Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:46

Қўнғирот сода заводи ёш мутахассисларни ипсиз боғлаб қўйди


Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот сода заводида ишлайдиган ёш мутахассислар иш ҳақининг жуда озлиги боис ишдан кетмоқчи бўлаётгани, бироқ корхона раҳбарияти уларнинг беш йил ишлаб бериш шарт эканлигини рўкач қилиб мутахассисларни вагон юклашга ҳам жалб қилаётганидан шикоят қилди. Завод маъмурияти ёш мутахассисларга нисбатан ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаётганини иддао қилмоқда.



Озодликнинг электрон почтасига Тошкент Кимё технологиялари институтининг Қўнғиротдаги сиртқи бўлим филиали битирувчиларидан қуйидаги мазмунда мактуб келиб тушди:

“Мен ўша институтни битирдим. Институтга кириш учун 3 йиллик меҳнат стажи керак. Энди тугатганимдан сўнг ҳам 5 йил ишлаб беришимиз керак экан. Мен жон деб ишлайверардиму, лекин бошқа касб танлашимга мажбур бщляпман. Ойлигим жуда оз, ўзимдан ортмайди. Перевод олиб ўзимни қишлоғимга кетмоқчи эдим, рухсат бермаяпти. Кўпчилик дипломидан ҳам воз кечиб ташлаб кетди. Бизга ўхшаганлар ипсиз боғланиб қолганмиз”, деб ёзилади ёш мутахассислар имзо қўйган мактубда.

Озодлик хавфсизлик нуқтаи назаридан мактуб муаллифларининг исмини ошкор қилмади ва улардан бири билан Скайп орқали боғланди. Ёш мутахассиснинг айтишича, уларга берилаётган маош бир кишининг ўзига етмайди:

- Бир ойда, тасаввур қилинг, 300-350 минг сўм ойлик ёзади. Шунинг ярмини пластикка ўтказади. Бу ойлик менинг йўлкирам ва тушлигимдан ортмайди. Уйланганман, икки нафар фарзандим бор. Оиламни ота-онам пенсияси боқиб турибди. Кетамиз десам, ана катта кўча, кетавер, фақат диплом ололмайсан, дейишади. Ойликни кўтаришни эса хаёлларига ҳам келтирмайди,- дейди ёш мутахассис.

Бошқа бир ёш мутахассиснинг Озодликка айтишича, завод раҳбарияти улардан юк ташувчи сифатида ҳам фойдаланмоқда:

- Сода 35 килолик халтада бўлади. 60 тонналик вагонга ўшани юклаш керак. Ўзи грузчиклар бор, лекин улар успет қилолмайди (улгурмайди-таҳр.) деб, бизларга ҳам юк орттиради. Каралар вагонгача олиб келади, кейин қопларни елкада вагоннинг ичига ташиймиз,- деди ёш мутахассислардан бири.

Унинг айтишича, иш қанчалик соғлиқ учун зарарли ва оғир бўлса ҳам, заводдаги ўнлаб ёш мутахассислар дипломсиз қолишдан хавфсираб, мажбур ишламоқда.

Бироқ, Қўнғирот сода заводининг кадрлар бўлими мутахассиси Қувониш Ўтапберганов Озодлик билан суҳбатда ёш мутахассисларнинг бу иддаоларини рад этди:

- Булар шартнома бўйича заводда беш йил ишлаб беришлари керак. Улар ўзи шу касбни танлаб, ўқиб, ишлаб келяпти. Уларни ҳеч ким мажбурлагани йўқ, Ўзлари ҳамма шароитни билиб туриб шартномага имзо чеккан ва ўша муддатни ишлашлари шарт,- дейди кадрлар бўлими мутахассиси.

Мулозим иш ҳақларининг озлиги ҳақидаги иддаоларни тасдиқлар экан, бунинг вақтинча эканлигини таъкидлади:

- Бизнинг заводни Хитой компанияси кредитга қуриб берган. Аввал қарзимизни узишимиз керак, кейин ҳозир заводни кенгайтиряпмиз, яъни ишлаб чиқариш қувватини оширяпмиз. Қарзлардан қутулганимиздан кейин яхши бўлиб кетади, деб умид қиламиз, деди Қувониш Ўтапберганов.

Ўзбекистонда иш ҳақлари озлиги боис жуда кўп корхоналардаги мутахассислар хорижга чиқиб кетаётгани айтилади.

Мустақиллик йиллари бошида ташкил қилинган "Умид" жамғармаси йўлланмаси билан хорижда ўқиб келган ёшларнинг аксарияти ҳам чет мамлакатларга чиқиб кетган.
XS
SM
MD
LG