини билдим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ва ўзини Азиза, деб атаган тошкентлик тадбиркор.

Uzbekistan - notice of the occurrence of force majeure circumstances
Uzbekistan - notice of the occurrence of force majeure circumstances
“Даракчи” газетасининг интернетдаги саҳифаси бўлган darakchi.uz сайти 10 декабрдан бошлаб ишламай тургани кузатилди. Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов 10 декабр куни “Даракчи” газетаси редакциясига бориб, таҳририятда қаттиқ текшириш кетаëтган бўлса ҳам баъзи журналистлар ишлаëтганини кўрган эди.

Ходимлар газета ëпилишидан бир кун олдин ҳам ўз газеталари ëпилиш-ëпилмаслиги ҳақида Ташановга аниқ бир гап айта олишмаган эди.

“Даракчи” газетаси таниқли тадбиркор Фирдавс Абдуҳолиқов тарафидан 1992 йилда ташкил қилинган бўлиб¸ қисқа муддатда республика ëшлари орасида оммалашиб кетган эди.

Вести.uz газетасининг 11 декабр сонида ëзилишича¸ 10 декабрдан бошлаб фаолияти тўхтатилган “Даракчи” газетасининг асосчиси Фирдавс Абдуҳолиқов тергов қилинмоқда.

Интернетдаги Uznews.net нашри ўз манбаларига таяниб Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қамоқда эканини ëзди. Fergana.ru нашри эса Фирдавс Абдуҳолиқов ўз қариндошлари билан биргаликда бундан бир неча ҳафта олдин Ўзбекистонни тарк қилгани борасидаги таҳминни илгари сурди.

Фирдавс Абдуҳолиқовга оид Самарқанддаги СТВ телеканали бундан бир ой олдин ëпиб қўйилган эди. СТВ телерадиокомпанияси Гулнора Каримовага мансублиги айтиладиган бир қатор телеканаллар эфирдан олиниши ортидан 31 октябрда ёпиб қўйилган эди.

Озодликка маълум бўлишича, “Даракчи матбуот уйи” даги тафтишлар СТВ телерадиокомпанияси доирасида ўтказилган текширувларнинг бевосита давоми бўлиб ҳисобланади.

Мамлакат медиа бозорида ўзига хос нуфуз ва ўринга эга бўлган “Даракчи” ижодий уйи” МЧЖ бошидаги “қора булут”лар Гулнора Каримова ҳамда унинг издошлари, хусусан, медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовга нисбатан олиб борилаётган сиёсат маҳсули сифатида кўрилади

Uzbekistan - Darakchi newspaper
Uzbekistan - Darakchi newspaper
Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан бири бўлган.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келган.

Бундан ташқари, кейинги йилларда у Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги FondForum ташкилоти тадбирларида ҳам фаол иштирок этаётган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида қолаётган эди.

Фирдавс Абдуҳолиқов Самарқанд прокуратурасига терговга чақирилгани айтилган кундан бошлаб матбуот билан алоқа қилмагани кузатилди. Унинг айни пайтда қаерда экани ҳам жамоатчилик учун номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG