Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:43

Баҳодир Матлюбов Ички ишлар вазири лавозимидан бўшатилди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 13 декабрь кунги фармони билан Баҳодир Матлюбовни Ички ишлар вазири лавозимидан бўшатди. Президентнинг бошқа фармонига мувофиқ Адҳамжон Аҳмадбоев Ички ишлар вазири этиб тайинланган.


Ўзбекистон Республикасининг янги Ички ишлар вазири этиб тайинланган Адҳамжон Аҳмадбоев шу кунга қадар Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.

Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, унинг ўрнини Тошкет шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Мирсамат Одилов эгаллаган.

Баҳодир Матлюбовнинг лавозимидан бўшатилиши сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Мустақил кузатувчилар Матлюбовнинг лавозимидан бўшатилиши сабаблари тўғрисида ҳар хил фикр билдирмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Баҳодир Матлюбовнинг ишдан олинишига сиёсий ва Ички ишлар вазирлигида хатоликларга йўл қўйилгани сабаб бўлган.

- Биринчидан, бу президентнинг сайловолди нарсалари билан боғлиқ деб ўйлайман. Иккинчидан, Матлюбов саккиз йил давомида Ички ишлар вазирлигида ислоҳатлар ўтказмади. Қайтанги Ички ишлар вазирлигида кўп хатоликларга йўл қўйилди, - деди Суръат Икромов.

Баҳодир Матлюбов 2005 йилда Андижонда рўй берган қонли воқеалардан бир йил ўтиб, яъни 2006 йилда истеъфога чиққан Зокир Алматовнинг ўрнига Ички ишлар вазири этиб тайинланган эди.

Uzmetronom.com нашрига кўра, 61 ёшга кирган Баҳодир Матлюбов саломатлиги сабабли бир неча марта истеъфога чиқишни сўраб мамлакат раҳбарига ариза ёзган. Бироқ президент унинг аризаларини қабул қилмаган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистоннинг ҳамма ерида ўз ходимларига эга бўлган, сон ва куч ишлатиш салоҳиятига бўйича мамлакатда энг қудратли ташкилот бўлган Ички ишлар вазирлиги раҳбари Баҳодир Матлюбовнинг лавозимидан бўшатилиши ортида асосан иккита сабаб бор деган фикр билдирди.

- Менинг назаримда Матлюбовнинг лавозимидан кетиши унинг ёши ва соғлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, Матлюбов соғлиги туфайли бир неча марта ариза ёзиб, президент Ислом Каримовга мурожаат қилган ва ишдан бўшатишни сўраган.

"Мана бугунга келиб ишдан бўшатилаётган экан асосий сабаб унинг соғлиги ва ўша жойда ишлашга бўлган хоҳиш-иродасининг жуда ҳам пастлиги бўлиши керак", деди Камолиддин Раббимов.

Мустақил сиёсатшунос Ўзбекистон Ички ишлар вазири лавозимига янги одамнинг тайинланиши 2014 йилда ўтказиладиган парламент ва 2015 йилга режаланган президентлик сайлови билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини эҳтимолган соқит қилмади:

- Иккинчи сабаб, Ўзбекистонда катта сиёсий тадбирлар ўтказилиши кутилмоқда. Бу парламент ва президентлик сайловлари. Демак, мақсад мана шу катта сиёсий тадбирлардан, сайловлардан олдин Ички ишлар вазири лавозимига янги шахснинг қўйилиши ва у ўзининг амалида мустаҳкам ўрнашиб олиши, вазиятга кириб боришига имконият яратишдир.

Катта сиёсий тадбирлар жараёнида Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорликни таъминлаш, менимча, президент Каримов томонидан янги вазирга қўйилаётган асосий талаблар бўлиши керак,- дейди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG