Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

Ўзбек қочқинлари ўз тақдиридан хавотирда


Бишкекда бедарак йўқолган ўзбек қочқини Шуҳрат Мусин Андижон суди томонидан 8 йилга кесилгани айтилмоқда.
Бишкекда бедарак йўқолган ўзбек қочқини Шуҳрат Мусин Андижон суди томонидан 8 йилга кесилгани айтилмоқда.

Ўзбекистондан Бишкекка бошпана излаб келган қочиқинларга БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Бишкек ваколатхонаси томонидан ҳеч қандай эътибор бўлмаяпти. “Бунинг ортидан айрим қочқинларЎзбекистон махсус хизматлари томонидан Қирғизистон ҳудудидан ўғирланаяпти, айримлари эса ўз хавфсизлигини таъминлаш учун бошқа давлатларга кўчиб кетишга мажбур бўлмоқда”, дейди қочқинлардан бири.

Озодлик радиоси мухбирига ўзини Каримжон деб танитган ўзбекистонлик қочқин беш йилдан бери учинчи давлатга кўчирилишини кутиб юрганини айтди.

Каримжонга кўра, унга БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарликнинг Бишкек ваколатхонаси томонидан бошпана изловчи шахс мақоми берилган. Бироқ уни учинчи давлатга кўчириш масаласи ҳар йили ортга сурилиб келмоқда. Каримжоннинг айтишича, учинчи давлатга кўчирилишини йиллар давомида кутиб юрган ўзбекистонлик қочқинлар Бишкекда анчагина.

-УВКБ ООНдан ҳеч қандай наф йўқ, ёрдам ҳам йўқ. Учинчи давлатга кўчирилишини уч йиллаб, тўрт йиллаб, беш йиллаб кутиб юрганлар бор. Улар хавотирда яшайдилар. Улар ўзидан эмас, оиласидан, уларнинг хавфсизлигидан хавотирланиб яшамоқдалар. Келажак ҳақида ҳеч ким ўйламай қўйди, ҳамма бугунги куни билан яшаяпти, -деди Каримжон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзбекистонлик қочқинларниг Бишкекда хавотирда яшаши учун асос бор. Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан бир неча ўзбек қочқини ўғирлангани ҳолати аниқланган.

Ўзбекистонлик қочқиннинг ўғирланиши билан боғлиқ энг сўнгги воқеа жорий йилнинг февралида бўлган эди. Франциядаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева ўзбекистонлик қочқин Шуҳрат Мусин Бишкекдан ўғирлаб кетилгани ва айни пайтда Андижон шаҳар қамоқхонасида сақланаётгани ҳақида ишончли маълумотлар бор эканини айтган эди.

-Биз “Жараён” веб сайти мухбирлари билан Шуҳрат Мусинни икки ой мобайнида қидирдик. Аммо изланишларимиз ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Бугунги кунда Шуҳрат Мусинга яқин қариндош бўлган манбадан олган хабаримизга кўра, у ҳозир Андижондаги тергов изоляторида сақланмоқда. Биз буни тўла ишонч билан айта оламиз, яъни бу маълумотни ўта ишончли манбадан олганмиз, -деган эди Мўътабар Тожибоева апрел ойидаги эшиттиришларимиздан бирида.

Инсон ҳуқуқлари вазиятни ёритувчи “Жараён” нашрининг 15 декабрда маълум қилишича, Шуҳрат Мусин Андижон суди томонидан 8 йилга кесилган.

29 ёшли Шуҳрат Мусинга БМТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси томонидан 2009 йилда бошпана изловчи шахс мақоми берилган эди. Ўзбекистон томони Шуҳрат Мусинни Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси сифатида айблаб, халқаро қидирувга берган. У 2013 йилнинг февралида Бишкекда бедарак кетган эди.

Каримжоннинг айтишича, мана шу воқеадан сўнг Бишкекда яшаётган ўзбек қочқинлари ўз хавфсизлиги таҳдид остида эканини ҳис қилиб, Туркияга кўчиб кета бошлаганлар. Каримжон бир неча ой олдин БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ўзбекистонлик қочқинларнинг бу каби муаммоларига эътибор қаратишини талаб қилиб, Бишкекдаги БМТ уйи олдида норозилик намойиши ҳам ўтказиган эди. Бироқ шундан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлик ходимлари ўзбек қочқинлари муаммоларига, уларнинг ўғирланиб кетишига бефарқ қарамоқда, дейди Каримжон.

-Мен ҳақ-ҳуқуқларим учун охиригача курашаман. Туркияга бориб, қандай бўлмасин Европа Иттифоқига ўтаман.Женевагача бориб ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қиламиз, -деди Каримжон.

Мазкур масала юзасидан БМТнинг Бишкекдаги ваколатхонасидан бирор изоҳ олишнинг имконияти бўлмади. БМТ ваколатхонаси ходимлари ўзбекистонлик қочқинлар юзасидан бирор бир маълумот хавфсизлик нуқтаи назаридан берилмаслигини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG