Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:58

Солиқ қўмитаси Ўзбекистонга машина олиб кириш қоидаларини тушунтирди


Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобилни Россия Федерацияси ва Украинадаги ихтисослашган савдо тармоғидан сотиб олган фуқаро ўша автомобилни Ўзбекистон ҳудудига олиб кираётганида харид учун олинадиган йиғимни ва (ёки) вақтинча олиб кириш учун олинадиган йиғимни тўлашдан озод қилинади.

Бу меъёр Солиқ кодексининг 324-моддасида белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонга автомобиль олиб кириш қоидаларига оид бу ва бошқа маълумотлар яқинда Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.

Ўзбекистонга машина олиб кириш қанчага тушади? Бу – Озодликка тингловчиларидан тез-тез келиб турадиган саволлардан бири.


OzodJavob эшиттиришининг бир сони ўз вақтида айнан шу савол жавобига бағишланган эди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси Республика Йўл жамғармаси билан ҳамкорликда айнан шу масалага юзасидан матбуот анжумани ўтказгани тўғрисида Podrobno.uz. сайти хабар қилди.

Матбуот анжуманидан тилга олинган нашр тайёрлаган хабарда мана бу маълумотлар мавжуд:

Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан бу мамлакат ҳудудига жисмоний ва юридик шахслар транспорт воситалари олиб кириши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойи бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар шахсий эҳтиёжларини қондириш учун чет эл транспорт воситаларини Ўзбекистонга вақтинча олиб кириши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган транспорт воситалари божхона идораларида божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши керак.

Солиқ кодексининг 320-моддасига биноан харид қилинган ва (ёки) республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган автотранспорт воситаси учун Республика Йўл жамғармасига йиғим тўланади.

Бундан ташқари харид қилинган ва (ёки) республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган автотранспорт воситаси учун унинг эгаси ёки ундан фойдаланувчи шахс автотранспорт воситасини Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтказаётган пайтда транспорт воситасининг эксплуатация муддатидан келиб чиқиб ҳар бир от кучи учун минимал иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида йиғим тўлайди.

Агар автомобиль 3 йилгача бўлган муддат эксплуатация қилинган бўлса, унинг эгаси минимал иш ҳақининг 10% и, 3 йилдан 7 йилгача бўлса, 7%, 7 йилдан кўп эксплуатация қилинган бўлса 5% миқдорида йиғим тўлайди.

Солиқ кодексининг 324-моддасида белгилаб қўйилган меъёрга биноан қуйидаги категорияларга кирувчилар транспорт воситасини Ўзбекистон ҳудудига олиб кираётганида харид учун олинадиган йиғимни ва (ёки) вақтинча олиб кириш учун олинадиган йиғимни тўлашдан озод қилинади:

- завод томонидан қўлда бошқаришга мўлжаллаб чиқарилган енгил автомобиль ёки мотоарава сотиб олувчи барча гуруҳлар ногиронлари;

- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобилни Россия Федерацияси ва Украинадаги ихтисослашган савдо тармоғидан сотиб олган фуқаролар;

- яқин қариндошларидан совға шартномасига асосан ёки мерос сифатида автомобиль ёки мотоарава оладиган фуқаролар.

Бу маълумотларни Озодликнинг айнан шу мавзуга бағишланган махсус эшиттиришида келтирилган маълумотларга қиёслашингиз мумкин.

Қиёсдан пайдо бўладиган саволларинингизни ёзиб юборинг. Уларнинг жавобини яна OzodJavob орқали олишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG